Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллигига
Бугунги кунда Конституциямиз ва қонунларимиз талабига кўра, сўз, ахборот, эътиқод, фикр ва ғоялар эркинлиги ҳамма фуқароларга тегишли ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир».
Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги, фикр эркинлиги аслида ҳам фуқаролик жамиятининг мазмун-моҳиятини бор бўй-басти билан очиб берувчи адолат, ошкоралик, демократия тушунчаларига тўла ҳамоҳанг. Истиқлол йилларида бу тушунча ва қадриятлар жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллаши йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Биринчи мақола: Фикр юритиш ва сўз эркинлиги – конституциявий ҳуқуқ
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустақиллик шарофати туфайли сўз, матбуот ва фикр эркинлигини таъминлашга қаратилган муҳим қоидалар мустакамлаб қўйилди. Ушбу конституциявий қоидаларни икки гуруҳга таснифлаш мумкин.
Биринчи гуруҳ – фикр юритиш ва сўз эркинлигини инсон ва фуқаронинг дахлсиз ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли бўлмаган шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари сифатида қарор топтирувчи конституциявий қоидалар.
Конституциянинг 29-моддасида қайд этилганидек, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.
Конституциянинг 2, 12, 14, 15, 16, 17, 18, 19, 20, 22, 23, 24, 25, 26, 27, 30 ва 31-моддалари ҳам, гарчи уларнинг матнида “сўз эркинлиги”, “матбуот эркинлиги”, “фикр эркинлиги” каби тушунчалар ишлатилмаган бўлса-да, инсон ва фуқаронинг ана шу ҳуқуқ ҳамда эркинликлари таъминланиши ва ҳимоя этилишига хизмат қилади.
Бу конституциявий моддалар кейинчалик қабул қилинган кўплаб қонунлар ва кодексларда янада кенгайтирилди ва конкретлаштирилди.
Иккинчи гуруҳ – инсоннинг фикрлаш, сўз ва матбуот эркинлигини тўғридан-тўғри таъминлашга қаратилган фуқаролик жамияти алоҳида институти – оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилган конституциявий қоидалардир.
Конституциянинг 67-моддаси бунга мисол бўла олади. Унда қайд этилганидек: “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”. Бундай қоида илгари Ўзбекистоннинг бирорта конституциясида, ҳаттоки собиқ иттифоқ конституциясида ҳам бўлмаган.
Ушбу модда негизида Ўзбекистон тарихида биринчи марта оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги принципи конституциявий қоида тариқасида мустаҳкамлаб қўйилди. Энг муҳими, цензура бекор қилинди. Цензуранинг тақиқланиши билан оммавий ахборот воситаларига тазйиқ ўтказилишининг олди олинди.
Ушбу конституциявий қоида оммавий ахборот воситалари чинакам эркин фаолият юритишининг ҳуқуқий кафолати бўлиб, жамиятнинг янгиланиши жараёнида мислсиз аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, мазкур конституциявий қоида оммавий ахборот воситалари қонунчилигининг асоси бўлган бир қанча қонунлар қабул қилинишида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтади ва ўтамоқда.
Конституциянинг 29-моддасига кўра, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.
Мазкур йўналиш бўйича тақиқланиши кўзда тутилган суиистеъмолликларнинг ўзи тўртта қисмдан иборат бўлиб, булар:
а) Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;
б) уруш ва зўравонликни, шафқатсизликни, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этиш;
в) давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган ўзга сирни ошкор этиш;
г) жиноий жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир қилиш.
Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларнинг шахсий ҳаётига арлашиш тақиқланади.
Бу қоида Конституцияда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши ёзиб қўйилган 13-модда, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг дахлсизлиги мустаҳкамланган 18, 19 ва 20-моддалар, шунингдек, ҳар кимнинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлиги кафолатланган 25, 27 ва 48-моддаларга асосланган.
Асосий Қонуннинг 48-моддасига мувофиқ, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.
Конституциянинг 29-моддасида қайд этилганидек, ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Асосий Қонунда белгиланган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи мустақиллик йилларида оммавий ахборот воситалари соҳасига доир қонунларда янада кенгайтирилди ва мустаҳамланди.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 04.12.2020
- Кўришлар: 5314
- Чоп этиш