Конституциявий суд ва унинг давлат ҳокимияти тизимида тутган ўрни

МАЪРИФИЙ-ҲУҚУҚИЙ СОАТ

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

(Ўзбекистон Республикаси  Конституцияси 132-моддаси)

Ҳар бир мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг энг муҳим шартларидан бири - давлат ҳокимияти ваколатларини бири-биридан мустақил бўлган давлат органлари ўртасида тақсимланишидир. Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва ва нормаларига асосланган ҳолда янги Ўзбекистонни барпо этишда, давлат ҳокимияти органлари ўртасида ҳокимият ваколатларини бўлинишига оид конституциявий принципни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Айнан шу нуқтаи назардан олганда, давлат тизимида суд ҳокимиятининг муҳим тармоғи - Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳокимиятлар бўлиниши принципини ҳаётга жорий этишда алоҳида ўринга эга. Чунки, Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлайди. Шу аснода ҳар икки давлат ҳокимият тармоғининг ўз ваколатлари доирасида иш юритаётганлиги, улар чиқарган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинганлигига ҳам баҳо беради. Бу билан ҳуқуқий давлатнинг муҳим шарти ҳисобланган қонун устуворлигини рўёбга чиқишига кўмаклашади. 

Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормалари устуворлигини таъминлаш, кўп жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фалияти самарадорлигига бевосита боғлиқ.

Давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларини Коституцияга мувофиқ тийиб туриш ва мувозанатда ушлаб туриш учун Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўзининг ваколатлари доирасида қуйидаги масалаларни кўриб чиқади: 

1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;            

2) Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар - Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар - Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди; 

3) референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради; 

4) Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради; 

5) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради; 

6) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади; 

7) конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади; 

8) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади.

Фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли.

Юқорида санаб ўтилган Конституциявий суд ваколатларини аксарияти кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида мунтазам равишда кенгайганлигини кўришимиз мумкин.

Конституциявий суд фаолиятининг яна бир муҳим жихати шундаки, у фақат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисидаги Қонунда белгиланган ваколатларни аниқ ва оғишмай амалга ошириш учун Конституциявий суд ўз фаолияти давомида қуйидаги асосий принципларга амал қилади. 

Булар: Ўзбекистон Республикаси Конституциясини устунлиги¸ мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципларидир.

Конституциянинг устунлиги.

Конституциявий суд ишларини юритиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги принципи, қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий принципнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бошқа нормаларининг рўёбга чиқарилиши асосида амалга оширилади.

Конституциявий суд фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.

Конституциявий суд ва унинг судьялари мустақиллиги деганда нимани тушуниш лозим? Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин: 

Конституциявий суд ва унинг судьялари ўз фаолиятида мустақилдир ҳамда фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунади. 

Конституциявий суднинг судьялари қарор қабул қилар экан, ўзининг ҳуқуқий нуқтаи назарини амалий мақсадга мувофиқлик мулоҳазаларидан, сиёсий мойилликлар ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ҳолда ифодалайди. 

Конституциявий суднинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Коллегиаллик принципи деганда, ишларни қўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш камида тўрт судьядан иборат таркибда коллегиал амалга оширилишини тушуниш лозим.

Ошкоралик принципи эса, Конституциявий суднинг мажлислари, қоида тарзида, очиқ ўтказилишини назарда тутади.

Конституциявий суднинг қарорлари барча давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ Конституциявий суд ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўзига хос ваколатга эга бўлган суд ҳокимияти бўлгани боис, унинг муҳокамасига масалаларни киритиш тартиби ҳам Қонунда алоҳида белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига масалалар киритиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари; Ўзбекистон Республикаси Президенти; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман); Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил; Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси; Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи; Сенат аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи; Ўзбекистон Республикаси Олий суди; Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори; Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси; Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази; Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил. Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Агар олинган материаллар қўйилаётган талабларга жавоб берса, Конституциявий суд улар олинган кундан эътиборан етти кунлик муддатдан кечиктирмай масалани ўрганиб чиқишга киришади.

Кўриб чиқилаётган иш юзасидан қарор мурожаат кўриб чиқишга қабул қилинган пайтдан эътиборан уч ойдан кечиктирмай Конституциявий суд томонидан қабул қилинади.

Конституциявий суд мажлисининг қатнашчилари ҳам ўзига хос тартибда белгиланган. Масалан, Конституциявий суд мажлисида Суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори, адлия вазири, Ҳисоб палатаси раиси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил иштирок этиши мумкин. Улар кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақли.

Конституциявий суд конституциявийлиги шубҳа туғдирган кўриб чиқилаётган аниқ масалалар юзасидангина тўхтамга келади.

Конституциявий суднинг тўхтами очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Судья овоз беришда бетараф қолишга ёки қатнашмасликка ҳақли эмас.

Мажлисда қатнашаётган судьяларнинг кўпчилиги ёқлаб овоз берган бўлса, Конституциявий суднинг тўхтами қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда Раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Конституциявий суднинг тўхтамига қўшилмаган Конституциявий суднинг судьяси ўз фикрини ёзма тарзда баён қилиш ва уни Конституциявий суд мажлиси баёнига қўшиб қўйишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарорлари, хулосалари ва бошқа тўхтамлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Конституциявий суднинг тўхтами у матбуотда эълон қилинган пайтидан кучга киради. Конституциявий суднинг тўхтами қатъий ва унинг устидан шикоятга ўрин бўлмайди.

Қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустқил ҳолда иш юритишни таъминлаш мақсадида Конституциявий суд судьяларини сайлашни  ўзига хос тартиби ўрнатилган. 

Унинг судьялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.

Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади.

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати биринчи марта сайланганида беш йилни, навбатдаги сайланганида ўн йилни ташкил этади. 

Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади.

Айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмас.

Шу ўринда Конституциявий суднинг судьялигига номзодга қўйиладиган талабларга тўхталиб ўтсак. 

Чунки, Конституциявий суднинг судьялигига номзодга қўйиладиган талаблар бошқа юрисдикция судлари судьялигига номзодларга қўйиладиган талаблардан бир мунча фарқ қилади. Сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассиси бўлган, юксак маънавий фазилатларга ва зарур малакага эга бўлган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин.

Конституциявий суднинг судьясига Олий ёки Биринчи малака даражалари берилади. Олий малака даражаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади. Биринчи малака даражаси Конституциявий суд томонидан берилади.

Албатта, Конституциявий суд судьяси ўз ваколати ва масъулиятидан келиб чиқиб, дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. Шунинг учун ҳам амалдаги қонунларга мувофиқ, Конституциявий суднинг судьяси Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг розилигисиз жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши, шунингдек ҳибсга олиниши мумкин эмас. 

Конституциявий суднинг судьясига нисбатан жиноий иш фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Конституциявий суд судьясини мажбурий келтириш, ушлаб туриш, худди шунингдек шахсий ашёлари, юки, транспорти, турар жойи ёки хизмат биносини кўздан кечириш мумкин эмас.

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Конституциявий суд қарори билан тўхтатилиши мумкин:

У жиноий жавобгарликка тортилганда; судьялик лавозимига тўғри келмайдиган фаолият билан шуғулланганда; суднинг қонуний кучга кирган қарори билан у бедарак йўқолган деб ҳисобланганда.

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддатидан илгари тугатилиши мумкинми? Мумкин, фақат қуйидаги ҳолларда, унда ҳам Олий Мажлис Сенатининг қарори билан тугатилади:

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Сенатнинг қарори билан муддатидан илгари тугатилади:

у судьялик қасамёдини бузганида;

у ёзма ариза берганида;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганида;

судья огоҳлантирилганидан ёки унинг ваколатлари тўхтатилганидан кейин ҳам судьялик лавозими билан бир вақтда шуғулланиб бўлмайдиган фаолиятни давом эттирганида;

соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра у узоқ вақт мобайнида судьялик вазифаларини бажаришга қобилиятсиз бўлганида;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганида;

у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганида;

у вафот этганида ёки суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинганида.

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари тугаганидан кейин унга Конституциявий суд судьяси лавозимига сайланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Ваколатлари муддати тугаган судьянинг уни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёхуд бошқа иш тақдим этиш тўғрисидаги масала ҳал бўлаётган даврда, бироқ уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатда ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

 

АБДУМАННОБ РАХИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий судининг судьяси,

АЛИШЕР КАРИМОВ,

Конституциявий суд 

катта эксперти

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech