Коронавирус инқирози ва журналистлик фаолияти муаммолари (Ўн иккинчи мақола)

Тарихдан маълумки, ҳамма замон ва маконларда ҳам инсоният бошига турли хавф-хатар ва синовлар тушган. 2019 йил охиридан буён жаҳон жамоатчилигини ташвишга солиб келаётган COVID-19 вируси ҳам одамзод учун шундай таҳдидлардан биридир. Ҳозирги глобал дунёда тинчлик ва соғлиқни асраш жуда мураккаб вазифа бўлиб турибди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланган кунданоқ давлат ва ҳукумат бу хатарни тезроқ бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўрди. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди.

Дунёнинг барча давлатлари билан мунтазам авиақатновлар тўхтатилиб, хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шунингдек, йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг мамлакат ҳудудига барча чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келиши тўхтатилди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахсларни 14 кун давомида махсус ажратилган тиббиёт муассасаси ёки карантин тадбирларини ташкил этишга мослаштирилган базалар ёхуд уй шароитида карантинга олиш талаби белгиланди.

Давлат томонидан коронавирусга қарши кураш олиб бориш, унинг кенг тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда беморлар саломатлигини тиклаш соҳасида тезкор қарорлар қабул қилинди. Дастлабки 2 ой ичида миллий қонунчиликда 26 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани буни яққол тасдиқлайди.

Бундай муҳим чора-тадбирларга қарамасдан, коронавирус инфекцияси билан касалланган шахслар карантин талабларини қўпол равишда бузиш орқали, шу жумладан, карантин ўташ жойларини тарк этган ҳолда инфекциянинг аҳоли орасида кенг тарқалиш хавфини вужудга келтирди.

Шунингдек, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни Интернет бутунжаҳон тармоғи орқали тарқатиш ҳолатлари учрай бошлади.

Мисол учун, Ўзбекистонда коронавирус карантини эълон қилинганидан сўнг иккинчи куниёқ, яъни 17 мартда ижтимоий тармоқларда қуйидаги мазмундаги ёлғон ахборот тарқалди: “Бугун 23:00 ва тонгги 5:00 гача вертолётлар дезинфекция учун дори сепади. Дераза ва балконлар ёпиқ бўлиши лозим ва 23:00 дан сўнг кўчаларда юриш мумкин эмас. Ҳарбий қисмдан хабар беришди”.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ушбу ёлғон хабарни зудлик билан рад этди.

Шу ўринда ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тарқатиш "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонуннинг 6-моддаси, "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонуннинг 12-(1)-моддаси ва Жиноят кодексини бузиш ҳисобланишини таъкидлаш лозим. Бу эса жиноий жавобгарликка олиб келади. 

Жумладан, Жиноят кодексининг 244-1, 2-қисмига кўра, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар: 

а) олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан; 

б) хизмат мавқеидан фойдаланиб; 

в) диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб; 

г) оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. 

Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, "Ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини «пиар қилиш»ни яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни тарқатишга уринади. Шу муносабат билан жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур".

Бу, ўз навбатида, миллий қонучиликка бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни тақозо этди. Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 26 мартда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланиб, 27 март куни матбуотда эълон қилинди.

Қонунга мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратиш мақсадида Жиноят кодекси 244-(5)-модда билан тўлдирилди.

Унда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш:

  • базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача (44 миллион 600 минг сўм) миқдорда жарима;
  • 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
  • 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Мазкур маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек, Интернет орқали тарқатиш:

  • БҲМнинг 200 бараваридан (44 миллион 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 миллион 200 минг сўм) миқдорда жарима;
  • 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
  • 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 3 йилгача озодликни чеклаш;
  • 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

         Агар дунё мамлакатлари билан солиштириладиган бўлса, ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун бундан кўра кучлироқ жазо чоралари қўлланилиши кўзда тутилгани аён бўлади.

         Мисол учун, "The Washington Post" хабарига қараганда, Венгрияда ёлғон ахборот тарқатгани учун беш йил қамоқ жазоси, шунингдек карантинга риоя қилмаганлар учун ҳам қамоқ жазоси муддатларини назарда тутувчи фавқулодда қонун қабул қилинган.

Афсуски, шунга қарамасдан, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ҳамда жамоат тартиби ёки хавфсизлиги учун таҳдидга эга бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш, шунингдек оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатиш ҳоллари дунё миқёсида ва мамлакатимизда ҳам учраб турибди.

Шу маънода, куни кеча бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ушбу Қонунда ахборот эгаларининг сўз масъулияти ва унинг оқибатлари бўйича жавобгарликни ҳис қилиши, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши ҳам тегишлича белгилаб қўйилган.

Янги Қонуннинг мақсади – долзарб, ишончли ва жамият учун муҳим бўлган ахборотни эркин тарқатиш жараёнларига кўмак берадиган амалий ҳуқуқий механизмларни яратишдир. Шунингдек, у оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳамда журналистларнинг профессионал фаолиятининг ҳимояси тўғрисидаги қонунчилик ҳимоясини таъминлаш, миллий ахборот маконининг ҳамда ҳуқуқ тартибот асослари хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашни кўзда тутади.

Мазкур Қонун асосида қуйидагиларни амалга ошириш белгиланган:

диффамация, яъни, туҳмат ва ҳақорат ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар таркибига нисбатан енгиллаштириш чораларини қўллаш;

порнографик маҳсулотни тайёрлаш ёки реализация қилиш ҳолатлари ва реклама сифатида фойдаланиш ҳолатларига нисбатан белгиланган жазо чораларини кучайтириш;

шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ҳамда жамоат тартиби ёки хавфсизлиги учун таҳдидга эга бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун қонунчиликка юридик жавобгарлик чораларини киритиш.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Биринчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш  учун жавобгарликни белгиловчи моддаларига маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатларига аниқлаштирувчи қоидалар киритилди.

Ушбу моддаларнинг матни “оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқларига ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш” деган сўзлар билан тўлдирилди.

Ўз ўрнида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ёлғон ахборот тарқатиш учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи янги модда билан бойиди.

Иккинчидан, Жиноят кодексининг юқорида қайд этилган ҳаракатларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилгани учун жавобгарликни белгиловчи моддалари, шунингдек туҳмат ва ҳақорат қилиш учун жавобгарликни белгиловчи моддалари ҳам ҳудди шундай меъёрлар билан тўлдирилди.

Шу билан бирга, мантиқий давомийликни жорий қилиш мақсадида Жиноят кодексига ҳам ёлғон ахборот тарқатиш учун жавобгарликни белгиловчи янги модда киритилди.

Жиноят кодексининг диффамация ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар таркибига нисбатан енгиллаштириш чоралари қўлланилди. Кодекснинг туҳмат ва ҳақорат қилиш учун жавобгарликни белгиловчи моддалари санкцияларидан озодликдан маҳрум қилиш жазоси чиқариб ташланди.

Қонун ижодкорларининг фикрича, мазкур Қонун билан ёлғон ахборотни тарқатганлик учун юридик жавобгарлик чораларининг қабул қилиниши фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари ҳимояланишига, коммуникация тизимига долзарб ва ишончли ахборотлар киритилишига, шунингдек жамиятнинг хавфсизлиги ва барқарорлиги таъминланишига кўмак беради.

Шунингдек, ушбу Қонун билан киритилаётган диффамация, яъни туҳмат ва ҳақорат ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар таркибига нисбатан енгиллаштириш чоралари жамиятда очиқлик даражасини оширади. Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги кўрсаткичлари яхшиланишини таъминлайди.

Хулоса қилиб айтганда, қонунчиликда ёлғон ва нотўғри маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик бор. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши эса миллий ОАВ ва журналистларнинг профессионал фаолияти учун янги самарали механизмларни яратишга имкон беради. Энг муҳими, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тўғрисидаги маълумотларни эркин олишлари ҳамда уларнинг фаолиятига аралашмаслик бўйича қўшимча кафолатларни яратади.

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech