Ҳозирги вақтда миграция ва мигрантлар барча давлатлар иқтисодиёти, эркин савдо ва инновация жараёнларида сезиларли мавқеига эгадир. Айнан шу сабабли халқаро ҳамжамият 2018 йилда Марокаш шаҳрида Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги Глобал шартномани маъқуллаган.
БМТ маълумотларига кўра, ҳозирги кунда жаҳонда меҳнат мигрантлари ва қочоқлар сони 272 млн кишини ташкил қилади. Шундан 70 млн киши ноқонуний мигрантлардир. Пандемиянинг дастлабки босқичида кўрилган карантин чоралари туфайли уларнинг маълум бир қисми меҳнат қилишга борган мамлакатларда ижтимоий ҳимоясиз, истеъмол маҳсулотларисиз, турар жойсиз ва ўз Ватанига қайтиш имкониятисиз қолди.
Бугунги кунда инсоният дуч келган пандемия, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "ўзининг кўлами ва миқёсига кўра, мислсиз глобал инқирозга, бутун башарият тақдири ва жаҳон иқтисодиёти учун ғоят жиддий синовга айланди”.
Чиндан ҳам, глобал фалокатга айланган пандемия шароитида ишсизликнинг кескин ошиши, даромадларнинг қисқариши шундай ҳам ночор ҳолатда бўлган миллионлаб инсонларнинг, хусусан, меҳнат мигрантларининг янада оғирроқ шароитга тушишига олиб келди. Яшаш учун восита қидиришга уриниш шафқатсиз эксплуатацияга тушиб қолиш хавфини кучайтирди.
Нолегал, яъни ноқонуний мигрантлар ва мавсумий ишчилар янада хавфлироқ иш шароитларига тўқнаш келмоқда. Бу эса уларнинг жиноий гуруҳлар қўлига тушиши олдидаги заифлигини оширмоқда.
Шу маънода, Ўзбекистон МДҲ ҳудудида меҳнат миграцияси масалалари бўйича ҳамкорлик дастури қабул қилишни таклиф қилгани эътиборга сазовор. Бу ташаббусни Президент Шавкат Мирзиёев 18 декабрь куни бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари саммитида илгари сурди.
Давлатимиз раҳбарининг фикрича, меҳнат муҳожирлари ҳужжатларини ўзаро тан олишнинг ягона механизмини яратиш вақти келди. Шу мақсадда Ўзбекистон меҳнат миграцияси масалалари бўйича ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этмоқда.
МДҲ давлатлари раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Президентининг бошқа бир қатор таклифлари қатори ушбу ташаббуси ҳам қизғин кутиб олингани бежиз эмас. Чунки ҳозирги кунда МДҲ давлатларида ишлаётган фуқароларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш долзарб масала саналади. Шу билан бирга, ҳам давлат ва бизнес, ҳам ишчиларнинг манфаатларини бирлаштириш ва ҳисобга олиш зарур.
Бинобарин, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, “Ҳеч бир мамлакатнинг якка ўзи пандемияни ва унинг оқибатида келиб чиққан миграцион инқирозни бартараф эта олмайди. Бу вазият энг ночор ҳолатда бўлган мигрантларга кучли зарба беради. Шунинг учун давлатлар миграция жараёнини тартибга соладиган чораларни ҳамкорликда кучайтиришлари керак”.
Ўзбекистон мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва механизмларни такомиллаштириш борасида чора-тадбирларни изчил амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш бўйича таклифи бунга яққол мисолдир.
Бундай Кодексда аввало COVID-19 пандемияси шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат мигрантлари манфаатларини ҳимоя қилиш, қашшоқликни юмшатиш масалаларида давлатларнинг ҳамкорлиги ва мажбуриятлари масаласи ўз ифодасини топади. Бу халқаро ҳужжатнинг қабул қилиниши эса мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларида мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича белгиланган вазифаларни изчиллик билан амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси”да мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси белгиланди.
Миллий стратегиянинг “Йўл харита”сида 2021 йилда «Меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кўзда тутилган. Мазкур қонунда жамият, давлат ва инсон манфаатларига дахлдор миграция муаммоларини ҳал этиш, миграция соҳасидаги муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш масалалари назарда тутилади.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш тадбирлари доирасида БМТнинг Барча меҳнаткаш-мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенциясини, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Меҳнаткаш-мигрантлар тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш масаласини ўрганиб чиқиш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 14 сентябрда қабул қилинган "Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан Ўзбекистонда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилишга киришилди.
Ўзбекистонда Одам савдосини, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда улар учун жазолаш тўғрисидаги Палермо протоколи қабул қилинганининг 20 йиллиги кенг нишонланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Миграция бўйича халқаро ташкилот ҳамкорлигида мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда.
Биринчидан, ахборот-таҳлилий йўналишда - «Одам савдосига қарши курашиш ва мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий тизим таҳлили» амалга оширилди.
Иккинчидан, тадбирлар, жумладан, тренинглар йўналишида - 6 та қўшма тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирлар доирасида 166 нафар мутахассиснинг касбий малакаси оширилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистонда ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ўтказилган тадбирларида тренер ва эксперт сифатида ҳам иштирок эди.
Учинчидан, нашрлар йўналишида - «Меҳнат мигрантлари учун одам савдосига қарши курашиш бўйича амалий қўлланма» ўзбек ва қорақалпоқ тилларида тайёрланди ва чоп этилди.
Тўртинчидан, ахборот ресурслари таъминоти йўналишида - Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ахборот-ресурс марказида «Одам савдосига қарши курашиш»га бағишланган алоҳида бўлинма ташкил этилган.
Ҳозирги кунда “Мигрантлар ҳуқуқлари” бўйича ахборот марказини ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда. Шу мақсадда бу ерга 25 номдаги 100 га яқин махсус адабиёт келтирилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази беғараз равишда Миграция бўйича халқаро ташкилот томонидан Самарқанд шаҳрида ва Андижон вилояти Олтиинкўл туманида ташкил этилган «Маҳалла ахборот-ресурс марказлари»га 500 дан ортиқ китоб ва журналлар тақдим этди.
Бешинчидан, хорижий тажрибани ўрганиш йўналишида - 2017 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили Миграция бўйича халқаро ташкилот томонидан ташкил этилган хориж ўқув-танишув сафарларида иштирок этди. Хусусан, Марказ вакили Корея Республикаси ва Филиппин давлатларига сафар қилди. Миллий марказ вакиллари Марказий Осиё мамлакатларида ташкил этилган минтақавий тадбирларда ҳам қатнашди.
Миграция бўйича халқаро ташкилот билан ҳамкорлик доирасида ночор мигрантларга ёрдам бериш; хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция ғояларини рўёбга чиқариш; мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ижтимоий шерикчиликни ривожлантиришга доир қатор тавсиялар тайёрланди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази «Рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар» мавзуида республика танловини эълон қилди. Танлов 2020 йил октябрь-декабрь ойларида ўтказилиб, унда 80 дан ортиқ иштирокчи ўз ижодий ишлари билан фаол қатнашди.
Танловнинг икки номинацияси мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича йўналишларда ўтказилди. Ушбу номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими 18 декабрь - Халқаро мигрантлар кунида бўлиб ўтди.
Хусусан, аввало, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этган “Рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар” танловининг мигрантлар ҳуқуқлари бўйича ғолиблари деб қуйидагилар эълон қилинди.
Танловнинг «COVID-19 инқирозидан зарар кўрган муҳожирларга ёрдам бериш учун нодавлат нотижорат ташкилотларининг энг фаоли» йўналиши бўйича:
- «Барқарор ҳаёт» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти (Термиз, Сурхондарё);
- «Ниҳол» нодавлат нотижорат ташкилоти (Тошкент вилояти);
- «Мадад» республика нодавлат нотижорат ташкилоти;
- « Тадбиркор аёллар жамияти (Общество женщин малых предпринимателей)» нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари (Қизилорда, Қозоғистон).
Ўз навбатида, танловнинг «COVID-19 инқирозидан зарар кўрган муҳожирларга ёрдам бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат ташкилотларининг энг фаол ходими» йўналиши бўйича Отабек Ботиржонов билан Алишер Рўзиев совриндор бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишидаги ишлар бундан кейин ҳам изчил давом этади ва бу борадаги хақаро ва минтақавий ҳамкорликни янада кучайтиришимиз зарур бўлади. Жумладан, Миграция бўйича халқаро ташкилот билан 2021 йили ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.
Миллий марказда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ахборот марказини ривожлантириш, мигрантлар ҳуқуқларига қаратилган меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, “Халқаро миграция ҳуқуқи” бўйича ўқув модули ва қўлланма тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда. Бу жараёнларда "Меҳнат миграциясидан - таълим миграцияси сари" шиори алоҳида эътибор марказида туради.
Aкмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
Маълумот учун: 2020 йил 19 декабрь куни Tashkent City анжуманлар залида «Тошкент ёшлар форуми – 2020» доирасида "Глобаллашув даврида ёшлар миграцияси ва унинг ижтимоий-сиёсий масалалари" мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ёшлар миграцияси масалаларига бағишланган ушбу тадбир Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Республика ёш олимлар кенгаши ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси томонидан ташкил этилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов маъруза қилди. Эътиборингизга тақдим этилган мақола ушбу маъруза матни асосида тайёрланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.12.2020
- Кўришлар: 3746
- Чоп этиш