Коронавирус ва инсон ҳуқуқлари: «эйжизм» ёки дискриминацияга йўл қўймаслик керак

Бугунги кунда Ер сайёрасининг деярли ярим аҳолиси коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўзини ўзи ихоталаш тартибига амал қилмоқда. Яъни, 4 миллиард нафарга яқин киши уйларида қолмоқда.

COVID-19 вируси пандемия деб эълон қилинган дастлабки кунлардан бошлаб жаҳон ҳамжамияти барча давлатларни ушбу ялпи кулфатга қарши кураш шароитларида аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш борасидаги инсон ҳуқуқларини таъминлашга чақириб келади.      

Бунда коронавирус инфекцияси аниқланган мамлакатларда инсонларнинг яшаш ва соғлиғини сақлашга доир ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барча эҳтиёжмандларнинг дискриминациясиз, яъни ҳеч қандай камситишларсиз тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконига эга бўлишини таъминлаш юзасидан тегишли чоралар кўрилиши сўралмоқда.

Дискриминация - одатда, давлатнинг, юридик ёки жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари (бошқа давлатлар, юридик ёки жисмоний шахсларга нисбатан) камситилишини англатадиган умумҳуқуқий атама.

Демократик давлатларнинг миллий қонунчилигида ва халқаро ҳуқуқда дискриминациянинг барча шакллари, жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқларини миллий, ирқий, жинсий, диний сабабларга кўра амалда ёки юридик жиҳатдан камситишга йўл қўйиш тақиқланади.

6 апрелда БМТнинг расмий сайтида "COVID-19  хасталигига чалинган беморларни даволашда тана ранги камситиш учун сабаб бўлмаслиги керак" деган мавзудаги ахборот эълон қилинди (қаранг: https://news.un.org/ru/story/2020/04/1375622 ва https://uc.xyz/26Nrk3?pub=link). Унда яна бир бор дискриминация муаммосига эътибор қаратилган.

Бу гал БМТнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари барча мамлакатларни коронавирусга қарши кураш жараёнида қора танли фуқаролар ва бошқа этник озчиликлар вакиллари камистилишига йўл қўймасликка чақирди. Бинобарин, тиббиёт ходимларининг етишмаслиги ва тиббий асбоб-ускуналар тақчиллиги шароитида муолажалар тана рангига қараб эмас, балки тиббий кўрсаткичлар асосида белгиланиши зарур.

Бундай баёнот берилиши бежиз эмас. Чунки, халқаро ҳамжамият даъватига қарамай, айрим давлатларда яқиндагина бу борада инсон ҳуқуқларини камситиш ҳолатларига йўл қўйилгани кузтилганди.

Бу ўринда Испания шифокорлари беморларни танлаб даволагани ҳақида сўз бормоқда. Интернет тармоқларида таъкидланишига қараганда, кексалар дискриминацияси билан боғлиқ испан сценарийси бундан сал олдин Италияда такрорланган воқеадан мутлақо фарқ қилмайди.

Яъни, шифокорлар уруш давридаги тартибга кўра иш тутиб, фақат яшашга имкони кўпроқ бўлган беморларнигина даволаш йўлидан борган. Германиянинг «Süddeutsche Zeitung» нашри ёзишича, 75 ёшдан ошган беморлар Испанияда реанимацияга юборилмаган. Бу ҳолат, албатта, жаҳон жамоатчилигининг танқидий муҳокамаларига сабаб бўлди.

БМТнинг кекса кишилар ҳуқуқлари бўйича эксперти Роза Корнфилд-Матте 27 март куни ушбу муаммога алоҳида тўхталди. Жамият кекса кишиларга ғамхўрлик кўрсатиши ва уларни нафақат коронавирусдан, балки зўравонлик ва камситишлардан ҳам ҳимоя қилиши лозим, дея баёнот берди БМТ эксперти.

Роза Корнфилд-Матте, шунингдек шифокорларни беморларни ёшидан келиб чиқиб эмас, фақат касаллик аломатларига таянган ҳолда даволаш юзасидан тўғри қарор қабул қилишга чақирди. Бундан ташқари, у "қариялар уйларида кексаларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ва ҳатто мурдаларнинг эгасиз қолаётгани" ҳақидаги хабарлардан ташвишда эканини билдирди.

Экспертнинг фикрича, буларнинг барчаси бунга қадар шусиз ҳам ёши улуғларга нисбатан камситишлар кузатилган жамиятларда «эйжизм» (ингилизча "age" - ёш, кексалик) деган янги тушунчанинг шаклланишига олиб келди.

Энг ачинарлиси, «эйжизм» кайфияти кейинги пайтда тобора кучаймоқда. Бунга интернетда нуроний инсонларга нисбатан шафқатсиз ва ҳурматсизларча муносабатдаги шарҳлар тарқатилаётгани, қолаверса, кундалик ҳаётда катта ёшли авлодга кўпинча текинхўр ва дардисар кимсалар сифатида ёндашилиб, уларнинг мустақил ва ўз кунини ўзи кўришга қурбли кишилар экани эътибордан четда қолаётгани сабаб бўлмоқда.

БМТ эксперти жаҳон жамоатчилигини кекса авлод билан бирдамликка даъват этди. Ҳозирги қалтис ва мураккаб даврда ёши улуғ инсонларни ҳам, уларни парвариш қилаётганларни ҳам коронавирус ва дискриминациядан бирдек ҳимоя қилиш долзарб аҳамиятга эгадир.

Бу ҳақда сўз борганда, бгунги кунда дунёнинг аксарият давлатларида коронавирус кенг тарқалаётгани муносабати билан карантин қоидалари янада кучайтирилаётгани ва қўшимча тақиқ чоралари киритилаётгани ҳақида алоҳида тўхталиш тақозо этилади. Инсоннинг бир қатор ҳуқуқлари, хусусан, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига бевосита дахлдор бўлган ушбу тақиқлар аслида барча фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаётини асраб-авайлашга қаратилган.

Хусусан, Лотин Америкаси минтақасидаги икки давлат - Панама ва Перуда ўрнатилган тартибга кўра, аёллар уйдан сешанба, пайшанба ва шанба кунлари, эркаклар эса душанба, чоршанба ва жума кунлари чиқишлари мумкин. Ҳеч ким якшанба куни уйдан чиқмайди. Ҳукумат бундай гендер чекловларини фуқаролар ҳақида қайғуриши билан тушунтирган.

Туркиянинг бир қатор ҳудудларида эса 4 апрелдан бошлаб 15 кун мобайнида 20 ёшдан кичик бўлганлар учун комендантлик соати эълон қилинди. Бу қатъий чора дунёнинг бир қатор мамлакатларида коронавирусга чалинганлар орасида болалар ва ўсмирлар кўпчиликни  ташкил қилаётганидан хавотирланиш билан боғлиқ бўлса ажаб эмас.

Дарвоқе, мамлакатимизда ҳам аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирусни юқтириб олган беморлар саломатлигини тиклаш юзасидан зарур вазифалар амалга оширилмоқда. Жумладан, 1 апрелдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи жорий этилди.

Шу муносабат билан 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларнинг уйидан ташқарига чиқиши қатъиян ман қилинди. Улар зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишлари мумкин. Бу тартиб аҳоли, айниқса, ёши улуғ инсонларни COVID-19 эпидемиясидан ишончли ҳимоя қилишга қаратилганини эсда тутайлик.  

 

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech