Мамлакатимизда сўнгги беш йилда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. Шу мақсадда Сенат раиси раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ташкил этилди. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам фаол иш олиб бормоқда.
Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишлаб ўтказилган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида таъкидлаганидек, “Бундан буён ҳам тараққиёт кушандаси бўлган ушбу иллатга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этамиз”.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг жорий йил 9 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида давлатимиз раҳбари бу борада билдирган фикрларнинг туб моҳияти ва аҳамияти кенг муҳокама этилди. Мажлисни мазкур Миллий кенгаш раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошқарди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди.
Мажлисда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинг ташкилотлари томонидан ҳам муносиб баҳолаб борилаётганлиги эътироф этилди. Хусусан, Жаҳон одил судлов лойиҳаси томонидан юритиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2021 йил ҳисоботида Ўзбекистон 19 поғонага, 139 та мамлакат орасида 89-ўриндан 70-ўринга кўтарилгани алоҳида эътиборга сазовор.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 октябрда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда ҳуқуқни қўллаш амалиёти қонунчилик ҳужжатларида коррупцияга шароит яратувчи нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш тизимининг сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган.
Қарорга кўра, қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларини тартибга солувчи 75 та қонунчилик ҳужжатидаги 302 та коррупциявий омилни бартараф этиш кўзда тутилган.
Бу ҳақда сўз борганда, жумладан, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ва унинг “Қурилишдаги назорат” қуйи тизими ишлаб чиқилиб, 2021 йилдан реал вақт режимида мамлакат миқёсида жорий қилинганини таъкидлаш лозим. Бу тизимларни татбиқ қилишдан мақсад – қурилиш объектларини назорат қилиш жараёнларида коррупциявий омилларни камайтириш ва шу жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашдир.
Мазкур тизим:
- Қурилиш соҳасида электрон давлат харид портали;
- Қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтинги;
- “Қурилиш назорати” ахборот тизими;
- “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизими;
- “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ахборот тизими;
- Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш электрон платформасидан иборат.
Ўз навбатида, олий таълим соҳасида коррупциоген ва инсон билан боғлиқ омилларни камайтириш мақсадида бир қатор хизматлар рақамлаштирилган. Хусусан, олий таълим муассасаларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида “Рақамли университет” лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Олий таълим тизимини рақамлаштириш мақсадида “Олий таълим жараёнларини бошқариш – HEMIS” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, 50 та олий таълим муассасасида жорий этилган. Бу ахборот тизими орқали талабалар шахсий варақаси, гуруҳ журнали, рейтинг дафтарчаси, дарс жадвали, давомат ва ўзлаштириш қайд варақалари рақамлаштирилади.
Мазкур тизимда 30 минг 402 нафар ўқитувчи ва 656 минг 502 нафар талаба тўғрисидаги маълумотлар базаси мавжуд.
Бунга қадар олий таълим тизимида ёшларни адолат тамойили асосида ўқишга қабул қилиш механизми жорий этилиб, бир вақтнинг ўзида 5 тагача олий таълим муассасаси танловларида иштирок этиш имконияти яратилгани ҳам муҳим аҳамият касб этди. Чунки бунинг натижасида 170 минг 655 нафар ёш йигит-қиз олий таълим билан қамраб олинди.
Бошқача айтганда, бу кўрсаткич 2016 йилда атиги 9 фоиздан иборат бўлган эса, эндиликда 28 фоизга ортди. Талабаларнинг ўқишини кўчириш тартиби ҳам соддалаштирилди.
Олий таълим, соғлиқни сақлаш, капитал қурилиш ҳамда давлат харидлари соҳаларини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича “йўл хариталари” қабул қилиниб, улар устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилди. Хусусан, олий таълим ва капитал қурилиш соҳаларидаги бир қатор тартиб-таомиллар соддалаштирилди, инсон омили камайтирилди, айрим хизматларнинг рақамлаштирилиши ҳисобига коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар бартараф этилди.
Шу билан бирга, “коррупциясиз соҳа” лойиҳаларини амалга оширишга доир “йўл хариталари”даги айрим бандлар белгиланган муддатда ва талаб даражасида бажарилмагани билан боғлиқ салбий ҳолатлар ҳам мавжуд. Бу, ўз навбатида, янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Мисол учун, “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг ижро этилмаслиги ва қонунчилик ҳужжатларида коррупциявий омилларнинг сақланиб қолаётганлиги олий таълим соҳасини чинакам “коррупциясиз соҳа”га айлантириш имконини бермаяпти. Оқибатда олий таълим тизимида коррупция ҳолати юқорилигича қолмоқда.
Бу ўринда “Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилган сўров натижаларини ушбу фикрларнинг тасдиғи сифатида келтириш мумкин. Гап шундаки, ижтимоий сўров натижаларига кўра, 2020 йилда респондентларнинг 28,9 фоизи олий таълим муассасаларида коррупция кенг тарқалган деган фикрни билдирган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 38,8 фоизни ташкил этган.
Миллий кенгаш мажлисида соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга қарамай, коррупция билан боғлиқ жиноятчилик ортиб бораётгани ташвиш билан қайд этилди. Бинобарин, жиноятга жазо – муқаррар, дейдилар.
Шу маънода, 2020 йилда коррупциявий жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилган 2 минг 270 нафар шахсга нисбатан 1 минг 502 та жиноят иши кўриб чиқилган. Аммо, 2021 йил 9 ойининг ўзида ушбу кўрсаткич икки баробар ортган.
Коррупциявий жиноятлар содир этилиши оқибатида етказилган моддий зарар ҳажми ҳам 1,5 баробарга кўпайган. Яъни, 2020 йилда жами 500 миллиард сўм зарар етказилган бўлса, шу йилнинг 9 ойи давомида бу кўрсаткич 782 миллиард сўмни ташкил этган.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кўриш зарур. Шу асосда коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилиши талаб этилади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида Ўзбекистон Президенти томонидан яқинда илгари сурилган “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида келгуси беш йилда амалга ошириладиган 7 та устувор вазифалар, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олингани диққатга лойиқдир.
Мажлисда бир қатор муҳим ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш масалалари ҳақида ҳам сўз борди. Жумладан, олий таълим ва капитал қурилиш соҳаларини “коррупциясиз соҳа”га айлантириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилди.
Хулоса қилиб айтганда, аслида ҳам, фақат давлат ташкилотлари томонидан амалга оширадиган тадбирлар ва ҳуқуқий чоралар билангина коррупция балосига қарши самарали курашиб бўлмайди. Бунинг учун, Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, “бутун жамиятимизда, аввало, ёшлар онгида бу иллатга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, барча соғлом кучларни бирлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга”.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 10.11.2021
- Кўришлар: 3685
- Чоп этиш