“Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида” танловига
Инсон ҳуқуқлари – ҳар бир алоҳида шахснинг қадр-қиммати ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлайдиган қоидалар мажмуидир. Улар давлат конституциявий ҳуқуқининг негизини ташкил этиб, шахснинг ҳуқуқий мақоми асосини ва асосий ҳуқуқларини мужассамлаштиради.
Халқимиз азалдан эрксевар бўлган. Аждодларимиз бева-бечоралар, етим-есирлар, ночор ва ногиронларга мадад қўлини чўзиш орқали уларнинг ҳуқуқларини таъмин этишни ўзларининг инсоний бурчи деб билганлар.
Зардуштийликнинг муқаддас китоби – «Авесто»да инсон ҳуқуқларининг устуворлиги, инсонларнинг жамоа бўлиб яшаш тарзи, шунингдек, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар, жамоа ҳаёти билан боғлиқ масалаларни биргаликда ҳал этиш тартиб-таомиллари қайд этилган. Айниқса, "Авесто"даги Сўғд ҳужжатлари ўша давр учун мукаммал бўлган ҳуқуқ тизими ва оила-никоҳ нормалари амал қилганлигини кўрсатади.
Сўғд ҳужжатларида ҳуқуқий муносабатлар иштирокчилари таркиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартнома шартлари, шартномани бажармаганлик оқибатлари, шартнома тузиш вақти ва жойи батафсил акс этган. Ўша даврларда меҳнат фаолияти, жамоаларни бошқариш сайланадиган оқсоқоллар қўлида бўлиб, жамоа ҳаёти билан боғлиқ барча ишлар Оқсоқоллар кенгаши орқали ҳал этилган. Оқсоқоллар кенгашининг бошлиғи зиммасига қишлоқда истиқомат қиладиган жамоанинг манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган.
Қадимги Шарқнинг таниқли мутафаккири Абу Жаъфар Наршахий IX асрда битилган «Бухоро тарихи» асарида шаҳарда 19 та йирик маҳалла бўлганлиги, улар ўзини ўзи идора қилиш ваколатларига эгалигини таъкидлангани ҳам бу фикрларимизни тасдиқлайди.
Бугунги кунда замондошларимиз тилида тез-тез янграётган "Инсон қадри", "Инсонга эътибор" каби эзгу даъватларнинг илдизи, аслида, олис тарихимизга бориб тақалади. Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ижодида инсонга эҳтиром ва эътибор масаласини олайлик.
Навоий бобомиз ўз асарларида инсонни ниҳоятда улуғлаган, уни яшашга, бахтли-саодатли бўлишга, дунёни обод қилишга, ўзидан яхши ном қолдиришга чақирган. Олам кўрки бўлган инсон вужуди – табиатдаги бошқа нарсалардек – ўт, сув, ҳаво ва тупроқдан ташкил топган, дейдилар Навоий ҳазратлари. Биргина шу кичик қатрада ҳам инсон зотига қанчалик юксак ва беқиёс баҳо берилгани таҳсинга лойиқдир.
Алишер Навоийнинг фикрича, инсон хулқ-атвори, дунёқараши, одоб-ахлоқи, маданий-маънавий қиёфаси – буларнинг барчаси ижтимоий муҳитга боғлиқдир. Яъни, улуғ бобокалонимиз бундан 580 йил аввал уқтирганларидек, инсон ижтимоий муҳит маҳсули сифатида шаклланади ва камолотга етади.
Эътибор берганмисиз, Соҳибқирон бобомиз "Темур тузуклари"да: "Салтанатнинг ишларини қонун-қоида ва интизомга солиб, салтанатим мартабасига зебу зийнат бердим", деб таъкидлаганлар. Амир Темур салтанатида сипоҳий қўл остидаги кишига зулм ўтказса, у хизмат доирасидан ташқари чиққан саналиб, сипоҳийнинг ўзи жабрланувчиларга топширилган. Бу ҳолда жабрланувчи сипоҳийни хоҳлаганча жазолаши мумкин бўлган.
Башарти катта ва маҳаллий бошлиқлар ўз ваколатлари доирасидан чиқиб, ўзларидан кичик даражадаги кишиларга зулм ўтказсалар, уларга мол-мулкига қараб жарима солиш назарда тутилган. Бирор кишининг айби исботланганда, унга нисбатан фақат битта жазо қўлланган.
Тарих – ўз йўлига. Юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳозирги ҳолат ва истиқболлар қандай?
Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “Янги Ўзбекистонда “Давлат – инсон учун” тамойили асосида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга амал қилиш масалалари ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналишига айланди. Бу эса нафақат юртимизда, балки бутун дунёда мазкур ислоҳотларнинг энг демократик тамойилларга мослиги, уларнинг пировард мақсади ва давлат сиёсатининг устувор йўналиши инсон қадри ва манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилганининг эътироф этилишига сабаб бўлмоқда” (Қаранг: Шавкат Мирзиёев. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси. Тўлдирилган иккинчи нашри. – Тошкент: “Ўзбекистон”, 2022. – Б.58).
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида юртимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида шиддатли ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янада эътиборлиси, мамлакатимизда жорий йил – "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" деб эълон қилинди.
Яна бир эътиборга лойиқ воқелик: 2023 йил 10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги “Ҳамма учун қадр-қиммат, эркинлик ва адолат” шиори остида кенг нишонланади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 1948 йили қабул қилинган бўлиб, унда умуминсоний ҳуқуқлар белгилаб берилгани ва ҳар бир инсоннинг тенг қадр-қиммати тан олингани жуда муҳим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги Қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланди. Дастур матни билан танишгач, унинг мазмун-моҳияти айни шу Декларация ғоялари билан уйғун ва ҳамоҳанг эканига ишонч ҳосил қилдим.
Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида турли маърифий-ҳуқуқий тадбирлар ташкил этилмоқда. Мен ҳам ўзим таҳсил олаётган Академик лицейда ўтказилган анжуманда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури бўйича ўз фикрларим билан ўртоқлашдим.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим – инсон ҳуқуқлари бўйича билим, кўникма ва дунёқарашни шакллантириш орқали инсон ҳуқуқлари умумий маданиятини яратишга йўналтирилган тизимли таълимдир. Ушбу таълим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича билим ва кўникмаларни тарқатиш орқали амалга оширилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим барча инсонларни ўз ҳуқуқлари ва бошқаларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ундайдиган қадриятлар, эътиқод ва муносабатларни илгари суради. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастуридан кўзланган асл мақсад ҳам шу.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда мутлақо янги миллий ҳуқуқий тизим шаклланмоқда. Бунда "Инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри – энг муҳим қадрият" деган тамойил устуворлик касб этаётгани ҳар қанча эътибор ҳамда эътироф сазовор, деб ўйлайман.
Саидакмал МАМАСОЛИЕВ,
Тошкент давлат юридик университети қошидаги
Академик лицейнинг 1-босқич ўқувчиси
- Қўшилди: 24.02.2023
- Кўришлар: 4677
- Чоп этиш