Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессияси очилди

27 февраль куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессияси ўз ишини бошлади. Ушбу сессия доирасида ўтказиладиган Юқори даражадаги сегмент ишида ва бошқа тадбирларда иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Cпикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси Швейцарияга жўнаб кетди. 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 52-сессиясининг очилишида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш сўзга чиқди. Бош котиб ХХ аср давомида ва ХХI аср бошида инсоният тараққиёти йўлида эришилган натижалар энди ортга кетаётганини афсус билан қайд этиб, илк бор ўн йилликлар давомида ўта қашшоқлик ва очлик ҳолатлари тўхтовсиз ортаётганидан ташвиш билдирди.

Бугунги кунда иқлим нуқтаи назаридан “қайноқ нуқталар” ҳисобланадиган ҳудудларда 3,5 миллиард аҳоли яшамоқда. А.Гутерришнинг қайд этишича, ана шу улкан кўламдаги хавотирли ҳудудлар тез орада инсон ҳуқуқлари учун ўта серкулфат жойларга айланади.

БМТ Бош котиби айни вақтда ер юзида зўравонлик, низолар ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши каби офатлардан қочишга мажбур бўлган инсонлар сони мисли кўрилмаган даражада ошиб, 100 миллион кишига етганини маълум қилди. Шу муносабат билан у қочқинлар ва мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳеч бир “камситишларсиз” таъминлашга чақирди. Бинобарин, “бизга қочқинлар ва мигрантларга ёрдам бериш учун хавфсиз, тартибли ва қонуний чоралар ниҳоятда зарур”, деди А.Гутерриш.

Делегатлар бир ойдан ортиқ муддат давом этадиган сессия мажлисларида БМТ Махсус маърузачиларининг 80 та ҳисоботини тинглаб, муҳокама қиладилар. Сессия доирасида, жумладан, болалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда озиқ-овқат ва тараққиёт ҳуқуқларига бағишланган мажлислар ўтказилади.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолари ўлим жазосини қўллаш масаласини кўриб чиқади. Ирқий камситишнинг барча турларига барҳам бериш юзасидан мунозаралар ташкил этилиши ҳам мўлжалланмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 52-сессияси жорий йил 4 апрелигача давом этади. Бу, ўз навбатида, мазкур сессия БМТ Кенгаши тарихидаги энг узоқ муддатга чўзилган форумга айланади, деганидир.

Маълумот учун: БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 2006 йил 5 март куни БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-резолюцияси билан ташкил этилган. Мазкур резолюция асосида Кенгаш инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳар бир давлат мажбуриятлари бажарилишининг Универсал даврий таҳлилини амалга оширади ҳамда шу орқали универсал миқёсда ва барча давлатларга бир хил муносабатни таъминлайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш БМТнинг бутун дунёда барча инсон ҳуқуқлари рағбатлантирилиши ва ҳимоя қилиниши учун асосий масъул органи ҳисобланади. Кенгашнинг бош вазифаси – эркинлик, қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилишдир. Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 47 та аъзо давлатдан иборат бўлиб, Ўзбекистон 2020 йилда Кенгаш аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланган. Мамлакатимиз 2021 йил 1 январдан бу борадаги вазифасини бажариб келмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech