ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ШАХСЛАРГА ҒАМХЎРЛИК Жамиятимизга хос инсонпарварлик, бағрикенглик ва меҳрибонлик фазилатлари ифодасидир

Бугунги кунда мамлакатимизда «Инсон қадри учун» ғояси ва жорий ислоҳотларнинг бош тамойили бўлган «Инсон – жамият – давлат» деган ёндашув барча соҳалардаги янгиланишларнинг мазмун-моҳиятига чуқур сингиб бормоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг қамровли ислоҳотлар мантиқий кетма-кетликда ва самарадорлик билан амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, юртимизда инсон қадрини улуғлашга, инсон манфаатларига, шу жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Айниқса, кам таъминланганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар, хотин-қизлар ва кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилангани катта аҳамият касб этади. Ўзбекистонда 2021 йил 7 июнда ратификация қилинган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидалари изчил амалга оширилмоқда.

Конвенция талабига кўра, иштирокчи давлатлар ногиронлиги бўлган шахслар имкониятини ошириш бўйича зарур чораларни кўриши ва бу ҳақда даставвал 2 йил, сўнгра 4 йилда камида 1 марта БМТнинг Конвенция бўйича қўмитасига кенг қамровли маъруза тақдим этиши лозим. Мамлакатимизнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилишига оид дастлабки маърузаси 2023 йил 28 июлга қадар БМТнинг тегишли Қўмитасига тақдим этилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларга жамият ва давлат томонидан кўмак ва ёрдам бериш, уларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга фаол жалб этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда ушбу тоифага мансуб фуқароларни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган бир қатор тузилмалар, хусусан, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти самарали фаолият кўрсатмоқда.

Ногиронлиги бор фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида кейинги йилларда мамлакатимизда бир қатор қонунлар ҳамда 25 дан ортиқ бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, мустаҳкам қонуний база яратилди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 66-мақсади: “Ногиронлиги  бўлган  шахсларни  қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш” деб номланади. Айни вақтда ушбу дастуриламал ҳужжатда белгилаб берилган устувор вазифалар ҳаётимизга чуқур татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун бир қатор қўшимча кафолатлар белгиланди. Жумладан, бундан буён ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида, фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади. Жаҳон стандартлари асосида ногиронликни белгилаш ҳамда улар учун қулай форматлардаги ахборот технологияларидан, имо-ишора тилидан ҳамда мулоқотнинг бошқа муқобил шаклларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади.

Шу маънода, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Ҳеч кимни ортда қолдирманг” тамойилига ҳамоҳанг кечаётган айни жараёнлар куни кеча янги, янада юксак босқичга кўтарилди. Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ижроси билан ўзаро уйғун ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 февралда матбуотда эълон қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада улкан аҳамият касб этганини эътироф этиш ўринлидир.

Қарордан кўзланган мақсад:

биринчидан, инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш;

иккинчидан, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш;

учинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 2,4 фоизи, яъни 782 минг нафари ногиронлиги бўлган шахслардир. Улардан 123 минг нафари 18 ёшгача бўлган, 461 минг нафари меҳнат ёшидаги ва 198 минг нафари пенсия ёшидаги инсонлар ҳисобланади. Давлатимиз раҳбарининг янги қарори ногиронлиги бўлган ана шу шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини оширишга қаратилган.

Қарорда, аввало, ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларни замонавий протез-ортопедия мосламалари билан таъминлаш ва ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш муассасалари ускуналарини модернизация қилиш масаласига устувор даражада эътибор берилгани жуда муҳим. Бинобарин, Тараққиёт стратегиясида аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация мосламалари билан таъминлаш даражасини 60 фоизга етказиш белгиланган.

Ўтган йили ногиронлиги бўлган шахслардан 94 фоизининг протез-ортопедия воситаларига бўлган эҳтиёжи қаноатлантирилгани ҳолда, улардан атиги 119 нафари замонавий протез-ортопедия буюмлари билан таъминланган. Шу рақамнинг ўзи ҳам Президент қарори нақадар муҳим ва долзарб эканини яққол кўрсатиб турибди, деб ўйлаймиз.

Қарорга асосан, 2023 йилда 400 нафар ногиронлиги бўлган муҳтож шахсни хорижий технологиялар асосида тайёрланган сифатли ва замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш кўзда тутилган. Бу ўринда, жумладан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ногиронлиги бўлган шахсларни ва биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминлаш ҳақида сўз бормоқда.

         Президентимиз қарорида ногиронлиги бўлган шахслар ўз ҳуқуқларидан фойдаланишлари асносида дуч келадиган бюрократия ва ортиқча қоғозбозлик ҳолатларига барҳам бериш борасида ҳам таъсирчан чоралар белгиланган. Бунда, авваламбор, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар ҳамда уларга ғамхўрлик қилувчи фуқароларга давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш ҳамда давлат идоралари раҳбарлари ва мансабдор шахслари қабулига навбатсиз кириш бўйича имтиёзлар бериш назардан тутилганини қайд этиш даркор.

Шунингдек, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб қилиш бекор қилинмоқда. Содда қилиб айтганда, бундай тиббий хулосанинг мавжудлиги масъул идоралар томонидан электрон маълумот алмашинуви орқали аниқланади.

Бундан ташқари, педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан болаларнинг ногиронлиги бўлган шахс деб топилиши асосли эканлигини аниқлаш мақсадида уларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман ё шаҳар бўлимларининг йўлланмасига асосан қайтадан тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш тартиби бекор қилинмоқда.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати: 2023 йил 1 июлга қадар ногиронлиги бўлган муҳтож шахслар таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари рўйхати кенгайтирилмоқда. Бинобарин, ҳозирга қадар ногиронлиги бўлган муҳтож шахслар доимий равишда 8 турдаги протез-ортопедия ва 10 турдаги реабилитация воситалари билан таъминлаб келинаётгани ҳисобга олинса, Ҳукуматнинг тегишли қарори асосида ушбу рақамлар миқёси янада ортади.

Давлат раҳбари томонидан ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилгани алоҳида диққатга сазовор. Қарор талабига кўра, 2023 йил 1 майдан бошлаб тиббиёт муассасаларида даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилиш учун шу муассасада унинг отаси ёки онасига ё уларнинг ўрнини босувчи шахсга ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига ногиронлиги бўлган боланинг ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади.

Бунда, жумладан:

  • стационар тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади;
  • болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилувчи шахслар учун даволаш даврида давлат стационар тиббиёт муассасаларида бепул овқатланиш йўлга қўйилади;
  • болалар церебрал фалажи, умуртқа поғонасининг патологик синиши билан касалланган болалар ва катталарда мустақил юриш функцияларини қайта тиклаш учун Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказлари 2023 йилда роботлаштирилган локомат тўплами ва бошқа замонавий реабилитация ускуналари билан таъминланади.

Қарорга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ва уларга юридик ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилади. Бу ҳақда сўз борганда, албатта, фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилганлигини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.

Айни чоғда, қарорда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ихтиёрий бепул ёрдам олишларига (pro bono) кўмаклашиш учун “Юридик ёрдам” ахборот тизимида адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар фойдаланиши учун очиқ бўлган ногиронлиги бўлган шахсларнинг мурожаатлари бўлими яратилиши кўзда тутилган.

Бунинг натижасида, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини ошириш мақсадида улар учун адвокатлар томонидан профессионал бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш йўлга қўйилади. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қатор моддалари, жумладан, 5–7, 12–13-моддаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича чоралар кўрилиши зарурлиги қайд этилган.

Президент қарорида тегишли вазирлик ва ташкилотларга ногиронлиги бўлган шахслар учун мавжуд имтиёзларнинг ягона рўйхатини шакллантириш ва доимий янгилаб боришга доир вазифа ҳам юкланган. Бунда имтиёзларнинг ягона рўйхатини Адлия вазирлигининг “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилиб, Интернет тармоғи орқали доимий ёритиб бориш кўзда тутилмоқда.

Табиийки, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишловчи педагоглар сони ва салоҳиятини ошириш ҳам долзарб ва масъулиятли масалалар сирасига киради. Шу мақсадда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб “Махсус педагогика, дефектология” магистратура мутахассислиги бўйича олий ўқув юртларига қабул давлат гранти асосида амалга оширилади.

Маълумот учун: 2022/2023 ўқув йилида мазкур мутахассислик бўйича 82 нафар талаба ўқишга қабул қилинган.

Олийгоҳларда ногиронлиги бўлган шахсларга ўқув материалини махсус форматга ўтказиш, тифло таржима ва шу каби бошқа юмушларда кўмаклашувчи махсус педагоглар нормативлари ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, абитуриентлар учун қабул тартиби, тест тўғрисида маълумот ва материаллар қулай форматда бўлиши, яъни видеороликлар, сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилиши таъминланади.

Қарор билан “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди. Режа 14 та ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирдан иборат бўлиб, ижро муддатлари ва масъул ижрочилар аниқ кўрсатилган.

Хулоса қилиб айтганда, Президент қарорини бажаришга масъул тегишли вазирликлар ва манфаатдор ташкилотлар, шу жумладан, ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши ташаббускорларидан ҳисобланувчи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази олдида кўплаб хайрли ва масъулиятли ишлар турибди.

Чунки давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Ҳар қандай жамиятнинг маданият даражаси, бағрикенглик ва меҳрибонлик хусусиятлари имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган шахслар ва кекса авлод вакилларига муносабати билан белгиланади”.

 

Мирзатилло ТИЛЛАБОЕВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари

«Халқ сўзи» газетасининг 2023 йил 3 март кунги 44-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech