Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказиматбуот хизмати маълум қилишича, Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессияси Юқори даражадаги сегментида мамлакатимиз делегацияси раҳбари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов сўзга чиқди.
Ўзбекистон делегацияси номидан Бош Ассамблеянинг “Барқарор ривожланиш мақсадига эришишни жадаллаштиришда парламент ролини кучайтириш тўғрисида”ги ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” резолюциялари қабул қилиниши борасидаги мамлакатимиз ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун аъзо давлатларга миннатдорлик билдирилди.
Иштирокчиларга Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида мамлакатимиздаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга қаратилган устувор йўналишлар ҳақида маълумот тақдим этилди. Юртимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти юзасидан батафсил ахборот берилди.
Анжуманда Ўзбекистон БМТ ва тузилманинг ихтисослашган институтлари билан ўзаро манфаатли ҳаморлик алоқасини янада кенгайтириш истагида экани эътироф этилди. Шу маънода жорий йил Қийноқлар бўйича махсус маърузачи Э.Эдвардснинг юртимизга ташрифини ташкил этиш, Осиё қитъасида инсон ҳуқуқи бўйича минтақавий механизм яратишга кўмаклашиш билан боғлиқ режани рўёбга чиқариш учун изчил саъй-ҳаракат давом эттирилиши маълум қилинди. Бундан ташқари Ёшлар ҳуқуқи бўйича махсус маърузачи лавозимини таъсис этиш юзасидан илгари сурилган Тошкент ташаббуси Кенгаш томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон делегацияси ўлим жазосини бекор қилиш масаласига оид юқори даражадаги тадбирда ҳам иштирок этди. Йиғилиш доирасида “Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия” ноҳукумат ташкилоти вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Мулоқот асносида Марказий Осиё мамлакатлари ва Монголияни ўлим жазосидан ҳоли минтақага айлантириш масаласи юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Мазкур комиссия Испания ташаббуси билан 2010 йил октябрда ташкил этилган бўлиб, ўлим жазоси қўлланаётган мамлакатларда ушбу жазони тақиқлаш йўлида иш олиб борадиган мустақил ташкилот ҳисобланади.
Тадбирда “Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия” президенти, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ олий комиссари Н.Пиллэй, Комиссия вице-президенти, Швейцария собиқ Президенти ва ташқи ишлар вазири Р.Дрейфус, Монголия собиқ Президенти, мазкур Комиссия комиссари Ц.Элбэгдорж ва бошқалар сўзга чиқди.
Делегациямиз раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар аҳамиятига тўхталаркан, Асосий Қонунимизда ўлим жазосини тақиқлашга оид норма белгиланиши кўзда тутилаётгани ва бу қадам, шубҳасиз, инсоннинг яшаш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилишини таъкидлади. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “яшаш – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, одамга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган”.
Энг муҳими, Ўзбекистон бутун дунё мамлакатлари қонунчилигидан ўлим жазоси берилишига оид меъёрни босқичма-босқич чиқариб ташлаш ташаббусини ҳамиша қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистон делегациясининг Женевага ташрифи доирасида АҚШ Давлат котибининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқи масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Э.Барклай ҳамда Исландия ташқи ишлар вазири Т.Гильфадоттир билан икки томонлама учрашув ташкил этилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессияси давом этяпти.
С. Раҳимов, ЎзА
- Қўшилди: 06.03.2023
- Кўришлар: 3713
- Чоп этиш