Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахборот Сенатда эшитилди

3 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахбороти эшитилди.

Муҳокама жараёнида сенаторлар давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатлари туфайли 2022 йилда Ўзбекистон халқаро рейтинг ва индексларда, жумладан, қонун устуворлиги, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш йўналишларида ўз ўрнини яхшилаш борасида салмоқли ютуқларга эришганини алоҳида таъкидлади.

Янги қабул қилинган Меҳнат кодексида меҳнат муносабатларини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқ ҳуқуқий тартибга солиш асослари такомиллаштирилди.

БМТ тузилмаларининг тавсияларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда мамлакатимиз аҳолиси турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар изчиллиги, такомиллаштириш йўналишлари белгилаб олинди.

2022 йилда пахтадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва савдоси билан шуғулланувчи компанияларни бирлаштирувчи “Cotton Campaign” коалицияси Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганини эътироф этди ҳамда ўзбек пахтасига қўйилган тақиқни бекор қилди.

Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқлаштириш чора-тадбирлари доирасида Халқаро меҳнат ташкилотининг “Қурилишда хавфсизлик ва меҳнат гигиенаси тўғрисида”ги 167-сонли конвенцияси ратификация қилинди.

Шу билан бирга, сенаторлар ўз ўрганишлари асосида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни самарали қўллаш билан боғлиқ қатор муаммоларни белгилаб берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган 8 та қонун лойиҳаси ўз муддатида ишлаб чиқилмаётгани сенаторларни ташвишга солди, дейилади Сенат Ахборот хизмати хабарида.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ижросини мониторинг қилиш натижасида сенаторлар томонидан ижтимоий инфратузилма объектлари ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун етарли даражада мослаштирилмаганлиги аниқланди.

Ҳар томонлама муҳокама чоғида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилиниб, унда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориш белгилаб олинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech