Конституция: экспертлар нигоҳи Ўзбекистонга қаратилган
Конституция – халқ паспорти
Шу кунларда давлатимиз муҳим сиёсий воқелик арафасида турибди, десак муболаға бўлмайди. Бўлажак референдум олдидан республикамизнинг турли ҳудудларида конституцион ислоҳотларга бағишланган тадбирлар ўтказиляпти.
ЎзА сиёсий кун, яъни, 30 апрель – умумхалқхалқ паспортига тайёргарлик, умуман, диёримизда кузатилаётган конституциявий ислоҳотлар, амалга оширилаётган ижтимоий-ҳуқуқий ишлар самараси хусусида хорижлик мутахассислар фикрларини ёзиб олишга қарор қилди.
Абдулҳоди ал-Қасаби, Миср Парламенти қўмитаси раиси, “Миср – Ўзбекистон” парламентларо дўстлик гуруҳи раҳбари, Миср сўфийлик орденлари олий кенгаши раиси:
Жорий йил 30 апрелда Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум ўтказилаётгани ва унда халқаро кузатувчи сифатида қатнашишга таклиф этилганимдан мамнунман. Алоҳида таъкидлаб айтмоқчиманки, бўлажак референдум Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беради. Конституциянинг янги таҳрири ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириб, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлади.
Конституцияга кўра, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат, деб эълон қилиниши, “инсон – жамият – давлат” тамойилининг ҳаётга тадбиқ этилиши, яъни, инсон манфаати ҳар нарсадан устун қўйилиши катта эътиборга сазовордир. Юртингизда конституциявий ислоҳотлар мамлакат фуқароларининг фикри, таклифлари ва қўллаб-қувватлаши асосида, умумхалқ референдуми орқали амалга оширилмоқда. Бу мамлакатингиз Асосий қонуни ўзбек халқи хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишига ишончим комил.
Кшиштоф Пломински, Польша Савдо палатаси дипломатик маслаҳатчиси, Европа дипломатия академияси элчилар кенгаши аъзоси ва Ягеллон университети профессори: Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича ўтказиладиган умумхалқ референдумига ҳар томонлама тайёргарлик ишлари фаол тарзда олиб борилаётганлигини юқори баҳолайман. Айниқса, Конституцияда белгиланаётган иқтисодий тамойиллар давлатнинг келажаги учун муҳим пойдевор ҳисобланади. Янги конституциявий матн таҳлили шуни кўрсатадики, мамлакатнинг келажакдаги Асосий қонуни конституциявий-ҳуқуқий институтларни сезиларли даражада қайта ташкил этиш, Ўзбекистон конституциявий ривожланишининг янги моделига олиб келади. Муайян ўзгаришлар иқтисодий муносабатлар соҳасига таъсир қилади. Янги таҳрирдаги Асосий қонуннинг 67-моддасида давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши, тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги тамойили кўзда тутилганлиги Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар чуқур ва ортга қайтмас эканлигидан далолат беради. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши, монопол фаолият қонун билан тартибга солиниши ва чекланиши нормаси ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу тамойил деярли барча ривожланган давлатлар, хусусан, Польша Конститутциясида ҳам ўз ифодасини топган. Аминманки, ўзбек халқи ушбу муҳим сиёсий тадбирда ўз келажаги учун овоз беради.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА
- Қўшилди: 14.04.2023
- Кўришлар: 4136
- Чоп этиш