14 апрель куни Наманган вилоятида шу мавзуда халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, халқаро экспертлар, олимлар, судялар, маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У.Иноятов модераторлик қилди. Унда Янгиланган Конституциянинг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистонда давлат ҳокимиятини ташкил қилиш тизимининг ислоҳ қилиниши исиқболлари муҳокама қилинди.
Мавзу юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Ш.Бафоев, Қонунчилик палатаси депутати Д.Арипов, Россиянинг Саратов Миллий давлат университети юридик факультети декани, профессор Г.Камкова, Наманган вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи Х.Собиров, социология фанлари доктори, доцент Б.Гуселетов, Тўрақўрғон туман ҳокими А.Мансуров, Наманган вилоят суди судьяси Ж.Карабоев, юридик фанлар номзоди А.Тарновскийнинг маърузалари тингланди.
Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳасида туб ўзгаришлар, изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганига эътибор қаратдилар. Хусусан, манзилли ижтимоий ҳимоя тизими яратилди, иқтисодиёт эркинлашиб, хусусий мулк эгалари кўпайди, нақд пул, валюта муаммолари ҳал қилинди, қўшни мамлакатлар билан орамиздаги муносабатлар яхшиланди, парламентаризм ва суд-ҳуқуқ соҳасида демократик ўзгаришлар бўлди.
Янгиланаётган Конституциямизда мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёти, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат сифатида Ўзбекистон “суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат” эканлиги ҳамда ушбу принципиал қоидаларни ўзгартириш мумкин эмаслиги алоҳида белгилаб қўйилмоқда.
Мазкур конституциявий қоидалар замирида мустақиллигимизни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлаш, келажак авлодларга озод ва эркин Ватан қолдириш, халқ манфаатлари кўзланган ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмаслик, қонун ва адолат устуворлиги, инсонга эътибор ва ғамхўрлик каби муҳим қадриятлар мужассам бўлиб, улар давлатчиликнинг тамал тошлари сифатида мустаҳкамланмоқда.
Давра суҳбатида қайд этилганидек, янгиланаётган Бош қомусимиз халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Давлат ҳокимияти тизими ягона ва яхлит бўлиб, ҳокимиятнинг бир бўғинини модернизация қилиш унинг бошқа тармоқларда ҳам ислоҳотларни тақозо қилади. Шунга кўра, тармоқлар ўртасида бир-бирини тийиш ва мувозанатни сақлаш тизимининг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида парламент палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда.
Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган маъмурий ислоҳотларнинг мақсади ва вазифаларидан келиб чиқиб, парламентнинг юқори палатаси – Сенат ҳамда Қонунчилик палатасининг ваколатлари кучайтирилмоқда. Яъни, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланмоқда. Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпаймоқда.
Хусусан, Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш, Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатаси раисининг ҳисоботини эшитиш каби муҳим ваколатлар бевосита Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари этиб белгиланмоқда. Киритилаётган ушбу ўзгаришлар қуйи палатанинг вакиллик табиатига ва илғор хорижий тажрибага тўлиқ мос келади.
Сенат ваколатига эса, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарларини сайлаш, Бош прокурор, Ҳисоб палатаси раиси лавозимларига номзодларни маъқуллаш, элчиларимизнинг ҳисоботларини эшитиш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш каби ваколатлар киритилмоқда. Бу каби ўзгаришлар Сенатнинг назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилуви ва махсус хизматлар устидан назорат функцияси кучайтирилаётганини кўрсатади.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича йиллик миллий маърузани эшитиш, давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш, парламент текширувини амалга ошириш каби муҳим ваколатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига киритилмоқда.
Шу билан бирга, қонун Сенат томонидан олтмиш кун ичида кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Агар Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида олтмиш кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси томонидан қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилиши назарда тутилмоқда.
Савол-жавоб ва муҳокамаларга бой бўлган тадбирда айтиб ўтилганидек, марказда ва жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолиятида қатъий тартиб-интизом, масъулият, натижадорликни кучайтириш мақсадида шунингдек, илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, Бош вазир номзодини Президент Қонунчилик палатасига киритиб, халқ вакиллари маъқуллагандан сўнг лавозимга тайинлаш тартиби жорий этилмоқда.
Бош вазир номзодини Қонунчилик палатасига тақдим қилишдан олдин Президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш назарда тутилмоқда. Мазкур янги нормалар билан барча сиёсий партиялар фракцияларининг нафақат Бош вазир номзодини кўриб чиқиш, балки бутун Ҳукуматни шакллантиришдаги иштироки таъминланади.
Янгиланаётган Конституцияга мувофиқ, ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатлари ва функциялари, уларнинг олдида турган барқарор иқтисодий ўсиш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва бошқа соҳалардаги вазифаларни бажаришдаги жавобгарлиги сезиларли даражада кенгайтириляпти.
Шунингдек, Ҳукумат зиммасига ижро этувчи ҳокимият органлари ишида очиқлик ва шаффофликни, қонунийлик ва самарадорликни таъминлаш, давлат хизматларининг сифати ва қулайлигини ошириш, аҳолини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш вазифалари юклатиляпти. Илк маротаба Конституцияда барча даражадаги ҳокимларнинг ваколатлари белгиланмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш амалиёти тугатилиб, кенгашларга ҳокимдан мустақил бўлган алоҳида Кенгаш раиси раҳбарлик қилиши белгиланмоқда. Эндиликда вилоят ва туман (шаҳар)да халқ сайлаган депутатлар ҳоким фаолиятини бевосита ва холисона назорат қилиш имкониятига эга бўлади.
Суд органлари соҳасидаги конституциявий ўзгартиришлар судьялар мустақиллиги, одил судлов тизимини демократлаштиришнинг конституциявий асослари сезиларли даражада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир иштирокчиларининг айтиб ўтишича, судлар фаолияти мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, судьялар дахлсизлиги ва муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича киритилаётган ўзгаришлар одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш учун муҳим кафолат бўлади.
Судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Давлат бюджетидан амалга оширилиши ва у одил судловни тўлиқ, мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклиги тўғрисидаги конституциявий норма чинакам адолатли ва мустақил суд тизимини шакллантириш, судларнинг холислигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Судьялар дахлсиз ва муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлиги таъминланиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, фуқароларга суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун янги механизм ҳисобланади.
Давра суҳбати иштирокчилари таъкидлашича, янгиланаётган Конституция “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятининг жадал ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади.
Тадбир сўнгида иштирокчилар бўлажак референдумга бефарқ эмасликларини билдирдилар. Барчани Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга чақирдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.04.2023
- Кўришлар: 7204
- Чоп этиш