Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 26 апрелда «Ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда уларни доимий иш билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон қабул қилинди. Фармоннинг мақсади мамлакатимизда ёшларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишлари, ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, доимий иш билан ҳамда муносиб даромад олишини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришдир.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 майдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўловчилар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилади.
Бунда ижтимоий солиқ суммаси ёш ходимлар олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қоплаб берилади.
Иш берувчиларга ижтимоий солиқ суммасининг қоплаб берилиши 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ажратиладиган трансфертлар ҳисобидан амалга оширилади.
Маълумки, бугунги кунда миллий қонунчиликда юртимиз ёшларига муайян имтиёзлар берилган. Хусусан:
- Меҳнат кодексида ёшлар учун алоҳида кафолатлар белгиланган, жумладан 16 дан 18 ёшгача бўлганлар учун иш вақти ҳафтасига 36 соатдан ошмаслиги лозим.
- Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва контракт бўйича ўқиётган ижтимоий фаол талабаларга контракт суммасининг 35 фоизи тўлаб берилади.
- Контракт асосида ўқиётган талабаларга таълим кредити берилади.
- Ёшлар муаммолари билан ишлашнинг янгича тизими – «Ёшлар дафтари» ишга туширилган.
- «Ёшлар дафтари»га киритилганларнинг ногирон оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида ёрдам кўрсатилади.
- Ногиронлиги бўлган ёшларга ўқиш, яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун 15 млн сўмгача субсидия ажратилади.
- Давлат олий таълим муассасаларига киришда энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий қилинган.
- Ижтимоий фаол ёшларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёзлар берилади.
- Маҳалладаги ёшлар етакчилари тавсияси асосида ёшларга 20 турдаги ёрдам берилади.
- Айрим ёшлар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловлардан озод этилади.
- «Мозийга саёҳат» дастури доирасида «Ёшлар дафтари»га киритилганлар давлат музейларига бепул киритилади.
- Хориждаги ёш ватандошларнинг вазирликлар, идоралар ва ташкилотларда ишлаши учун шарт-шароит яратилади.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши навқирон авлод ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланиши йўлида тубдан янги босқични бошлаб беради. Чунки унда ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантириш кафолатланмоқда.
Жумладан, давлат:
– ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантиришни кафолатлаяпти;
– ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, халқнинг бой маданий меросидан фахрланиш, ватанпарварлик туйғуларини шаклланишига ғамхўрлик қилиши белгиланаяпти.
Бундан ташқари, ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш –давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида киритиляпти.
Давлат шу орқали ўз зиммасига муҳим мажбуриятларни олмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, нафақат ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ғоят аҳамиятлидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.04.2023
- Кўришлар: 3944
- Чоп этиш