17 май куни Ўзбекистон Республикасининг Польшадаги элчихонасида ҳар икки мамлакатнинг ўзбек-поляк муносабатларини ривожлантириш масалаларига масъул бўлган парламент, Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар намояндалари, шунингдек, экспертлар, ишбилармонлар, академик доира вакиллари ҳамда журналистлар – жами 50 киши иштирокида учрашув ўтказилди. Унда Польшага ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов иштирок этди.
Иштирокчиларга Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг аҳамияти, Конституциямизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдуми якунлари ва 9 июлга режалаштирилган муддатдан олдин Ўзбекистон Президенти сайловининг мазмун-моҳияти ҳақида кенг ва атрофлича ахборот тақдим этилди.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Миллий иқтисодиётимизни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари ҳақида ҳам сўз юритилди.
Польша ишбилармон ва расмий доиралари вакиллари сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини эътироф этдилар. Мамлакатимиз иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва ташқи сиёсатда эришган туб ижобий ўзгаришларни юқори баҳоладилар.
Польша Хотин-қизлар лигаси раиси А.Михаляк Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, гендер тенглигини таъминлаш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакатлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қизиқиш билдирди. “Айниқса, конституциявий референдум бўйича халқаро кузатувчи сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрганимда ёшлар, жумладан қизлар мамлакат тараққиёти йўлидаги ҳаётий жараёнларда фаол иштирок этаётганига гувоҳ бўлдим”, деб таъкидлади А.Михаляк.
Польша Сейми депутати П.Бейда конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янада барқарор ривожланишига хизмат қилишини эътироф этди. “Конституцияга киритилган кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари, ўқитувчилар мақоми юксалтирилиши, ёшлар сиёсатига оид янги нормалар мисолида юртингизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида “Инсон қадри учун” тамойили асосидаги ёндашув устувор экани яққол намоён бўлмоқда”, деди Сейм депутати.
Польша Табиий ва гуманитар фанлар университети профессори, Осиё тадқиқотлари институти аъзоси Е.Шукальски 30 апрель куни бўлиб ўтган конституциявий референдумда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этганини мамнуният билан қайд этиб, бу тадбир Ўзбекистон тарихида ўчмас из қолдиришига ишонч билдирди. У таълим ва туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини юқори баҳолади. “Бугун Ўзбекистон бутун дунёга улкан салоҳиятини намойиш этмоқда. Ўзбек ёшларининг Европа таълим тизимига қизиқишини кўриб турибмиз. Шу билан бирга, польшалик туристларнинг Ўзбекистондаги қадимий шаҳарларга қизиқиши тобора ортиб бормоқда”, деди Е.Шукальски.
Варшава менежмент университети ректори П.Чарнецкий жаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда таълимни янада очиқ қилиш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда таълим модели ижобий томонга ўзгарганини қайд этди. “Кўплаб ёшлар истиқомат қилаётган Ўзбекистонда таълим соҳасидаги конституциявий ўзгаришлар мени қизиқтиради ва бу муҳим омил мамлакатингизни МДҲ маконидаги бошқа давлатлардан ажратиб туради. Ислоҳотлар Ўзбекистон халқининг бой тарихи, анъаналари ва турмуш тарзини ҳисобга олган ҳолда, ўзига хос тарбия ва таълим тизимини яратишга қаратилгани диққатга сазовор.
Андижон шаҳрида Университетимизнинг филиали муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда, аммо таълим фақат кундузги асосда олиб борилади. Ёшлар бир вақтнинг ўзида ишлаши ва ўқиши зарур, шу сабабли филиалда сиртқи бўлим очишга ёрдам беришингизни сўраймиз. Олий ўқув юртларида таълимнинг барча шаклларидан фойдаланиш мамлакатнинг янги таҳрирдаги Конституциясида ҳам белгиланган”, деди Варшава менежмент университети ректори.
Польша Савдо палатаси дипломатик маслаҳатчиси, Европа дипломатия академияси Элчилар кенгаши аъзоси К.Пломински Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Польша ҳукуматлараро комиссиясининг 2021 йил 14 апрелда ўтказилган йиғилишида эришилган келишувларни амалга ошириш зарурлигини қайд этди. Хусусан, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари Ўзбекистон-Польша ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш хусусида келишиб олган. Унинг сўзларига кўра, бундай механизмлар Польша учун стратегик аҳамиятга эга бир қатор давлатлар билан аллақачон ишламоқда ва улар катта самара бермоқда.
К.Пломински 2023 йил кузида ўтказиш режалаштирилган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилишида имзолаш учун инвестиция битимлари ва экспорт шартномаларининг мустаҳкам пакетини тайёрлашдан Польша томони манфаатдор эканлигини билдирди.
Польша Ташқи ишлар вазирлигининг БМТ ва инсон ҳуқуқлари бўйича департаменти директори ўринбосари М.Бутримович сўнгги йилларда икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик жадал ривожланаётганини таъкидлади. Польша Ўзбекистондаги изчил тараққиёт, мамлакат раҳбарияти томонидан хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида кўрилаётган самарадор чора-тадбирларни катта қизиқиш билан кузатмоқда.
Польша Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг қайд этишича, “Ўзбекистон ва Польша Марказий Осиё ва Шарқий Европанинг асосий давлатлари ҳисобланади. Улар Европа, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўташи мумкин. Ҳар икки мамлакат БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда”.
Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонасида ташкил этилган учрашув қизиқарли, самимий ва ўзаро манфаатли мулоқот руҳида ўтди.
Акмал Саидовнинг Польшага ташрифи давом этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.05.2023
- Кўришлар: 4019
- Чоп этиш