Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори А.Саидовнинг Польша ишбилармон ва расмий доира вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида иштирокчиларга Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жорий йил 30 апрель куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунлари ҳамда 9 июль куни муддатидан олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари хусусида сўз юритилди.
Польша ишбилармон ва расмий доира вакиллари Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва ташқи сиёсатдаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолашди.
Польша Хотин-қизлар лигаси раиси А.Михаляк Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, гендер тенглигини таъминлаш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакатлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қизиқиш билдирди. Янгиланган Конституция бўйича бўлиб ўтган референдумда кузатувчи бўлиб иштирок этганида ёшлар, жумладан, қизлар, мамлакат тараққиёти йўлидаги ҳаётий жараёнларда фаол иштирок этаётганига гувоҳ бўлганлигини маълум қилди.
Польша Сейми депутати П.Бейда эса Конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янада барқарор ривожланишига хизмат қилишини таъкидлади. Конституцияга киритилган кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари, ўқитувчилар мақоми юксалтирилиши, ёшлар сиёсати каби масалалар амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида “Инсон қадри учун” тамойили асосидаги ёндашув яққол намоён бўлаётганини қайд этди.
Польша Табиий ва гуманитар фанлар университети профессори, Осиё тадқиқотлари институти аъзоси Е.Шукальски 30 апрель куни Конституциявий референдумда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этганини мамнуният билан қайд этар экан, ушбу сиёсий тадбир Ўзбекистон тарихида ўчмас из қолдиришига ишонч билдирди. Ўз навбатида, таълим ва туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини юқори баҳолади.
Варшава менеджмент университети ректори П.Чарнецкий жаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда таълимни янада очиқ қилиш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев келиши билан Ўзбекистонда таълим модели ўзгаргани қайд этди. “Кўп ёш авлод истиқомат қилаётган Ўзбекистонда таълим соҳасидаги конституциявий ўзгаришлар мени қизиқтиради ва бу республикани бошқа МДҲ давлатларидан ажратиб туради. Ислоҳотлар Ўзбекистон халқининг бой тарихи, анъаналари ва турмуш тарзини ҳисобга олган ҳолда ўзига хос турдаги тарбия ва таълим тизимини яратишга қаратилган”, — деди у.
Польша Савдо палатаси дипломатик маслаҳатчиси, Европа дипломатия академияси Элчилар кенгаши аъзоси К.Пломински Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Польша ҳукуматлараро комиссиянинг охирги йиғилишида (2021й. 14 апрель) эришилган келишувларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари Ўзбекистон-Польша ишбилармонлар кенгашини ташкил этишни келишиб олишган. Унинг сўзларига кўра, бундай механизмлар Польша учун стратегик аҳамиятга эга бўлган қатор давлатлар билан аллақачон ишламоқда ва улар катта самара бермоқда.
Польша ТИВ БМТ ва Инсон ҳуқуқлари департаменти директори ўринбосари М.Бутримович сўнгги йилларда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик жадал ривожланаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, Ўзбекистон ва Польша Марказий Осиё ва Шарқий Европанинг асосий давлатлари ҳисобланади. Улар Европа, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида “кўприк” ролини ўйнаши мумкин.
Учрашув дўстона ва конструктив рухда бўлиб ўтди.
- Қўшилди: 19.05.2023
- Кўришлар: 3978
- Чоп этиш