Хитойда “Си Цзиньпин инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя этиш ҳақида” номли китоб хитой, инглиз, рус ва бошқа тилларда нашрдан чиқди. Китоб 160 дан ортиқ расмий ҳужжатдан иқтибосларни ўзида жамлаган.
Академик Акмал Саидовнинг “Инсон ҳуқуқларининг хитойча назарияси (“Си Цзиньпин инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя этиш ҳақида” номли китоб мутолааси асносидаги мулоҳазалар)” номли мақоласида шу хусусда сўз боради. Мақола “Правда Востока” газетасининг 2023 йил 13 июнь сонида чоп этилди.
Китобда, жумладан, Си Цзиньпиннинг 2012 – 2021 йиллардаги, яъни 10 йил давомидаги маъруза ва нутқлари, суҳбат ва мулоқотлари, интервью ва табрикларидан муҳим кўчирмалар келтирилган. Ундаги 335 та иқтибос мавзулар бўйича 9 та бўлимга тақсимланган. Си Цзиньпинга мансуб ушбу иқтибосларнинг айримлари илк маротаба эълон қилинмоқда.
А.Саидовнинг қайд этишича, Си Цзиньпин асарларида баён этилган инсон ҳуқуқларининг ҳозирги замон хитойча концепцияси халқ мақоми “субъект” сифатида ҳурмат қилинишини назарда тутади. Бу, ўз навбатида, Хитойда инсоннинг мавжуд бўлиш ва тараққий этиш ҳуқуқлари асосий ҳуқуқлар деб ҳисобланиши, инсон ҳуқуқлари қонуний асосда ҳимоя қилиниши, Хитойнинг инсон ҳуқуқларини глобал бошқариш жараёнларида фаол иштирок этишга бўлган интилиши, хитойча воқеликни ва хитойликларнинг инсоният цивилизациясига қўшган ҳиссасини ҳисобга олиш зарурати каби воқеликлардан келиб чиқади.
Китобда қайта-қайта такрорланганидек, Хитой инсониятнинг умумий қадриятлари сифатида тақдим этаётган инсон ҳуқуқлари назарияси, бир томондан, дунёнинг барча мамлакатларига ўзига хос чақириқ бўлса, иккинчи томондан, ўз миллий тараққиётини таъминлаш йўлидаги қатъий талаб ҳамдир. Шу маънода, мазкур концепциянинг мазмун-моҳияти илмий тадқиқотчилар томонидан теран ва алоҳида эътибор билан ўрганилиши ҳар томонлама аҳамиятлидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.06.2023
- Кўришлар: 4652
- Чоп этиш