Ичан қалъа... Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси маданияти жавоҳирларидан бири бўлмиш бу муаззам мажмуада сайр этишни орзу қилмаган ватандошимиз бўлмаса керак. Ҳамкасбларим – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг бир гуруҳ ходимлари билан бирга 11 июнь куни ушбу афсонавий масканга саёҳат уюштирдик.
Саҳар туриб отландик кўрмоқ истаб Хивани,
Минора томон бордик тинглаб гўзал шевани.
Бу қандай диёр бўлди сеҳрлади ҳаммани,
Калтаминор олдидан кездик Ичан қалъани.
Ичан қалъа – Хива шаҳрининг ички шаҳристони, яъни ички шаҳар қисми ҳисобланади. У ўзининг бетакрор ва жозибали тароватига эга обидалари билан ажралиб туради.
Шаҳарнинг бош қопқаси – “Ота дарвоза”дан кириб келганда, ўзига хос меъморий услубда салобат тўкиб турган Муҳаммад Аминхон мадрасаси ва минораси Ичан қалъанинг ўнг томонида жойлашган. Минора 1853-1855 йилларда қурилган бўлиб, халқ томонидан “Калта минор” деб номланади. Мадраса ва минора яқинидаги миллий ҳунармандлик маҳсулотлари сотиладиган савдо расталари гавжум.
Улуғ донишманд ва шоир Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини ҳам зиёрат қилдик. Мақбара 1701-йилларда Шоҳниёзхон давридан қурила бошланган бўлиб, кейинги Хива хонлари томонидан мукаммаллаштирилган. Зиёратчилар бу ердаги булоқ сувидан ичиб, буюк шоир руҳига Худодан савоблар тилайдилар.
Мақбара пештоқига ушбу байтлар битилган:
Ким қилур бу вайрон дилим иморат?
Ким гуноҳим учун берур кафорат?
Мен зиёрат қилдим кўп қабристонни,
Билмадим ким қилур қабрим зиёрат?!
Саёҳат давомида минг устунли масжиддан чиқиб, Тошҳовлига қараб йўл олдик. Тошҳовлига қадимда карвонлар қатнаган тарихий йўлдан юриб борилади. Атрофдаги бетакрор тарихий-маданий муҳит, хоссатан, араваларнинг тошларга муҳрланган асрий излари киши хаёлотини беихтиёр хонлик даврига олиб кетади.
Қад кўтарган қалъалар олиб кетди хаёлни,
заррин нақшлар безар мадраса-ю саройни.
Тошҳовлига етмасдан кўрдик қанча саҳнани,
йўллар тўла савдогар, ҳам тингладик халпани.
Ниҳоят муҳташам Тошҳовли саройига етиб келдик. Сарой усталарнинг юксак меъморий маҳорати ва наққошларнинг бетакрор санъатининг етук маҳсули экан. Ҳайратланарлиси, саройдаги ҳар бир хонада бундан бир неча аср илгари ўзига хос “канализация” вазифасини бажарган меъморий мосламалар ҳам мавжуд.
Саёҳат давомида Ичан қалъа – очиқ осмон остидаги музей эканига яна бир бор амин бўлдик. Ушбу кўҳна мажмуада ҳозир ҳам юртдошларимиз истиқомат қилиб, ўтмиш билан ҳамоҳанг ҳаёт кечираётганларига гувоҳ бўлдик.
Сўзга чорлаб, оғалар, меҳмоним деб чой берди;
ноз-неъмат ила сийлаб, уй тўридан жой берди.
Хива шаҳрининг тарихий рамзларидан бирига айланган Исломхўжа минорасидек ғурури баланд хиваликларга ҳавас қилдик. Исломхўжа мадрасасида бўлиб, илмни қадрлаган ота-боболаримиз билан янада фахрландик.
Алқисса, саёҳатимиздан бир олам таассурот олдик. Албатта, бу азим шаҳарга яна бир бор келиш истаги билан зиёратимизни мухтасар этдик.
Ҳамидулло МЎМИНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бош мутахассиси
- Қўшилди: 14.06.2023
- Кўришлар: 3938
- Чоп этиш