Ўзбекистон вакилининг Хитойга ташрифи тафсилотлари – хорижий ОАВ нигоҳида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг яқинда Хитой Халқ Республикасига амалга оширган ташрифи тафсилотлари Ўзбекистон ва Хитой матбуоти билан бир қаторда, хорижий оммавий ахборот воситаларида ҳам изчил ёритилмоқда. Бу ҳақда, жумладан:

  • инглиз тилида – “Pakistan Today”, “newsflare”, “The Maravi Post”, “Breaking latest news”, “Newsdirectory3”;
  • италян тилида – “China Radio International.CRI”;
  • испан тилида – “CGTN”;
  • индонез тилида – “China Radio International.CRI”;
  • немис тилида – “People's Daily Online”;
  • португал тилида – “Brasil 247”;
  • турк тилида – “Afyon Star Haber”;
  • хауса (Африканинг Чад тиллар оиласига мансуб) тилида – “Leadership” каби интернет-сайтларда ахборотлар эълон қилинди.

Аслида ҳам, ушбу ташриф эътиборга сазовор муҳим учрашув ва мулоқотларга бой бўлди. Ўзбекистон вакили Инсон ҳуқуқларини бошқариш бўйича Пекин халқаро форумида иштирок этди ва ушбу нуфузли анжуманнинг бош фахрий меҳмони сифатида тадбирнинг очилишида сўзга чиқди.

Хитой пойтахтида “Тенглик, ҳамкорлик ва тараққиёт: Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллиги” мавзусида ташкил этилган мазкур халқаро форумда хорижий мамлакатлар делегациялари, Пекиндаги дипломатик корпус раҳбарлари, Хитойнинг етакчи таҳлил марказлари, илмий-тадқиқот институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Очилиш маросимида ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг табриги ўқиб эшиттирилди.

Форумда инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзаро тажриба алмашишнинг нақадар муҳимлиги яна бир бор ўз амалий тасдиғини топди. Хусусан, Ўзбекистон вакили мамлакатда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда ушбу ўзгаришларнинг самаралари ҳақида атрофлича сўзлаб берди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳаларида чуқур дастурий ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу ижобий ўзгаришлар жараёнлари мамлакатга янги ҳаёт ва куч-шижоат бахш этмоқда.

Хитойга ташрифи доирасида Акмал Саидов Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Спикерининг ўринбосари Чжан Цинвэй билан учрашди. Учрашувда барқарор тараққиёт, камбағалликни қисқартириш, коррупцияга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон – Хитой парламентлари алоқаларини янада ривожлантириш муҳимлиги ҳақида сўз юритилди.

А.Саидов, шунингдек, Пекиндаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Котибиятида ШҲТнинг “катта оиласи” дипломатия ваколатхоналари вакиллари учун Ўзбекистон конституциявий ислоҳотлари ҳамда жорий йил 9 июль куни мамлакатимизда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган брифингда асосий маъруза билан қатнашди.

ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар ҳамда мулоқот бўйича шерик мамлакатлар вакиллари қатнашган ушбу тадбирда сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳаларида жадал ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори ўз маърузаси билан мамлакатимизда ўтказилган конституциявий ислоҳотларнинг асосий натижалари ва уларнинг Янги Ўзбекистон барпо этилишидаги ўрни  билан тадбир иштирокчиларини яқиндан таништирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш жараёнига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу сайлов кампаниясининг мазмун-моҳиятига, унинг мамлакатимизни янада ривожлантириш, замонавий, рақобатбардош давлатга айлантиришдаги аҳамиятига урғу берилди.

Жорий йилнинг 30 апрель санаси  - Янги Ўзбекистон ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Биринчи марта умумхалқ референдуми асосида чинакам халқчил Конституция қабул қилинди. Референдумда иштирок этган фуқароларимизнинг мутлақ кўпчилиги янги таҳрирдаги Асосий қонун учун ўз овозини берди.

Конституциявий референдум халқимизнинг кейинги йилларда сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши юксалганини тасдиқлади. Ушбу тарихий танлов билан Ўзбекистон халқи ўзининг юксак ишончи ва ислоҳотлар жараёнини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини яна бир бор намоён этди. Халқ томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Конституцияси Янги Ўзбекистоннинг янада барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Ўз навбатида, жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа бугунги кунда Ватанимиз ўз тараққиётининг янги тарихий даврига қадам қўйганини тасдиқлайди.

Маълумки, Хитойда “Си Цзиньпин инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя этиш ҳақида” номли китоб хитой, инглиз, рус ва бошқа тилларда нашрдан чиқди. Китоб 160 дан ортиқ расмий ҳужжатдан иқтибосларни ўзида жамлаган. Китобда, жумладан, Си Цзиньпиннинг 2012 – 2021 йиллардаги, яъни 10 йил давомидаги маъруза ва нутқлари, суҳбат ва мулоқотлари, интервью ва табрикларидан муҳим кўчирмалар келтирилган. Ундаги 335 та иқтибос мавзулар бўйича 9 та бўлимга тақсимланган бўлиб, Си Цзиньпинга мансуб ушбу иқтибосларнинг айримлари илк маротаба эълон қилинмоқда.

Академик Акмал Саидовнинг миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган “Инсон ҳуқуқларининг хитойча назарияси (“Си Цзиньпин инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя этиш ҳақида” номли китоб мутолааси асносидаги мулоҳазалар)” номли мақоласида шу хусусда сўз боради. Мақолада таъкидланганидек, Хитой инсониятнинг умумий қадриятлари сифатида тақдим этаётган инсон ҳуқуқлари назарияси, бир томондан, дунёнинг барча мамлакатларига ўзига хос чақириқ бўлса, иккинчи томондан, ўз миллий тараққиётини таъминлаш йўлидаги қатъий талаб ҳамдир.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech