Мамлакатимизда ҳар йили 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни ҳамда 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни кенг кўламда нишонланиши бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки давридаёқ қўшилган муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжат – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳам, яқинда умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам сўз, ахборот ва матбуот эркинлиги қатъий кафолатлаб қўйилган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо “Адолатнинг тамал тоши” номли мақоласида шу мавзуда фикр юритган. Мақола “Куч – адолатда” газетасининг 2023 йил 23 июнь сонида эълон қилинди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига кўра, “Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади”.
Виндхук декларациясининг 1-бандида қайд этилишича, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ мустақил, плюралистик ва эркин матбуотни таъсис этиш, қўллаб-қувватлаш ва кучайтириш миллат демократиясини ва иқтисодий тараққиётини ривожлантириш ҳамда рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этади”.
Давлатимиз ва жамиятимизнинг бу борадаги ёндашуви ҳам айнан шундай: сўз, ахборот ва матбуот эркинлиги – Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишидир. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби”.
Мақолада Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидалари билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33, 69, 81 ва 82-моддаларида мустаҳкамланган сўз, ахборот ва матбуот эркинлигини таъминлашга оид нормалар ўртасидаги ўзаро уйғунлик атрофлича таҳлил этилган. Муаллиф, шунингдек, мазкур Декларациянинг 75 йиллиги тантаналари нечоғлик муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида тўхталган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил 5 май куни “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Мазкур Фармоннинг қабул қилинишидан кўзланган мақсад:
биринчидан, БМТ Бош котибининг «Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват» ташаббусини қўллаб-қувватлаш;
иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини изчил ва қатъий бажаришни давом эттириш;
учинчидан, фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тамойиллари ва нормалари тўғрисидаги билимларини ошириш;
тўртинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий, қонунчиликка оид чора-тадбирлар тизимини янада такомиллаштиришдир.
Фармонга мувофиқ, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури” тасдиқланди. Дастур 30 та банддан иборат бўлиб, ҳозирги кунда ушбу бандларда белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.06.2023
- Кўришлар: 3743
- Чоп этиш