Ушбу китобда улуғ авлиё, шайх, тасаввуфнинг йирик намаяндаларидан бири Ҳазрат Занги ота (Ойхўжа ибн Тошхўжа) ҳақида сўз боради. Мовароуннаҳрнинг буюк валийларидан бири бўлган бу мўътабар зот Хожа Аҳмад Яссавийнинг устози Арслонбобонинг эварасидир. Китобда Занги отанинг таржимаи ҳоли, хусусан, исм ва насаблари, аҳли аёллари, сулоласи, таваллуд ва вафот вақтлари, Ватани, саёҳат ва изланишлари, устоз ва шогирдлари, Яссавия тариқатидаги даражалари, мақбара ва зиёратгоҳлари тўғрисида маълумотлар баён этилган.
Занги ота мажмуаси – нафақат Ўзбекистон, айни чоғда, Марказий Осиё минтақасидаги ноёб тарихий-меъморий ва маданий-маърифий мажмуа ва табаррук зиёратгоҳлардан ҳисобланади. Шу маънода, мажмуанинг Соҳибқирон Амир Темур томонидан бунёд этилиши, Темурийзода – олим ва шоҳ Мирзо Улуғбек томонидан таъмирланиши, кейинги даврларда, айниқса, мустақиллик йилларида бу мўътабар масканда амалга оширилган ободлик ва бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам китобда муҳим маълумотлар берилган.
Асарда Ҳазрат Занги отанинг маънавияти ва фаолияти мисолида тасаввуфга доир қизиқарли маълумотлар келтирилган. Занги отанинг каромат ва фазилатлари, ул зот ҳақидаги шеър ва ривоятлар, шунингдек, улуғ авлиё меросининг Шарқда ва Ғарбда ўрганилиши масалари талқин этилган.
Ушбу китоб 2015 йилда нашр этилган бўлса-да, шу ўтган давр мобайнида муаллиф мавзу доирасида кўплаб илмий изланишлар олиб борди, ўз фикр-мулоҳазаларини рисолада, журнал ва гезеталарда эълон қилди. Ушбу тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашрда Ҳазрат Занги ота ҳаёти ва фаолиятига доир янгидан-янги маълумотлар, китобнинг биринчи нашри хусусида юртимиз зиёлилари, олиму адиблари томонидан билдирилган фикрлар билан ҳам яқиндан танишасиз.
Китоб илмий-оммабоп усулда ёзилган бўлиб, тасаввуф тарихи билан қизиқувчи мутахассислар ҳамда кенг китобхон оммасига мўлжалланган.
Муаллиф : Акмал Саидов
Масъул муҳаррир: Нуриддин Халиқназаров
Муҳаррирлар: Ғулом Мирзо, Азизбек Рамазонов
Адади: 500 дона
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати
- Қўшилди: 26.06.2023
- Кўришлар: 3765
- Чоп этиш