Қийноқлар инсониятга қарши жиноятдир. Ушбу соҳада қабул қилинган барча ҳужжатлар қийноқларни қўллашни қатъиян тақиқлайди ва қийноқларнинг ҳар қандай кўринишини оқлашни рад этади.
Қийноқлар инсон шахсиятини синдириш ва инсоннинг ўзига хос қадр-қимматини бузиш учун қўлланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳар доим қийноқларни баъзи одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний ҳаракатлардан бири сифатида қоралаб келади.
Қийноқлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига кўра оғир жиноят ҳисобланади. Тегишли барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян ман этилган ва уни ҳеч қандай шароитда оқлаб бўлмайди. Ушбу тақиқ халқаро ҳуқуқнинг унсури ҳисобланиб, давлатлар қийноқларни қўллашни тўғридан-тўғри тақиқловчи халқаро шартномаларни ратификация қилган ёки қилмаганидан қатъи назар, халқаро ҳамжамиятнинг барча аъзолари учун мажбурийдир.
Қийноқлар қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни 1987 йил 26 июнда БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияси кучга кирган сана шарафига нишонланади. Бугунги кунга қадар 173 давлат мазкур Конвенцияга аъзодир.
1997 йилда Иқтисодий ва ижтимоий кенгашнинг тавсиясига биноан БМТ Бош Ассамблеяси 26 июнни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқлар қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни деб эълон қилди. Ушбу халқаро сана ҳар йили қийноқларга барҳам бериш ва 1987 йил 26 июнда кучга кирган БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенциянинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида нишонланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айнан Қийноқлар қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро кунида қабул қилинган. Бу, ўз навбатида, давлатимиз ва жамиятимиз учун ушбу куннинг тарихий аҳамиятини миллий ва халқаро даражада янада оширди.
Ҳужжатнинг мақсади, БМТ устав органлари ва шартнома қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, қийноқларнинг олдини олишнинг миллий превентив механизмини такомиллаштиришдан иборатдир. Президентимиз қарорида кўзда тутилган ислоҳотларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилаётгани, шубҳасиз, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимизда бу борадаги ислоҳотлар ҳақида ижобий фикр шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, инсонни қийнашдан мақсад унинг шахси ва шаънини, виждони ва қадриятини камситишдир. Шу боис Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам, Ўзбекистон Республикаси ҳам доимий равишда қийноқлардан фойдаланишни муайян шахслар томонидан бошқа шахсларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний жиноят сифатида тавсифлаб келади.
Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар инсониятга қарши жиноят ҳисобланади. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян ман этилган, қийноқлар ҳеч қаерда ва ҳеч қачон оқланмайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.
Жиноят кодексининг 235-моддасида қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалалар тушунчасига берилган таъриф БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси талабларига тўлиқ мос келади.
Ҳукумат инсон ҳуқуқларини амалга ошириш учун қонунчилик, маъмурий, институционал, таълим, мониторинг, иқтисодий ва бошқа барча чораларни кўрмоқда.
Халқаро ташкилотлар тавсияларини амалга ошириш, шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш мақсадида кейинги йилларда қонун устуворлиги, қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жиноят, жиноят-процессуал ва маъмурий қонунчиликни либераллаштириш, судгача бўлган иш юритиш босқичида суд назоратини кучайтиришга қаратилган кўплаб қонунлар қабул қилинди. Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Жиноят-ижроия кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва бошқа бир қатор қонунларга қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон ҳукумати, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан қабул қилинган қонунлар доирасида инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш, қийноқларга қарши курашиш борасида тизимли ва изчил ишлар амалга оширилмоқда. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, жумладан, халқаро мажбуриятларимизнинг бажарилишини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, жумладан, қийноқларнинг олдини олиш соҳасида изчил ва босқичма-босқич чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 31 августда БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясига қўшилиши давлатнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг умумэътироф этилган қадриятларига интилишини тасдиқлади. Қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича қатор халқаро стандартларнинг эътироф этилиши мамлакатимиз пенитенциар тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш масалаларини долзарблаштирди.
Миллий қонунчиликка БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Маҳбуслар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари” (Нелсон Мандела қоидалари) имплементация қилинди.
2020 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида тезкор-қидирув фаолияти, тергов органларида қийноқларнинг олдини олиш ва жазони ижро этиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қийноқлар ва бошқа шафқатсиз муомалаларга қарши курашишга қатъий содиқлик билдирилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Қийноқлар олдини олишнинг миллий превентив механизмини амалга ошириш доирасида биз бундан буён ҳам унинг барча кўринишларига, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомалага қатъий барҳам беришни давом эттирамиз. Бундай жиноятлар учун даъво муддати бўлмайди”.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўқув жараёнининг методологияси ва усулларини такомиллаштириш, аҳолининг турли қатламларини қамраб олиш нуқтаи назаридан фаоллаштириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури”га мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида “Қийноқларга қарши кураш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курслари мунтазам асосда ўтказилмоқда.
БМТнинг бутунжаҳон кампанияси доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасида кенг кўламли ахборот-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТ Тараққиёт дастури, ЮНИСEФ, ЮНEСКО, ХМТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси давлат тилига таржима қилиниб, кўп нусхада чоп этилди.
Қийноқларга қарши кураш мавзуси Ўзбекистонда чоп этилаётган кўплаб юридик, иқтисодий, педагогик журнал ва газеталарда ёритилмоқда. Жумладан, “Демократиклаштириш ва инсон ҳуқуқлари”, “Ижтимоий фикр ва инсон ҳуқуқлари”, “Қалқон”, “Ҳуқуқ ва бурч” каби журналлар учун бу масала устувор йўналиш ҳисобланади.
Ўзбекистон Қийноқларга қарши конвенция бўйича ўз зиммасига олган барча мажбуриятларини изчил бажаради ва БМТнинг барча инсон ҳуқуқларига оид ташаббусларини қўллаб-қувватлашда давом этади.
Ойбек Аҳмадов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази масъул ходими
- Қўшилди: 27.06.2023
- Кўришлар: 4117
- Чоп этиш