19-23 июнь кунлари Шимолий Македониянинг Скопье шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар академиясининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида конун устуровлиги мавзусида семинар тренинги бўлиб ўтди. Тадбир Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуҳуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Европа тармоғи билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар академияси – ЕХҲТ минтақасидаги инсон ҳуқуқлари миллий институтларидан танланган иштирокчиларни бирлаштирувчи ҳамда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашиш имконини берувчи ЕХҲТ ДИИҲБ ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Европа тармоғи томонидан ҳар йили ўтказиладиган ўқув семинари ҳисобланади.
Тадбирнинг мақсади – қонун устуворлиги масалаларини ҳал этишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий инстутутлар ходимлари салоҳиятини оширишдан иборат.
Семинарда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар 2023 йилги фаолиятида дуч келадиган муайян муаммоларни қандай ҳал қилиш ва инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш бўйича ўз ролини янада самарали бажариши бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Шу негизда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар академияси доирасида ЕХҲТ минтақасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий инстутутлар юқори ва ўрта бўғин ходимларининг кўникмалари оширилди.
Aкадемиянинг бир ҳафталик дастури давомида қонун устуворлигига қаратилган интерфаол сессиялар ўтказилди. Шунингдек, Македония Республикаси Конституциявий судига танишув ташрифи амалга оширилди.
Тренингларда миллий контекстда қонун устуворлиги муаммоларини ҳал қилишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар мандатига алоҳида эътибор қаратилди. Бир ҳафта давом этган ушбу курс иштирокчиларнинг асосий қонун устуворлиги муаммолари, уларнинг инсон ҳуқуқлари ва демократия билан боғлиқлиги ҳақида хабардорлигини оширди ва иштирокчиларга ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун воситалар тўпламини тақдим этди.
Семинар-тренингда ёритилган бошқа мавзулар ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар мустақиллиги, шу жумладан Париж тамойиллари, гендер тамойилларини жорий этиш билан боғлиқ бўлди. ДИИҲБ ва бошқа муассасалар мутахассислари Aкадемиянинг ҳар бир сессияси мазмуни ўринли ва иштирокчилар эҳтиёжларига мос келишини таъминлади.
Бундан ташқари, Aкадемия тингловчилар ўртасида яхши тажриба алмашиш учун очиқ муҳит яратди. Семинар-тренинг машғулотларини:
- ЕХҲТнинг ОAВ эркинлиги бўйича вакилининг бош маслаҳатчиси, Голландия ҳуқуқи, халқаро ҳуқуқ ва журналистика бўйича илмий даражаларга эга Aнтониус Ван ден Брандт;
- Словакиялик ҳуқуқшунос ва 30 йиллик тажрибага эга қонун устуворлиги бўйича эксперт, Словакиядаги биринчи жамоат манфаатларини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилоти Виа Иурисга асос солган ва инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳитга оид кўплаб ишларни судга берган Павол Зилиник;
- Европа бўйлаб оммавий ахборот воситалари ходимларини қўллаб-қувватловчи ECPMFнинг ҳуқуқий ёрдам дастури бошқарувчиси, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан сўз эркинлигини ҳимоя қилиш учун қонунчиликни такомиллаштириш соҳасидаги мутахассис Флутура Кусари;
- ўн саккиз йилдан ортиқ тажрибага эга ҳуқуқшунос ва инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассис Керсти Маккорт;
- Миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг Европа тармоғи котибиятида 2021 йил сентабр ойидан буён фаолият юритувчи, асосий эътиборни қонун устуворлиги, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси ва Европа Иттифоқининг Aсосий ҳуқуқлар Хартиясини амалга оширишга масъул мутахассис Паула Новек олиб борди.
Семинар-тренингда 25 та давлатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича институтлари вакилллари иштирок этди. Мазкур тадбирга Ўзбекистондан ҳам вакил – Миллий марказ масъул ходими таклиф қилингани мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, инсон қадри тобора юксалиб бораётганидан далолатдир.
Бундай халқаро кўламдаги ўқув тадбирларида қатнашиш бизга қонун устуворлигини таъминлаш соҳасида хорижий мамлакатларнинг энг илғор тажрибаларини жорий қилиш ҳамда халқаро ва минтақавий тузилмалар, хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради.
Ҳусниддин ХОЛМАМАТОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси
- Қўшилди: 27.06.2023
- Кўришлар: 3972
- Чоп этиш