2023 йил 26-27 июнь кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Европа Кенгаши ва Европа Иттифоқининг “Марказий Осиёда қонун устуворлиги” қўшма дастури Минтақавий бошқарув қўмитаси иккинчи йиғилиши ўтказилди. Унда Дастурнинг ижроси доирасида амалга оширилган ишлар, бажарилиши лозим бўлган вазифалар ва кутилаётган натижалар муҳокама қилиниб, ҳамкорликда ташкил этиладиган тадбирлар белгилаб олинди.
Йиғилишда Марказий Осиё мамлакатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистоннинг давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари, жумладан, Конституциявий суд ва Олий суд, тегишли вазирликлар, Омбудсман ва инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа миллий институтлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, коррупцияга қарши курашувчи органлар, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш бўйича миллий муассасалардан жами 60 нафар иштирокчи қатнашди.
Тадбирнинг очилишида Европа Иттифоқининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси Кестутис Янкаускас, Европа Кенгашининг Дастурларни мувофиқлаштириш бўйича директори Клаус Нойкирх, Марказий Осиё давлатлари делегацияларининг раҳбарлари сўзга чиқди. Дастур доирасида 2022 йилда Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократия соҳаларидаги тажриба ва воситаларидан фойдаланган ҳолда 56 та икки томонлама ва 7 та минтақавий тадбир муваффақиятли ташкил этилганлиги таъкидланди.
Жумладан, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни такомиллаштириш, мослаштирилган ўқув материалларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг салоҳиятини ошириш, хабардорликни ошириш, тажриба алмашиниш бўйича турли форум, конференция ва семинарлар ўтказилди. Бундай ҳамкорликдаги тадбирлар келажакда изчил давом эттирилиши муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, Дастур 2024 йилнинг июнига қадар узайтирилганлиги эълон қилинди. Истиқболда Европа Кенгаши ва Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликда минтақада инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократик бошқарувни илгари суриш йўлидаги фаолиятни давом эттиради.
Тадбирда “Марказий Осиёда қонун устуворлиги” дастури ижроси доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди. Таклифлар асосан:
- Марказий Осиёда ягона ҳуқуқий маконни изчил яратиш бўйича ишларни кенгайтириш ва Европа Кенгашининг энг долзарб конвенцияларини Марказий Осиё мамлакатлари учун илгари суриш;
- юридик соҳа мутахассислари учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа таълим дастури (HELP) томонидан ишлаб чиқилган ўқув воситаларининг амалиётчи ҳуқуқшунослар – судьялар, прокурорлар, адвокатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимига инсон ҳуқуқлари стандартларини самарали жорий этиш бўйича тадбирларни кенгайтириш;
- коррупция ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда терроризмни молиялаштиришнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошириш;
- конституциявий ислоҳотлар ва қонун устуворлиги тамойилларига мувофиқ суд мустақиллиги каби масалаларни Венеция комиссияси кўмагида илгари суриш йўналишларини қамрайди.
Иштирокчилар эътибор қаратганларидек, Европа Кенгаши 2022 йил 5–6 декабрь кунлари инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг халқаро, минтақавий ва миллий даражада ривожланиши йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форумини ташкил этишда халқаро ҳамкор сифатида фаол иштирок этди. Флорум натижалари Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг қабул қилинишида ҳисобга олинган. Ўтган қисқа даврда Миллий таълим дастури ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа таълим дастури (HELP) доирасида қатор семинар-тренинг ва ўқувлар амалга оширилди.
Йиғилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакили иштирок этди. Мамлакатимиз вакили томонидан 2023 йилда судьялар, адвокатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун қийноқларга қарши курашиш, гендер тенглик, оиладаги зўравонликка барҳам бериш, боланинг энг яхши манфаатларига қаратилган одил судлов, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига бағишланган ўқувлар, семинар-тренингларни ташкил қилиш ишларини кенгайтириш таклиф қилинди.
Маълумот учун: Марказий Осиёда қонун устуворлиги дастури (2020-2024) қўшма минтақавий дастур бўлиб, Европа Иттифоқи ва Европа Кенгаши томонидан молиялаштирилади ҳамда Европа Кенгаши томонидан амалга оширилади. Дастур ислоҳотлар жараёнларига кўмаклашиш орқали Марказий Осиё мамлакатларида Европа андозалари ва бошқа халқаро стандартларга мувофиқ инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократияни мустаҳкамлашга қаратилган.
Дастур қуйидаги йўналишларни қамраб олади:
(1) Европа ва Марказий Осиё ўртасида умумий ҳуқуқий маконни яратишга кўмаклашиш ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш;
(2) Иқтисодий жиноятларга қарши шаффофликни таъминлаш ва курашишга кўмаклашиш;
(3) давлат муассасалари ва давлат бошқаруви органларининг самарали фаолиятига кўмаклашиш.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.06.2023
- Кўришлар: 3834
- Чоп этиш