ПАРЛАМЕНТЛАРАРО ҲАМКОРЛИК

ПАРЛАМЕНТЛАРАРО ҲАМКОРЛИК

Сайёрамизда демократия, тараққиёт ва барқарорликни таъминлашга қаратилган

 

30 июнь – Халқаро парламентаризм куни. Ушбу халқаро сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2018 йилда таъсис этилган. Дунё парламентларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барқарор тараққиёт, тинчлик ва фаровонликни таъминлашдаги ролини эътироф этиш учун айнан шу кун танлангани бежиз эмас.

Чунки 1889 йил 30 июнда глобал парламент мулоқоти ва ҳамкорлигининг кашшофига айланган нуфузли ва “энг ёши улуғ” халқаро ташкилот – Парламентлараро Иттифоқ ташкил топган. Бугунги кунда Парламентлараро Иттифоққа 179 та давлатнинг миллий парламентлари ва 14 та парламентлараро минтақавий ташкилот аъзо ҳисобланади.

Ҳозирги даврда ҳар бир мамлакатда давлат ҳокимиятининг муайян шакллардаги вакиллик органлари мавжуд. Парламентлар – жамиятнинг давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш имкониятини берувчи асосий вакиллик ҳокимияти органларидир. Улар қонун устуворлиги, тенглик, адолат ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Айни вақтда дунёнинг 27 мамлакатида миллий парламент куни ҳам нишонланади. Аммо, парламентаризм миллий воқелик даражасидан чиқиб, трансчегаравий хусусият касб этганига анча вақт бўлди. Бинобарин, бундан беш йил илгари БМТ томонидан Халқаро парламентаризм кунини таъсис этиш тўғрисидаги қарор қабул қилингани бугунги дунёда парламентларнинг роли тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Бу халқаро сана – сайёрамизда демократия, тараққиёт ва барқарорликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламентларнинг аҳамиятини таъкидлаш учун қулай имкониятдир.

Бу халқаро сана – ер юзида парламентаризмни мустаҳкамлаш ва унинг ижтимоий адолат ва барқарор ривожланиш борасидаги самарадорлигини ошириш учун қатъий саъй-ҳаракатлар зарурлигига бутун инсоният эътиборини қаратиш учун жуда муҳим фурсат.

Жорий йилда Парламентлараро Иттифоқ ташкил этилганига 134 йил тўлди. Бу шунчаки сана эмас, балки демократия, қонун устуворлиги, тинчлик ва фаровонлик йўлида босиб ўтилган улкан бир даврнинг рақамлардаги мухтасар ифодасидир.

Парламентлараро Иттифоқни яратишга бел боғлар экан, унинг асосчилари Уилям Рэндал Кремер ва Фредерик Пасси давлатлараро мулоқот ҳамда ўзаро ҳамкорлик негизида тинч-тотув яшаётган дунёни тасаввур қилганлар. Энг муҳими, улар ўзаро мулоқотнинг куч-қудрати ва демократиянинг зарурлигига ишонганлар. Орадан 134 йил ўтиб, Парламентлараро Иттифоқ аъзолари мазкур ташкилот асосчилари ёққан эзгулик машъаласини баланд кўтариб, демократия, мулоқот ва тараққиёт йўлидан дадил одимламоқда.

Ўтган давр Парламентлараро Иттифоқ давлатлар ўртасидаги тафовутларни бартараф этиш, ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик учун қулай майдон яратиш ва бутун дунёда демократик бошқарувни ривожлантириш борасида тубдан янги қадам, муҳим кашфиёт бўлганини амалда намоён этиш палласи бўлди. Бугунги кунда Парламентлараро Иттифоқ тинчлик, демократия ва барқарор тараққиёт борасида дунё мамлакатларига кўмаклашишдек эзгу амални собитлик билан давом эттирмоқда.

Парламентлараро Иттифоқнинг “Демократия учун. Ҳамма учун” деган шиори замирида унинг демократик институтларни қўллаб-қувватлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш матлабига бўлган қатъий садоқати мужассамдир. Бу шиорнинг халқ онгу шуурига тез сингиши ва теран акс-садо бериши бежиз эмас, чунки у барчамизни бирлаштириб тургувчи орзу-умидлар ва хайрли интилишларга ўзига хос чорловдир.

Демократия шунчаки бошқарув тизими эмас, бу – эркинлик, тенглик ва адолатга содиқлик, дегани. Бу – ирқи, дини, жинси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча фуқароларнинг овози эшитилади, хоҳиш-истакларига қулоқ солинади, деган ишонч ва инончдир.

Парламентлараро Иттифоқ доирасидаги ҳамкорлик нафақат дунё мамлакатлари қонунлари асосларини ўзаро бойитишга хизмат қилади, балки биргаликда дунёни яхши томонга ўзгартиришга ҳам имкон беради.

Халқаро парламентаризм куни – демократия ва вакиллик ҳокимиятининг аҳамиятини таъкидлаш учун ғоят муҳим сана. Бу кунда ҳар биримиз ўзимиз яшаб турган жамият асос солган қадрияту тамойилларни ҳурмат қилиш ва ҳимоя этишга хизмат қилаётган миллий парламент институтларини муттасил мустаҳкамлаш ва ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратамиз.

Халқаро парламентаризм куни – парламентларнинг демократия ва фуқаролар эркинликларини илгари суриш, тинчлик ва барқарор ривожланишни глобал даражада қўллаб-қувватлашдаги муҳим ролига ҳурмат бажо келтириш имкониятидир.

Жорий йилда ушбу халқаро сана “Парламентлар – сайёрамиз учун” шиори остида нишонланмоқда. Бинобарин, Парламентлараро Иттифоқ миллий парламентларга экологияни асраб-авайлаш, барқарор ривожланиш маданиятини жорий этиш, Париж битимини амалга ошириш ва иқлим ўзгаришларига қарши курашиш соҳаларида қонунлар қабул қилишни тавсия этади.

Бу йўлдаги дастлабки қадам сифатида Парламентлараро Иттифоқ миллий парламентларда экологияга эътибор кучайтирилишини кўзда тутадиган 10 та муҳим чора-тадбирни амалда қўллашни таклиф этмоқда. Бу чора-тадбирлар мажмуи уч тоифадан иборат бўлиб, парламентларни экологиялаштиришни ташкиллаштириш, парламентлар иш услубларини экологиялаштириш ва барқарор ўзгаришлар маданиятини ривожлантириш истиқболларини кўзда тутади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, БМТ Бош Ассамблеяси 2022 йил 14 декабрда Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилган резолюциясида Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳам миллий, ҳам глобал миқёсда амалга оширишда миллий парламентларнинг ролини эътироф этди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Олий Мажлиси парламентлараро ҳамжамиятнинг Парламентлараро Иттифоқ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Европа Парламенти, ТуркПА каби нуфузли органлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон парламенти Парламентлараро Иттифоқ қарорлари ва расмий ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Шу асосда тинчлик, хавфсизлик, барқарор тараққиёт ва ҳамкорлик масалалари бўйича парламентлараро мулоқотни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Олий Мажлис палаталарининг Парламентлараро Иттифоқ фаолиятидаги иштироки асосан мазкур ташкилот Ассамблеяси доирасида, Ижроия қўмита ва доимий қўмиталарга аъзолик, биргаликда халқаро форум ва семинарлар ўтказиш, шунингдек, ташкилотнинг асосий ҳужжатларида белгиланган принцип ва механизмларни амалиётга татбиқ этиш орқали амалга оширилмоқда.

Парламентлараро Иттифоқ тавсияси асосида Олий Мажлис палаталари томонидан муайян ҳужжатларни тасдиқлаш амалиёти жорий этилгани парламентимиз аъзолари учун муҳим янгилик бўлди. Бу ўринда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузалар, инсон ҳуқуқларини амалга оширишни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий механизмлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга тааллуқли “йўл хариталари”ни тасдиқлаш ҳақида сўз бормоқда.

Парламентлараро Иттифоқ билан ўзаро ҳамкорликда кўплаб йирик форумлар ўтказилганини қайд этиш ўринлидир. Кенг жамоатчилик ва маънавият соҳаси арбоблари иштирокида, хусусан, Тошкентда – парламент спикер аёлларининг 14-саммити, шунингдек, Бухорода  – “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда глобал парламентлараро ҳамкорлик”, Самарқандда  – “Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашда парламентнинг ўрни” мавзуларида халқаро анжуманлар ташкил этилди.

Парламентлараро Иттифоқ миллий парламентимизнинг иккита комиссияси фаолиятига юқори баҳо берди. Булардан бири – Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ижросини назорат қилиш бўйича комиссия бўлса, иккинчиси – Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя этилишини мониторинг қилиш бўйича комиссиядир.

Энг асосийси, Ўзбекистон демократик институтларни мустаҳкамлаш ва қарорлар қабул қилишда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга катта аҳамият бериб, парламентаризмни ривожлантириш борасида сезиларли ютуқларга эришди. Юртимиздаги парламентаризм тараққиёти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва мамлакатда барқарорликни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституция асосида давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи тармоғининг ваколатлари ва мажбуриятлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Ўзбекистон парламенти қонун ижодкорлиги билан бир қаторда назорат-таҳлил фаолияти, хусусан, парламент эшитувлари, бюджет назорати, ҳукумат соати, депутатлик сўровларини ташкил этиш, сайловчилар билан мунтазам учрашувлар ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Халқ томонидан сайланган ҳокимият органлари – парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг ўрни ва аҳамияти тубдан ўзгарди. Парламентлараро Иттифоқ тавсияларига мувофиқ Олий Мажлис, сиёсий партиялар ваколатлари кенгайтирилди, парламент ва жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланмоқда. Бундан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, судялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари томонидан парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисобот ва ахборот тақдим қилиниши тартиби жорий этилди.

Шундай қилиб, Халқаро парламентаризм куни таъсис этилгани, шубҳасиз, дунё парламентлари сайёрамизда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутиб келаётганига халқаро ҳамжамият эътиборини қаратишда улкан аҳамият касб этади. Шу билан бирга, ушбу халқаро сана парламентаризмнинг асосий демократик қадрият ва анъана мақомидаги ижобий имижини оширишга хизмат қилади.

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech