Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва миллий қонунчилик мавзусида семинар ўтказилди

4 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси томонидан “Миллий қонунчиликни Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мослаштириш” мавзусида семинар ўтказилди. Тадбир БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинарда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи давлат органлари ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, экспертлар иштирок этди. Иштирокчилар БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш йўналишлари ва истиқболларини муҳокама қилдилар.

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаёти барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шароитлар яратиш бўйича давлат томонидан тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари кучайтирилмоқда.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасида “давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди” деган норма мустаҳкамланди.

Миллий парламент 2020 йилда янги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, мазкур қонун билан бир қаторда, “Таълим тўғрисида”, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунлар, Меҳнат кодекси, Сайлов кодекси каби қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш механизмини такомиллаштиришда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Жумладан, Президентнинг 2022 йил 25 июлдаги Фармони билан тасдиқланган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясида ногиронлиги бўлган шасхсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига ўтиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш масалалари ўз ифодасини топди.

Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 17 февралдаги Фармони билан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари белгиланди.

Ўзбекистон томонидан 2021 йилда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилинди. Жорий йил Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг бирламчи миллий маърузасини топшириш режалаштирилган. Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан биринчи миллий маърузанинг асосий жиҳатлари тўғрисида маълумот берилди.

Шунингдек, 2022 йил 19 декабрь куни Олий Мажлиси палаталари кенгашлари қўшма қарори билан “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси” тасдиқланди. Миллий ҳаракатлар режасининг биринчи бандида миллий қонунчилик ва амалиётни Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидалари ва тамойилларига мувофиқлаштириш вазифаси белгиланган.

Тадбирда Ўзбекистон миллий қонунчилигини Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция нормаларига тўла мувофиқлаштириш, қонунлар ва идоравий ҳужжатлар ўртасидаги ихтилофларни бартараф этиш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ амалиётда юзага келаётган айрим салбий ҳолатларнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар, болалар ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, инклюзив таълимни такомиллаштириш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.   Бу борада амалий ечимлар тавсия этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech