“Менинг Президентим”

Ушбу ибора замирида халқимизнинг юксак ишончи, меҳри, фахр-ифтихор туйғулари мужассам.

Куни кеча халқимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ўзига муносиб раҳбарни танлаб олди. Дастлабки натижаларга кўра, Шавкат Мирзиёев янги муддатга сайловчиларнинг 87,05 фоиз овозини олди. Бу Юртбошимизнинг олиб бораётган фидокорона фаолиятига адолатли баҳо, эртанги кунга юксак ишонч ифодасидир.

Президентимизнинг ўтган даврдаги фаолиятини, халқнинг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини “Менинг Президентим!» асарини ўқиб, теран мушоҳада қиласиз.

Китоб — таниқли сиёсатшунос, кўп йиллардан буён мамлакатимиз тараққиётига муносиб хизмат қилиб келаётган миллат фидойиларидан бири, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Қудратилла Рафиқов қаламига мансуб. 

Аввало, асарнинг номи ҳақида. Қарийб бир ярим аср мобайнида мустамлака ҳолида яшаган, ўз миллий давлатчилигидан маҳрум этилган халқ вакили сифатида бугун: “Менинг Президентим!» дея баралла айтиш ҳар бир Ўзбекистон фуқароси кўнглида фахр-ифтихор туйғусини жўш урдиради.

Давлат раҳбари фаолиятига халқ баҳо беради. Шу боис китобда кўтарилган масалаларга муаллиф халқ номидан, унинг бир вакили сифатида ёндашади. Асарнинг номи ҳам халқ фикрини ифодалайди.

Китобдан ўрин олган мақолалар, мушоҳадалар, талқинлар 2017 — 2021 йиллар мобайнида ёзилган ва ўз вақтида матбуотда эълон қилинган.

“Мард элга қайишади” мақоласи 2017 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси таъсирида битилган. Унда ўша пайтда сиёсатда янгилик бўлган Мурожаатнома шаклининг мазмуни очиб берилади. Муаллиф ушбу йил тўла маънода инқилобий янгиланишлар, инсонни эъзозлаш, одамлар қалбига йўл топиш даври бўлганини қайд этади. 

“Ўзбекистон баҳори” мақоласида Наврўз талқинлари фонида Ўзбекистон ҳаётида ҳам чинакам баҳор бошлангани эътироф қилинади. Инновация бугунги сиёсатнинг асосий тамойилларидан бири сифатида белгилангани таъкидланади, давлат идоралари халқ билан бевосита мулоқотга киришгани, энди одамлар банклар эшикларини эмас, банклар фуқаролар эшикларини қоқа бошлагани, турли даражадаги раҳбарлар халқ олдига келиб, аҳвол сўрашни одат қилгани, кластерлар тизими жорий этилаётгани ва ҳоказо янгиликлар таҳлилга тортилади ва уларнинг аҳамияти кўрсатилади.

“Янгиланаётган Ўзбекистон: тарихни кучлилар яратади” таҳлилий чиқишида аввалбошдан бир муҳим масала кўндаланг қўйилади: “...янгиланаётган Ўзбекистон динамикаси ўтмиш хатоларини титкилаб обрў топишни эмас, одамларнинг бугунги кунини фаровон қилишни назарда тутиши билан ҳам аҳамиятлидир”. Муаллиф Шавкат Мирзиёевнинг: “Одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак!» деган ақидани ҳаётий принципга айлантирганини таъкидлайди. Лекин бу — айтишгагина осон гап. Уни амалга ошириш учун эса буни давлат сиёсатининг мағиз-мағзига сингдириш талаб этилади. Шундай қилиняпти ҳам.

“Илк ва сўнгги сўзимиз: Ватан!» эссесида миллийлик масаласи қаламга олинган. Унда миллий ғоя ва мафкура бугун сув билан ҳаводек зарурлиги уқтирилади. Бунинг замирида эса, табиийки, ватанпарварлик ётибди. Чунки бугун энг қудратли дея эътироф этиладиган АҚШ, Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, Туркия, Япония каби давлатлар сиёсати ҳам бир миллий ғоя устига қурилган. Шу маънода, муаллиф бугунги Ўзбекистоннинг мавқейи фақат мамлакатимиз тақдири билангина боғлиқ масала эмаслигини ўртага қўяди. Бунинг учун ХХ асрнинг таниқли сиёсатшуноси Збигнев Бжезинскийнинг ХХ аср 80 йиллари охирида минтақамиз вазиятига баҳо бериб айтган: “Ўзбекистоннинг мустақиллиги Ўрта Осиёдаги бошқа давлатларнинг яшаб кетмоғи учун жуда катта аҳамиятга эга”, деган фикрига таянади.

“Марказий Осиё: асрий орзулар рўёби” мақоласида Ўзбекистоннинг 2017 —2019 йилларда изоляциядан чиқиш сиёсатини амалга оширгани ҳақида сўз боради. Муаллиф «1991 ва 2017 йиллар орасида атиги бир киши оқланган бўлса, кейинги уч йилда 1 минг 705 нафар инсон янги ҳукумат сиймосида адолат қуёшини кўргандай бўл”ганини, «2017 йилга қадар ўтган 10 йилда юртимизга 14 миллион сайёҳ келган бўлса, кейинги уч йилда улар сони 15 миллиондан ошиқни ташкил эт”ганини ёзади. Бу очиқлик сиёсати нафақат мамлакатимиз, балки минтақамиз аҳолиси ҳаётида, қолаверса, дунё сиёсатида муҳим янгиланиш ясагани билан ғоятда аҳамиятли экани таъкидланади.

“Минтақа баҳори”да эса “Президент Шавкат Мирзиёевнинг эзгу ташаббуслари Марказий Осиё ҳаётига кўклам нафасини олиб кирди” деган қайд билан берилган. Мақолада давлатимиз раҳбари олиб бораётган янгича сиёсат моҳияти атрофлича таҳлил қилинади. Муаллиф икки масалани ўртага қўйган. Биринчиси — узоқ йиллардан бери беҳаловат ҳаёт давом этаётган қўшни Афғонистонда тинчлик-осойишталик ва барқарорлик ўрнатиш, иккинчиси — мамлакатимизда камбағалликни камайтириш сиёсатини изчил амалга ошириш.

Бу икки масала юзаки қарагандагина бир-бирига алоқаси йўқдек туюлиши мумкин. Амалда эса улар бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Муаллиф: “Шу икки йўналиш, ўйлайманки, нафақат Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ўзида акс эттириши билан, балки бутун бир минтақа ҳаётига дохиллиги билан ҳам ажралиб туради. Қолаверса, бу “миллий концепция” Ўзбекистоннинг ташқи имижига ҳам ижобий таъсир этади”, деб ёзади.

Марказий Осиё минтақаси халқларини порлоқ келажак кутмоқда. Бу — Жануб билан тиғиз иқтисодий-ижтимоий алоқаларни ўрнатиш орқали амалга ошадиган эзгу ғоя. Чунки, тўғри таъкидланганидек, ҳар қандай давлатнинг тараққий этиши бугун жаҳон бозорига қай даражада кириб боришига бевосита боғлиқ. Бизни Жанубда жуда катта бозор кутиб турибди. Ахир Афғонистон, Эрон, Покистон ва Ҳиндистонда дунё аҳолисининг бешдан бири, яъни 1,5 миллиард киши истиқомат қилади. Марказий Осиё эса Афғонистонни ҳам қўшганимизда 100 миллион кишилик минтақа. Шу ҳудуднинг марказида Ўзбекистонимиз жойлашган. У амалда минтақадаги қолган беш давлатнинг ҳаммасини ўзаро боғлайди. Бу бизга жуда катта мувофиқлаштириш имконини беради. Бироқ ана шу катта бозорга кириб боришимиз учун Афғонистон йиллар мобайнида ўтиб бўлмас чангалзордай бўлиб ётибди. Агар шу мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилса, у ерда мўътадил муҳит пайдо бўлади, барқарорлик юзага келади, замонавий тараққиёт бошланади.

Қайд этилганидек: “Президентимиз бошлаган тинчлик йўли эса минтақа иқтисодиёти артериясини қирқ йиллик тиқинлардан тозалаб, Марказий Осиё томирларида худди бир пайтлардагидек “тоза қон” оқишини таъминлайди. Бу ўз кўлами ҳамда натижадорлигига кўра жуда улкан ишдир”. 

Муаллиф, албатта, Афғонистонда тинчлик ўрнатилишининг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий-тижорий томонларини назарда тутган. Бироқ бунинг улкан маънавий-маърифий аҳамияти ҳам бор. Аввало, кўҳна тарихимиз Афғонистон билан чамбарчас кечган. Кушон давлатини оламизми, сомонийлар ёки Ғазнавийлар давлатларини кўзда тутамизми, темурийлар, шайбонийлар давлатларини ўрганамизми — барчасида ўзаро туташ тақдирга дуч келаверамиз. 

Хусусан, темурийлар даврида Ҳиротни пойтахт қилган Хуросон давлатининг равнақини, унинг минтақа маънавий-маърифий ҳаётида тутган ўрнини бир тасаввуримизга келтирайлик. Ҳирот амалда темурийлар салтанатининг Самарқанддан кейинги йирик пойтахти эди. Эҳе, бу ерда Хуросон ва Мовароуннаҳр халқларининг қандай-қандай буюк маданиятлари шаклланди, равнақ топди, оламшумул ёдгорликлар бунёд этилди?! Биргина адабиёт оламида Мавлоно Лутфий, Мавлоно Абдураҳмон Жомий, Ҳусайний (Ҳусайн Бойқаро), ҳазрат Алишер Навоий, Ҳусайн Воиз Кошифий, Шайхим Суҳайлий, Камолиддин Биноий, Атоуллоҳ Ҳусайний каби зотлар майдонга чиқди. Лоақал, буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий меросини пухта-пишиқ, ҳар тарафлама илмий ўрганиш, уларда тилга олинган макон билан боғлиқ нуқталарни ёритиш учун ҳам мутахассисларимиз Ҳирот кўчаларида қадам-бақадам юриши, шу муқаддас тупроқ чангини ютиши, шу улуғ аждодларимиз қабрларини зиёрат қилиши... керак эмасми?!

Мақолада мамлакатимизда камбағалликни камайтиришга қаратилган янгича сиёсатнинг алоҳида урғу бериб таъкидлангани ҳам бежиз эмас. Ахир, “камбағал” сўзидан шу қадар қўрқдикки, гўё буни тан олишни уят билдик, ўрнига “кам таъминланган” деган сунъий, китобий бир атама ҳам яратиб олдик. 

Сиёсатшунос ҳатто Яқин Шарқ мамлакатларидаги террористик ҳаракатларда Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг иштирок этишини ҳам айнан камбағаллик омили билан боғлайди. Чунки ишсиз одам арзимаган ҳар қандай чақа учун юртини, эътиқодини, миллатини сотиб, ёт ғоя тарғиботига қўшилади, қўлига қурол ҳам олади. Бу — жуда ёмон кўргулик. Ахир, тайинли иши, мунтазам ва кафолатли даромади бор, шунга бола-чақасини боқаётган, орзу-ҳавасини кўриб яшаётган кишини ким ҳам йўлдан ура олади?!

“Коронавирус таҳдиди ва бирдамлик симфонияси. Уни биргаликда ижро этишимиз шарт” мақоласи ўз вақтида, яъни мамлакатимизда “тождор” вирус карантини бошланган биринчи ойда битилган. Унда юзага келган мураккаб вазият таҳлил этилиб, давлатнинг бу борадаги позицияси батафсил ёритилган.

“Эзгулик ғалабаси ва тарихий адолат”да эса мамлакатимизда 9 майни нишонлаш билан боғлиқ янги муносабат моҳияти тушунтирилган. 2020-йил шу куни пойтахтимизда ғалаба боғи очилди. Ундан ўзбекистонликларнинг жанглардаги иштирокидан лавҳалар, фронт ортидаги ҳаёт акс этган композициялар ўрин олди. “Шон-шараф” давлат музейида шонли тарихимиз ўз ифодасини топди. “Мирзиёевнинг фидойилиги ва ватанпарварлиги билан тарихий адолат тикланмоқда. Ўзбек халқининг жасорати қанчалик буюк эканини тарих исботламоқда”.

“2020 — миллатни улғайтирган йил” мақоласида гап 2020 йилнинг оғир келганидан бошланади: коронавирус пандемияси, халқаро Олимпиада ўйинларининг қолдирилгани, Бухорода содир бўлган шиддатли тўзон, Сардоба тошқини, Сўх воқеалари... Муаллиф юрагида бор гапни очиқ айтади: “Президент Мирзиёев ўша оғир дамларда, кулфат ва фалокат устимизга ёпирилиб келган дамда мен билган Шавкат Миромоновичдан юз карра кучли, матонатли ва иродали, халқи учун, эли учун жонини беришга тайёр бир ёвқур афсонавий ватан ўғлонидай кўз олдимда намоён бўлди”. Сўнг бу фикрини қатор факт ва далиллар билан исботлайди ҳам.

Муаллифнинг “Ассалом, янги Ўзбекистон! Буюк тарихий ҳодиса — Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқини тинглаб...» таҳлилий чиқиши эътиборга молик. Материалда нутқнинг мазмуни чуқур таҳлил этилиши билан бирга, халқимиз ва давлатимиз тарихида юз берган муҳим бир янгилик — нуфузли жаҳон минбарида она тилимиз янграгани аҳамияти кўрсатиб берилади. 

“Ватан ва миллат қайғуси. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан кейинги ўйлар...” мақоласида мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган туб бурилишлар ҳақида сўз боради. У кичик-кичик фасллардан ташкил топган. Улардан бири “Тарихнинг изми шахслар қўлидадир” деб номланади. Аслида, бу — азалий баҳс: тарих шахсларни яратадими ёки шахслар тарихними? Сарлавҳа эса муаллифнинг “Шахслар тарихни яратади”, деган комил ишончини тасдиқлайди. У Шавкат Мирзиёев сиймосида ана шундай шахсни кўради.

“Эзгулик ва бунёдкорлик харитаси. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасини ўқиб...” таҳлилий чиқишида маълум маънода, биз учун жуда мураккаб кечган 2020 йилга баҳо берилади. У Тошкентда қаттиқ зилзила юз берган 1966 йилга ўхшатилади. Муаллиф Президент ташаббуси билан мамлакатимизда йўлга қўйилган “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” ва “темир дафтар” тушунчаларининг ҳаётимизда пайдо бўлиши, сингиши, сиёсий лейтмотивга айланиши жараёнларини очиб беради. Қисқа фурсат, яъни атиги тўрт йилда Ўзбекистон эришган энг асосий ютуқлар бир-бир саналади. Жумладан, Ўзбекистон раҳбарининг тарихда илк бор БМТ минбарида ўзбек тилида нутқ сўзлагани, мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ҳозирги Туркий давлатлар ташкилоти)га тўлақонли аъзо бўлгани, миллий ғурур, ўзликни танитиш борасида Президентимиз сиёсати Марказий Осиё минтақаси ҳаётига сезиларли таъсир қилаётгани кўрсатиб берилади.

“Ўзлик сари йўл”да муаллиф мустақилликнинг дастлабки 30 йилга яқин даврида жамият “сийрати” ўзгариши анча қийин кечганини айтиб, буни, бир томондан, ўтиш давридаги маҳдудлик билан боғласа, иккинчи томондан, давлатнинг ўзи жамиятнинг миллийлашувидан қўрққанини важ қилиб кўрсатади. Муаллиф мамлакатимизда давлат тилини жамиятнинг кенг қатламларида жорий этиш бўйича кейинги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотларни таҳлил қилади. 

“Дунё билан бўйлашмоқ истаги” мақоласи Президентимизнинг жаҳон тилларини ўрганишга бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилиши таъсирида қоғозга туширилган. Мамлакатимизда бугун камида 10 та тил ўқитилади. Булар — инглиз, рус, немис, француз, хитой, корейс, япон, турк, араб ва форс тиллари. Аммо “...тил ўрганиш бугун қанчалик долзарб аҳамият касб этишига қарамай, миллий жамиятлар олдига “глобал таъсир”лардан ҳимояланиш масаласини ҳам кўндаланг қўяётир. Бу, энг аввало, этник хусусиятлар, жумладан, миллий тилни ривожлантириш ва парваришлашни назарда тутади”.

“Миллатпарвар”ни бефарқ ўқиб бўлмайди. Унда аввал мустабид тузум, кейин ўтиш даврининг мураккаб кечган йилларида халқимизнинг ижтимоий аҳволи қандай бўлгани бирров кўз олдимизда гавдалантирилади-да, сўнгги йилларда бу борада амалга оширилган ислоҳотлар моҳияти очиб берилади. Чунки унда муаллиф мамлакатимизда одамлар турмушини бошқа қутбга кескин буриб юборган фавқулодда ислоҳотлар тўғрисида ёзишни мақсад қилган. Мақолада Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий тизимида “оҳанг” — акцент ўзгаргани ҳаётий мисоллар асосида кўрсатилади. Шу асосда Президентнинг “Миллат лидери” сифатидаги фаолияти ёритилади.

“Менинг Президентим!» фалсафий-публицистик эссеси, узукка кўз қўйгандек, китобнинг хулосаси янглиғ ўқилади. У 2000 йилларда АҚШ Давлат департаменти ахборот бўлими томонидан тайёрланган ҳисоботдаги мана бу қимматли фикрлар билан бошланади: “Халқ демократик давлатнинг авом раияти эмас, балки фуқаросидир. Қачонки давлат ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилса, бунга жавобан фуқаролар ҳам давлатга нисбатан садоқатли бўлади...»   

Энди мана бу мулоҳазага ҳам эътибор қаратайлик: “Одамларнинг давлат тушунчасидан қўрқиши, тайсаллаши, бир ҳуқуқшунос дўстимиз кўп такрорлаганидек, халқнинг ҳуқуқий саводи пастлигида эмас, балки халқнинг давлат ҳақидаги тасаввурлари даҳшатли хотиралар билан тўлиб-тошиб кетганида эди”. Шавкат Мирзиёев зиммасида шу тасаввурни ўзгартириш вазифаси турарди. “Президент яхши тушунар эдики, бахтсизликка дучор этилган жамият билан кучли ва қудратли давлат қуриб бўлмайди. Қолаверса, давлатнинг асосини ташкил этувчи халқсиз “буюк келажак” ҳақида ўйлашнинг ўзи мантиқсизлик эди”. 

Эссе, демак, ушбу китоб ҳам мана бундай адолатли сўзлар билан якун топади: “Бу қарийб юз йил давомида халқ томонидан давлатга берилаётган илк холис баҳо, мафкуралашмаган, оддий ва самимий “Менинг Президентим!» деган каломдир!»

Куни кеча бўлиб ўтган сайлов натижалари бу ёрқин ибора ўз мазмун-моҳияти билан одамларимиз қалбидан чуқур жой олганини яна бир бор исботлади. Халқимизнинг танлови замирида ўз йўлбошчисига — давлат раҳбарига ҳам ишонч, ҳам меҳр, ҳам фахр-ифтихор туйғулари мужассам. Шунинг учун китоб ўқувчи қалбини янада ёритиб юборади, унинг ҳамроҳига, ҳамрозига айланади.

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори, 
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, 
“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби.

Манба: Халқ сўзи

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech