ХАЛҚИМИЗ — ДАВЛАТХОҲ, ПРЕЗИДЕНТИМИЗ — ХАЛҚСЕВАР ВА АДОЛАТПАРВАР
(Ўзбекистон Республикаси сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлиси илк таассуротлари)
Жорий йил 14 июль куни Сенатнинг муҳташам мажлислар залида муддатидан илгари ўтказилган сайловда ишончли ғалаба қозонган Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимга киришиш тантанали маросими бўлиб ўтди. Сайловда халқимиз Шавкат Мирзиёев номзоди учун
энг кўп — 87,05 фоиз овоз берди.
Ўзбекистонликларнинг бу улкан ишончи замирида, албатта, сўнгги йилларда мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси ва Тараққиёт стратегияси доирасида янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш йўлида Миллат Сардори амалга ошираётган улуғвор ва эзгу ишлари билан халқимиз қалбининг тўридан мустаҳкам жой эгаллаганидек асл ҳақиқат мужассам.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинган дастлабки ҳафтадаёқ, яъни 2023 йил 8 майда давлатимиз раҳбари “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Бу ҳам Президентимиз янги Ўзбекистон Конституциясига сўзсиз амал қилишни шахсан бошлаб берганидан яққол далолатдир.
Чунки Конституциянинг 128-моддаси учинчи бандига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлашга ҳақли”.
Шунингдек, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг 108-моддасида сайловдан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз лавозимига киришиши учун Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қабул қилиши билан боғлиқ норма мустаҳкамланган.
Жаҳон тажрибасида бундай тантанали маросим — “Инаугурация”, деб аталади. Бу атаманинг мазмун-моҳияти, содда айтганда, қасамёд қилиб ўз лавозимига киришиш, деганидир.
Инаугурация: хорижий тажриба
Инаугурация, асосан Европа мамлакатларининг давлатчилик амалиётига кўра, давлат бошлиғининг лавозимга киришиш тантанали маросими ҳисобланади. Тарихда ушбу маросим марказида Қиролга тож кийдириш анъанаси турган бўлиб, кейинчалик бу одат фақат Буюк Британиядагина сақланиб қолди.
Ҳозирги кунда аксарият ривожланган давлатларда инаугурация дабдабали тантаналардан холи, замонавий расмий конституциявий маросим тарзида ўтказилади.
Масалан, АҚШ Конституциясига мувофиқ, Америка Қўшма Штатларининг янги сайланган Президенти лавозимга киришиш учун Вашингтондаги Капитолий биноси олдида анъанавий тарзда очиқ ташкил этиладиган маросимда тантанали қасамёд қабул қилади.
Инаугурациянинг америкача тартиб-таомили дунёнинг кўплаб мамлакатлари томонидан қабул қилинган. Шу билан бирга, АҚШда инаугурация дастлаб доимий равишда 4 март куни ўтказиб келинган бўлса, 1933 йили АҚШ Конституциясига 20-тузатиш киритилгани муносабати билан мазкур тантанали маросимни ўтказиш санаси 20 январга кўчирилган.
Бошқа бир қатор давлатларда ҳам инаугурация аниқ белгиланган санада ўтказилади. Жумладан, бу тантанали маросимни Мексикада — 1 декабрь, Бразилияда — 1 январь, Колумбияда — 7 август, Германияда — 1 июль кунлари ўтказиш қонунчиликда белгилаб қўйилган.
Дунёнинг аксарият давлатларида эса инаугурация ўтказиш санаси аниқ белгиланмаган. Бу борадаги миллий амалиётимиз Ўзбекистон айнан кейинги гуруҳдаги давлатлар сирасига мансублигини кўрсатади. Яъни қонунчилигимизда инаугурация аниқ қайси санада ўтказилиши белгиланмаган.
Европанинг давлат дини амал қиладиган айрим мамлакатларида давлат бошлиғининг лавозимга киришиш тантанали маросимида хочни ўпиш ёки “Инжил” китобига кафтни босиш амаллари қўшимча мажбурий таомил сифатида киритилган. Ирландия, Италия ва Грецияда шундай амалиёт мавжуд.
Турли мамлакатларда инаугурация тадбири фақат давлат бошлиғининг қасамёд қабул қилиши тимсолидаги тантанали маросим билан чекланиб қолмайди, балки бошқа бир қанча тантаналарга уланиб кетади. Жумладан:
АҚШда — инаугурацияга бағишланган тантанали парад ва бал;
Бразилияда — усти очиқ автомобилда пойтахт кўчалари бўйлаб тантанали сайр, ҳарбий парад ва жамоатчилик олдида айрим юқори мансабдор шахсларни, жумладан, ҳукумат аъзоларини лавозимларга тайинлаш амалиёти ўтказилади;
Францияда — инаугурация маросими мушакбозлик билан якунланади, бунда тўплардан 21 марта ўт очилади.
Жанубий Кореяда Президент инаугурацияси мамлакатнинг бир палатали парламенти — Миллий мажлис биноси олдида, кўп сонли меҳмонлар иштирокида очиқ осмон остида ўтказилади. Меҳмонлар янги сайланган давлат бошлиғи сўзга чиқадиган минбар рўпарасидаги йиғма ўриндиқларга жойлаштирилади. Ёмғир ёғиб қолиши эҳтимоли ҳисобга олиниб, ҳар бир иштирокчига ёмғирпўш берилади.
Инаугурация маросимида лавозимга киришиши муносабати билан янги сайланган давлат раҳбарига муайян давлат тимсолларини топшириш анъанаси ҳам мавжуд. Хусусан:
Россияда янги сайланган Президентга Россия Федерацияси Президенти штандарти, Конституциянинг махсус нусхаси ва ядро жомадончаси, яъни Россиянинг жами ядро салоҳиятини бошқариш калити тақдим этилади;
Францияда янги сайланган Президентга “Фахрий легион” орденининг буюк магистри сифатида Президент белгиси ва “ядровий код” берилади;
Финляндияда янги сайланган Президент Биринчи даражали “Оқ Атиргул” ордени билан тақдирланади. Ушбу юксак давлат мукофоти 1919 йилда Финляндия регенти генерал Карл Густав Маннергейм томонидан таъсис этилган.
Баъзи бир мамлакатлар тажрибасида янги сайланган давлат раҳбарининг лавозимга киришиш тантанали маросимида қасамёд қабул қилиш амалиёти кўзда тутилмаган. Хусусан, Францияда инаугурация маросимида янги сайланган Президент фақат қисқача нутқ сўзлайди.
Президент қасамёди — конституциявий одат ва тарихий анъана
Ўзбекистонда янги сайланган давлат раҳбарининг лавозимга киришиш тантанали маросимида қасамёд қабул қилиш амалиёти конституциявий анъана эканини айтдик. Бинобарин, бизда “қасамёд” тушунчаси ҳам конституциявий атамалар қаторига киради.
Миллий давлатчилигимизнинг бир неча минг йиллик тарихини ўрганиш мақсадида қадимий шаҳристонларда қазишма ишлари олиб борган археологларимиз ўша узоқ замонларда ҳам ҳукмдорлар ўз лавозимига киришиш учун қасамёд қабул қилганини тасдиқловчи муҳим ашёвий далилларни топган. Хусусан, ҳукмдорнинг қасамёд қабул қилиши жараёни акс этган мўъжаз ҳайкалчалар бугун тарих музейларида кўргазмага қўйилган.
Олис ва шонли тарихимизда қасам билан боғлиқ ибратли ҳикоятлар ҳам кўп. Шундай тарихий воқеалардан бирига кўра, Темурийлар даврида Мирзо Улуғбекнинг отаси Шоҳрух Мирзо Миср султонига мактуб йўллаб, ўзи махсус тайёрлатган Каъба кисвасини, яъни ёпинчиғини юборишга ижозат сўрайди.
Шоҳрух Мирзонинг элчиси 1430 йили султон Бейбарс қабулида бўлганида, Шоҳрух Мирзо Каъбага албатта кисва ёпиши ҳақида қасам ичганини маълум қилади. Шунга қарамай, Миср султонлари Каъбага кисва ёпиш ишига бошқа ҳeч кимнинг қатнашишини истамагани учун, узоқ йиллар давомида ҳар гал рад жавобини бериб келади.
Аммо барибир, 1445 йили Шоҳрух Мирзо ўзи томонидан Қоҳирага юборилган кисванинг Каъба устига Миср султони каъбапўши остидан бўлса ҳам ёпилишига эришади. Яъни ўн беш йил деганда Тeмурийзода ҳукмдор ўз қасамининг устидан чиқади.
Ўзбек тилидаги “қасам”, “онт”, “ваъда” каби синоним сўзлар орасидан айнан “қасамёд” атамаси танлаб олингани ва Конституциямизга муҳрлаб қўйилгани бежиз эмас. Чунки маънавий-лисоний жиҳатдан ёндашганда, қасамёд — содиқлик ҳақида расмий равишда бериладиган тантанали ва қатъий ваъдадир.
Сиёсий-ҳуқуқий нуқтаи назардан қараганда эса, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 108-моддаси биринчи бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида қасамёд қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади. Ушбу конституциявий модданинг иккинчи бандида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қасамёди матни берилган.
Янгиланган Конституциямизнинг 105-моддасига асосан, “Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди”.
Конституциянинг 109-моддасидаги 25 та бандда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифалари батафсил белгилаб берилган. Янги сайланган Президентнинг лавозимга киришиш тантанали маросими ана шу жуда муҳим, шарафли ва масъулиятли вазифаларнинг бажарилиши учун расман йўл очади. Конституциямизнинг талаби худди шундай.
Инаугурация: мазмуни ва миллий тарихи
“Инаугурация” — лотинча сўз бўлиб, унинг луғавий маъноси “қушнинг парвозига қараб, эзгу ният қилиш”, деганидир.
Кўриниб турибдики, талаффузи тилни “синдирадиган” даражада қийин бўлган ушбу каломнинг туб маъно-моҳияти бизга бегона эмас. Аксинча, жуда-жуда яқин, ўта қадрдон.
Биринчидан, бу сўзнинг мазмунида халқимиз тийнатига хос фазилат — эзгу ният қилиш йўриғи жо бўлган. Ният — бу хоҳиш-ирода, мурод-мақсад, орзу-умид, демак.
Ҳамма нарса ниятга боғлиқ. Ният — амаллар пойдевори. Ҳадисда марҳамат қилинганидек, “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади”.
Алишер Навоий ҳазратлари яхши ниятли, олий мақсадли, азму иродали инсонларга нисбатан “ниятлиғ” деган сўзни ғазал ва достонларида кўп қўллаганлар.
Навоий бобомизнинг “Хазойин ул-маоний” китобида Темурийзода подшоҳ ва болалик дўсти бўлмиш Ҳусайн Бойқаро ҳазратларига бағишланган шундай байт бор:
Мумкин эрмас шаҳлар ичра
бўйла ниятлиғ, магар
Шоҳи Ғозийким муяссар бўлди
бу давлат анга.
Яъни Шоҳи Ғозий — “ниятлиғ”, демакки яхши ниятли, олий мақсадли, азму иродали инсон бўлгани учун ҳам, давлатни бошқаришдек шарафли ва масъулиятли амални адо этиш ваколатига муяссар бўлди.
Иккинчидан, “Инаугурация” сўзи маъносидаги “қушнинг парвози”га оид талқин ҳам Шарқ халқлари, хусусан, ўзбек халқи учун ниҳоятда таниш. Тарихий анъаналаримизни бир эслайлик.
Одатда, давлат бошлиғи мартабасига юксалган инсонга нисбатан халқимиз “бошига давлат қуши қўнибди” деган иборани ишлатади.
Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари 1370 йили бўлиб ўтган қурултойда Мовароуннаҳрнинг улуғ амири деб эълон қилингани билан боғлиқ кўплаб тарихий ҳикоятлардан бирида айтилишича, ул зотнинг пирлари Саййид Барака улуғ Соҳибқирон фаолиятини қўллаб-қувватлаб, катта ноғора ва туғ (байроқ) тортиқ қилган. Бинобарин, ўша даврда салтанат соҳибига топширилган ноғора билан байроқ олий ҳокимиятнинг рамзи ҳисобланган.
Бошқа бир ҳикоятга кўра, Соҳибқирон бобомиз Мовароуннаҳр ҳукмдори сифатида тахтга ўтирганидан сўнг “Амир Темур Тарағай” сўзлари битилган муҳрга эга бўлган. Шунингдек, Амир Темурнинг “Рости-русти” калимаси ва учта доира шакли нақшланган муҳри буюк салтанат бунёдкори ва ҳукмдорининг жаҳонгирлик сиёсатини ўзида акс эттирган.
Албатта, Ўрта асрларга мансуб ҳукмдор тож-тахтининг маҳобатию улуғворлигини кўрсатиш ҳамда Амир Темур салтанатининг шукуҳи ва дабдабасини намоён этишга хизмат қилган бундай тартиб-таомиллардан баъзилари айни вақтда тарихда қолган ва бу табиий ҳол.
Шу билан бирга, агар синчиклаб қаралса, Амир Темур салтанатидан мерос тартиб-таомилларнинг баъзилари Шарқ ва Ғарб мамлакатларида ўтказиладиган инаугурация маросимларида у ёки ва бу кўринишда ҳали ҳам қўлланиб келаётганини кўриш мумкин.
Халқимиз тилидаги “давлатхоҳлик” каломи ҳам тантанали маросим руҳиятига уйғун ва ҳамоҳангдир. Бу сўз хайрихоҳ, дўстона, деган маъноларни беради.
Ўзбекистон халқи яна бир бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевни қўллаб-қувватлади, юртдошларимиз овоз бериш асносида ўз давлатхоҳлигини — хайрихоҳ ва дўстона муносабатини очиқ намоён этди.
Янги Ўзбекистон Президентининг сайланиши: ишончли ғалаба омиллари
Тантанали тадбирда ҳозир бўлганларнинг аксарияти — депутатлар ва сенаторлар, бир оддий ҳақиқатни ўз тақдири мисолида синаб кўрган. Бу ҳам бўлса, бугунги сайловчи — кечаги сайловчи эмас, деган ҳақиқат.
Бугунги сайловчиларнинг талаби — қатъий, мақсадлари — аниқ, орзу-ниятлари — юксак.
Бугунги сайловчи эртага эмас, шу бугун бахтли, тўкис ва фаровон ҳаёт кечиришни истайди.
Бугунги сайловчи ўзи овозини берадиган номзоддан бу борада таклиф этиладиган аниқ-равшан Сайловолди дастурини кутади. Тақдим этилган дастурни эса обдон ўрганади, синчиклаб ва танқидий таҳлил қилади.
Шу маънода, Шавкат Миромоновичга мутлақ кўпчилик сайловчилар ёқлаб овоз бергани қуйидаги учта муҳим омил билан чамбарчас боғлиқ.
Биринчи омил: бугунги сайловчиларнинг аксарияти Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017-2021 йилларда амалга оширилган Ҳаракатлар стратегияси самараларидан мамнун ва манфаатдор бўлган. Халқимиз билан ҳамнафасликда ишлаб чиқилган ушбу дастурий ҳужжат асосида мамлакатимиз ҳаётининг бешта устувор йўналиши бўйича қанчадан-қанча салмоқли чора-тадбирлар белгилаб олингани ва изчиллик билан амалга оширилганини бир эслайлик.
Иккинчи омил: Президент Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси 2022-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, ушбу дастуруламал ҳужжат доирасида 2022-2023 йилларнинг ўзидаёқ еттита устувор йўналишда бажарилган ишлар кўлами ва миқёси таҳсинга лойиқ.
Учинчи омил: сайлов кампанияси доирасида бўлиб ўтган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўн биринчи съездида ушбу сиёсий партиядан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ўз Сайловолди дастурини сайловчилар эътиборига тақдим этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг учала стратегик дастури ҳам юртдошларимиз ва халқаро ҳамкорларимиз таклиф-тавсиялари асосида ишлаб чиқилгани учун ниҳоятда халқчилдир.
Шавкат Миромоновичнинг бу галги Сайловолди дастурида ҳаётимизнинг энг устувор йўналишларини қамраган бешта мақсад ҳақида сўз боради. Яъни:
биринчи мақсад — таълим йўналиши; иккинчи мақсад — барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш; учинчи мақсад — сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш; тўртинчи мақсад — қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш; бешинчи мақсад — Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий салоҳиятини янада оширишдан иборат.
Ҳар бир мақсад муайян чора-тадбирлар ва қатъий вазифаларни кўзда тутади. Бу вазифаларнинг кўлами ва миқёси қанчалик қамровдор бўлса, ижросини таъминлаш механизмлари шунчалик аниқ.
Биргина мисол: таълим йўналишида — дунёдаги “Топ-500”га кирадиган чет эл олийгоҳлари билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма ўқув дастури ва “икки дипломли тизим” жорий этилади. Бундан ташқари, биотехнология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда йилига истеъдодли 500 йигит-қиз энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юборилади.
Ўзбекистон Президентининг стратегик дастурлари давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларини тугал қамраб олган. Шу билан бирга, айни дастурлардаги чора-тадбирларнинг амалга оширилишидан юртимиздаги ҳар бир инсонга — қулай имконият, муайян енгилликлар, моддий ва маънавий манфаат етса, ўз навбатида, ҳар қайси оила ва хонадон ободлик, тўкинлик, файз ва барака топади.
Назаримда, бу ҳаётий ҳақиқатлар “Нима учун халқимиз бу галги сайловда ҳам айнан Шавкат Мирзиёев номзоди учун овоз берди?”, деган долзарб ва табиий саволга муносиб жавоб бўла олади.
Шу кунларда дунёнинг етакчи давлатлари тимсолидаги ишончли ҳамкорларимиз ҳам янги Ўзбекистон Президентининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини эълон қилмоқда.
Жумладан, “Президент Мирзиёев ўзининг янги мандатини қабул қилаётган бир пайтда, АҚШ унинг ислоҳот ва бошқарув дастурини амалга оширишда, жумладан, қонун устуворлиги, ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ўзаро назорат ва мувозанатни таъминлаш, шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ёрдам беришга тайёр”, дейилади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Баёнотида.
Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси, баронесса Манзила Уддиннинг фикрича, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчилар иштироки юқори даражада бўлган. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистонда сайловолди кампанияси яхши ташкил этилганидан далолат беради”.
Хитойдаги Шанхай ижтимоий фанлар академиясининг Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори Сунь Ци “Сайлов демократик тамойиллар, халқаро ҳуқуқий-норматив талаблар доирасида очиқ ва шаффоф ўтгани”ни эътироф этди.
Шунингдек, “Ҳиндистон — Жанубий Корея” дўстлик жамияти раиси, Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги собиқ элчиси, “Вивекананда халқаро фонди” тадқиқот маркази эксперти Сканд Таялнинг таъкидлашича, “Фуқароларнинг сайлов жараёнида ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишга бўлган фаоллиги диққатга сазовор. Муҳими, мамлакатда амалга оширилаётган изчил ислоҳот ва янгиланишлар, уларнинг ҳуқуқий асослари янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган”.
Мухтасар айтганда, давлатхоҳ — яъни хайрихоҳ халқимиз ўзи билган, таниган ва тан олган Шавкат Мирзиёевга овоз берди. Донишманд ўзбекистонликлар бу гал ҳам ўзининг халқсевар ва адолатпарвар Президентини сайлади.
Халқимизнинг эркин хоҳиш-иродаси, мақсад-муддаоси ва орзу-ниятларига таянган ушбу сайлов натижалари халқимиз фаровонлиги ва бахтиёрлигини таъминлаш, мамлакатимиз ободлиги, тинчлиги ва тараққиётини кафолатлаш ҳамда Ватанимиз обрў-эътибори ва имижини дунё миқёсида юксалтириш йўлида хизмат қилиши муқаррар.
Акмал САИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кутубхонаси
- Қўшилди: 17.07.2023
- Кўришлар: 3851
- Чоп этиш