20 ИЮЛЬ – БУТУНЖАҲОН ШАХМАТ КУНИ

Шахмат – шаклан ўйин, мазмунан санъат ва ўйинни ўзлаштириш нуқтаи назаридан фандир.

        Тигран Петросян

 

Янги Ўзбекистонимизда ҳар соҳада ислоҳотлар жараёни қизғин кечмоқда. Бу янгиланишлар юрт ва миллат келажаги, истиқболи бўлган ёш авлоднинг нафақат ҳаёт даражаси, энг аввало, интеллектуал салоҳиятини ошишига хизмат қилади.

Ўзбекистон ва бошқа 22 та мамлакат ташаббуси билан 2019 йил 2 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг шахматни ривожлантириш бўйича махсус резолюцияси қабул қилинди ва унга мувофиқ 20 июль Бутунжаҳон шахмат куни деб эълон қилинди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон шахмат кунининг эълон қилиниши нафақат халқаро шахмат Федерациясининг шахмат соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва дунёнинг барча халқлари ўртасида дўстона тотувликни кенгайтиришга интилишдаги муҳим ролини эътироф этади.

Сўнгги йилларда халқимизнинг саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, интеллектуал салоҳиятни ривожлантиришга хизмат қиладиган спорт тури бўлган ва мамлакатимизда алоҳида ўрин тутадиган спортнинг шахмат турига аҳолини, айниқса ёшларни кенг жалб этиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4954-сон қарори ана шу йўлда навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Бунинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистонлик шахматчиларнинг сўнгги бир йил давомида халқаро ареналардаги сенсацион ғалабалари ортидан Ўзбекистон – 2022 йилнинг энг яхши шахмат мамлакати деб эътироф этилди ва энг яхши шахмат мамлакатига топшириладиган «Tour Dʼor» – «Олтин минора» совринини Ўзбекистон шахмат федерациясига Европанинг шахмат совринини Франциялик машҳур гроссмейстер Башар Куатли топширди.

Халқаро шахмат федерацияси – ФИДЕ томонидан тузилган жаҳон шахмат рейтингида Ўзбекистон илк бор кучли йигирматаликка киришга муваффақ бўлди. 2022 йил июль ойидаги рейтингга кўра, Ўзбекистон шахмат бўйича жаҳон рейтингида 19-ўринни эгаллади.

2022 йил Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Нидерландия жамоаси устидан ғалаба қозониб, Ўзбекистонга оламшумил ғалаба – “Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони” лигини қўлга киритишган эди. Бу тарихдаги биринчи чемпионлик ҳисобланади.

“Фантастик бешлик” ёхуд “Олтин авлод” чемпионлари: Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Якуббоев, Жавоҳир Синдаров, Жаҳонгир Ваҳидов ва Шамсиддин Воҳидовлардир.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса сўнгги турда Коста-Рика терма жамоасини мағлуб этишган. Ўзбекистон шарафини Умида Омонова, Афруза Ҳамдамова, Мафтуна Бобомуродова, Маржона Маликова ва Нилуфар Якуббоева ҳимоя қилишган.

Жорий йил натижаларига кўра, Халқаро шахмат федерацияси расмий сайтида 2023 йил июль ойининг 100 та энг яхши ўйинчилар рейтинг натижаларида Ўзбекистоннинг фахри бўлган Нодирбек Абдусатторов 24, Рустам Қасимжанов 67, Жавоҳир Синдоров 82 ўринларни кучли 100 ликда эгаллаб туришибди.

Ғалабалар давом этмоқда, жорий йилнинг март ойида, Илк марта ўтказилган “XVII жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов” халқаро турнирида “Мастерс” гуруҳидаги муросасиз жангларда ёш гроссмейстер Жавоҳир Синдоров чемпион бўлди.

Нодирбек Абдусатторов жорий йилинг май ойида ўтказилган ChessKid Cup-2023 турниринг мутлоқ ғолиби бўлган эди. Айни дамда ўтказилаётган The Aimchess Rapid-2023 турнирида чорак финални Нодирбек Абдусатторов рақибини мот орқали мағлуб этди ва турнинг финалига чиқди. Нодирбек Абдусатторовга финалда ва гранд финалда ғалаба қозонишини ва юртимиз байроғини юксакларга кўтаришини тилаймиз.

Донишманд боболардан мерос бебаҳо салоҳият! Салоҳият эса теран томирлардан куч олади. Билимнинг пойдевори ҳисобланган маънавий илдизлар қанчалик чуқур кетган бўлса, унинг моддий-шаклий қиёфаси шунчалик ёрқин намоён бўлади. Ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва уларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар! Янги Ўзбекистонда машҳур аждодлар-ла фахрланиш билан чекланмасдан, уларга муносиб бўлиш учун азму шижоат кўрсатиб ҳаракат қилишга кенг имкониятлар яратилгани навқирон авлодга кучли мотивация вазифасини бажараяпти. Ақл билан оламни мот қилган ўсмирлар том маънода муқаддас Ватаннинг, ота маконнинг ифтихорлари. Шунинг учун ҳам уларга “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари берилди. XVII жаҳон чемпиони Рустам Қосимжоновга ўз даврида “Амир Темур” ордени қанчалик ярашган бўлса, Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Якуббоев фахрий унвонларга шунчалик лойиқдир.

Шотландиялик халқаро гроссмейстер Жонатан Роусон ижтимоий тармоқларга ёзган пост эса янада улкан ғурур бағишлайди: “Шахмат Ҳиндистонда пайдо бўлган эса-да, унинг ҳинд заминига Ўзбекистондан келгани ҳақида қарашлар мавжуд. Давримизгача яхши сақланган энг қадимий шахмат доналари айнан Ўзбекистонда, ҳозирги Самарқанддаги Афросиёб харобаларидан топилгани бежиз эмас”.

Тарихга назар солсак, XIV асрнинг охири ва XV асрнинг бошларида Мовароуннаҳрда, айниқса Самарқандда кўпгина йирик олим, фозиллар, машҳур санъаткорлар, моҳир ҳаттотлар, шатранж усталари яшаб ижод қилганлар.

Улар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиб, ўша даврдаги маданий турмушни тўлароқ тасаввур қилишда тарихчи Ибн Арабшоҳ “Амир Темур тарихи” китобида келтирган маълумотлар ҳам ғоят қимматлидир. Чунончи, муаллиф аксар ҳолларда ўзи яхши хабардор бўлган, ёинки шахсан шоҳиди бўлган фактларга таяниб ёзганлиги туфайли у келтирган маълумотлар алоҳида илмий аҳамият касб этади.

Ибн Арабшоҳ асарида ўша пайтда қўлланилган шахмат ва машҳур шахматчилар ҳақида келтирилган маълумотлар айниқса дикқатга сазовордир. Машҳур шахматчилардан Муҳаммад ибн Уқайл ал-Ҳаймий ва Зайн ал-Яздийлар зикр қилиниб, лекин муаллиф таъкидлашича шатранж ўйинининг алломаси фақиҳ ва ҳадис олими Алоуддин ат-Табризий бўлган. Ибн Арабшоҳ, ўша даврнинг биринчи шахматчиси деган улуғ номга сазовор бўлган бу беназир моҳир ўйинчининг шахмат ўйинию, унинг мансуба (комбинация)ларига оид шарҳи борлигини қайд қилади. Ибн Арабшоҳ Алоуддин билан шахсан таниш бўлиб, унинг ўйин пайтидаги фазилатларига тўхталаркан соҳибқирон Амир Темур билан катта шахматда ўйнаганларини, унинг ҳузурида доирасимон ва узунчоқ шахмат кўрганини ҳикоя қилади. Шунингдек, бошқа тарихнавислардан фарқли ўлароқ, Ибн Арабшоҳ ўша замонда кенг тарқалган 120 хоналик катта шахмат тахтасининг шаклини ва ундаги доналарнинг жойлашиш тартибларини келтирадики, шубҳасиз, бу хилдаги маълумотлар Ўрта Осиё шахмат тарихини ўрганишда илмий аҳамиятга моликдир.

Соҳибқирон Амир Темур ҳаётда  ҳам ўз замонининг тенги йўқ йирик шахмат усталаридан бири бўлган. Тарихчи Ибн Арабшоҳ “Амир Темур тарихи” китобида Соҳибқирон Амир Темур катта шахмат ўйнаганини ёзган.

Жаҳон тарихидаги буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темур ўзбек давлатчилиги қурулиши, илм-фан, маърифат ва маданият тараққиётига улкан хисса қўшган. Амир Темур ҳарбий юришлари чоғида, жанг жараёнини тўлақонли ва аниқ идрок эта олиш, мураккаб вазиятларда тўғри қарорлар қабул қилиш қобилиятига эга бўлган. Соҳибқирон кўпчилик муҳим масалаларни шахмат тахтаси атрофида ҳал этган. Шахмат ўйинига шунчаки эрмак ёки вақтини хуш ўтказиш учунгина эмас, балки ҳозирги замон тили билан айтганда, тактик назарий билимларни мустаҳкамлаш воситаси сифатида ҳам қарагани манбаларда келтирилган. Саркарда шахмат ўйнашни зинҳор канда қилмаган, атрофидагиларни ҳам шунга ундаган, ўргатган. Тарихий манбаларнинг шоҳидлик беришича, буюк саркарда ҳаддан зиёд банд бўлишига қарамай, доимо шахмат учун вақт ажрата олган. Мисол учун, давлат ишлари, оила ташвишлари билан банд бўлганида ҳам ёки олис мамлакатларга сафарлари, аёвсиз жанглар оралиғида ҳам шахмат билан ҳамнафас бўлган. Чунки шахмат билан машғул бўлган вақтлари ўзида руҳий хотиржамлик ва ишончни ҳис қилган, қолаверса, бўлажак тактик юришлари режа ҳамда ғояси айни шу онларда туғилган экан. Манбаларда айтилишича, Соҳибқирон умрининг сўнгги кунларига қадар деярли ҳар куни шахматга вақт ажратган.

Ўзбекистонлик йигитлар буюк Амир Темур лашкарларидек моҳирона от ўйнатяпти тарзидаги самимий эътирофлар бежизга эмас. Зотан сиёсий курашлар шахмат тахтасидаги жангга ҳар жиҳатдан ўхшайди. Спорт тури сифатидаги ўйиндан мақсад рақиб шоҳини мот қилиш. Оқ ва қора рангдаги 64 та катакли сатҳда икки томон 16 тадан иборат “қўшин” и билан дона суради. Музаффарлик туғини баланд кўтариш учун узоқни кўра билиш жоиз. Бунинг учун эса зеҳну заковат даркор.

Соҳибқироннинг тожи ўз вақтида ер юзининг учдан бир қисмига нур сочган бўлса, 2004 йил Рустам Қосимжоновнинг, 2022 йил “Фантастик бешлик” ёхуд “Олтин авлод”нинг ғалабаси сайёрамиз сарҳадларига ёйилганининг рамзий ифодасидир.

Хулоса ўрнида, шахмат учинчи ренессанс пойдеворини қуриш бахтига муяссар бўлаётган ёшларнинг шахсияти ва интилишларида муҳим ўрин тутади. У интеллектуал ривожланиш, рақобатбардошликни ривожлантириш ва интизомни тарбиялаш воситаси сифатида қадрланади. Шахмат бўйича тизимли таълим, жамоатчиликнинг кучли қўллаб-қувватлаши ва муваффақият ҳикояларининг уйғунлиги Ўзбекистонда ёшлар орасида шахматга бўлган машҳурлик ва иштиёқни оширди.

 

 

Малика Талипова,

 Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходими

«Ishonch» газетасининг 2023 йил 20 июль кунги 88-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech