ХЕЧ БИР БОЛА ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ
бу тамойил Конституцияда кафолатланган
1948 йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганидан сўнг халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига устувор эътибор бера бошлади. Мазкур декларация матнида илк бор барча одамлар эга бўлган ҳуқуқларнинг глобал таърифи баён этилди. Яъни ушбу ҳужжат ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлиги, мулк, эътиқод ва сўз эркинлиги, фуқаролик, давлат бошқарувида қатнашиш, сайлаш ва сайланиш, оила, меҳнат ва дам олиш, таълим, тиббий, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, маданият, санъат асарларидан баҳра олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Декларация матни устида дунёнинг барча минтақаларидан ҳуқуқий ва маданий келиб чиқиши турлича бўлган вакиллар ишлади. Шу боис, декларация инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва долзарб глобал муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ ҳаракатлар учун асос яратувчи ҳужжат ҳисобланади. Декларацияни қабул қилган давлатлар ушбу ҳужжат ва халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Давлат институтлари бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя этилишини таъминлашга ҳаракат қилади.
Декларация Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жаҳон андозаларига мос ҳуқуқий тизим ишлаб чиқиш учун тамал тоши вазифасини бажарди. Шу кунгача мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид 100 дан ортиқ қонун қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.
2023 йил 10 декабрда инсоният учун энг муҳим ҳужжатлардан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганига 75 йил тўлади. Бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу санани нишонлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 75 йиллиги кампанияси инсон ҳуқуқлари универсаллиги ва ажралмаслиги ҳақидаги билимларни чуқурлаштириш, шунингдек, бу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш имкониятларини, айниқса, ёшлар ўртасида кенгайтиришга қаратилган. Ушбу ташаббус декларацияда акс эттирилган инсон ҳуқуқлари инфратузилмасини тиклаш, мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга ёрдам беради.
Жаҳон миқёсидаги бундай тадбирларга 2022 йил 56 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб ўтказилган глобал форум кенг йўл очди. Шу форумда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигига бағишланган глобал кампанияга старт берилди. Форум доирасида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида Президентимиз 2023 йил 12 майда “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Мазкур фармон билан 30 банддан иборат тадбирлар дастури тасдиқланиб, халқаро шартномаларни ратификация қилиш ва уларни миллий қонунчиликка мослаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни такомиллаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ўрин олган.
Мазкур тадбирлар қаторида БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсиялари бажарилиши бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш юзасидан тадбирни алоҳида таъкидлаб ўтиш муҳим.
2022 йил 29 август 23 сентябрь кунлари БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 91-сессияси бўлиб ўтди. Сессия доирасида Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариши юзасидан Бешинчи даврий ҳисоботи ҳам кўриб чиқилди.
Сессияда Ўзбекистон делегацияси аъзолари конвенция қоидаларининг моддама-модда амалга оширилиши, миллий қонунчилигимизга киритилган ўзгартишлар, жамиятда болалар мавқеини юксалтириш борасида эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Бундан ташқари, сессия доирасида бола ҳуқуқларига оид китоблар, рисолалар, журналлар, дарсликлар ва ўқув қўлланмалар кўргазмаси ташкил этилди. Бунда иштирокчилар Ўзбекистон ҳукуматининг бола ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги устувор йўналишлари билан танишиш имконига эга бўлди. Улар мамлакатимизда болаларни ҳимоя қилишнинг миллий механизми яратилганини олқишладиҳамда бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш жараёнини ижобий баҳолади.
Бола ҳуқуқлари бўйича қўмита аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариши юзасидан Бешинчи даврий ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари юзасидан таклиф ва тавсияларини тақдим этди.
Қўмитанинг якуний мулоҳазаларида жами 52 тавсия келтирилган. Хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш, болаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича таклифлар билдирилган. Бугунги кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан қўмитанинг якуний мулоҳаза ва тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Умуман, бола ҳуқуқларини таъминлаш масаласи Ўзбекистон учун доим устувор мақсадлардан бири бўлган. Мамлакатимизнинг 1992 йил 9 декабрда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилиши бунинг яққол намунасидир. Ўзбекистон болалар манфаатларига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширар экан, “Ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” деган тамойилга амал қилмоқда.
Қолаверса, “Инсон қадри учун” тамойилига мувофиқ ўтказилган конституциявий ислоҳотлар доирасида мамлакатимиз Асосий қонунига болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги илғор нормалар киритилди. Шу тариқа, миллий қонунчилигимиз болалар ҳуқуқларига доир халқаро нормаларга тўла-тўкис мувофиқлаштирилди.
Янгиланган Конституциямизда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, уларнинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилди, бу борада давлат мажбуриятлари кенгайтирилди.
Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар “Боланинг энг яхши манфаатлари” тамойилини ҳаётга жорий қилишга қаратилмоқда.
Эндиликда болаларни 13 ёшдан жиноий жавобгарликка тортиш бекор қилиниб, бу 14 ёш этиб белгиланди. Вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишда педагог билан бир қаторда психолог ҳам қатнашиши кўрсатилди.
2023 йил 11 апрелда қонунчиликка ўзгартишлар киритилиб, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмаслиги белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилди.
Бир сўз билан айтганда, бола ҳуқуқлари кафолатларини янада такомиллаштириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларига ҳамоҳанг тарзда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигига бағишланган глобал кампанияга старт берилиши ҳамда бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, бир қанча тадбирлар амалга оширилаётгани мамлакатимизнинг халқаро шартномалардаги мақсад ва принципларга содиқлигини намоён қилади.
Хусниддин ХОЛМАМАТОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Инсон ҳуқуқлари соҳғасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 21 июль кунги 144-сони
- Қўшилди: 21.07.2023
- Кўришлар: 3981
- Чоп этиш