Ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётида «Инсон ҳуқуқлари» муҳим аҳамият касб этиб, у шу жамиятнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи асосий мезон, давлатнинг инсонийлигини белгиловчи барометр бўлиб хизмат қилади. Шу сабабдан, ҳар бир давлатда инсон ҳуқуқи ва унга боғлиқ муносабатлар барча ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий воқеаликларнинг марказида турувчи асосий масала ҳисобланади. Аввало, янгитдан қурилаётган жамият ўз ривожини «Инсон ҳуқуқи»да топади. Демократик тамойилларга асосланган янгича фикрловчи жамиятни қуриш, албатта, янги давлат учун ҳар томонлама чуқур ўйланган ташкилий, ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади.
Бугунги кунда ўз ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда мажбуриятларини нафақат яхши билувчи, буни амалга ошира оладиган ва ўз мажбуриятларига виждонан ёндашадиган, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қила оладиган кўникмага эга бўлган юксак ҳуқуқий маданиятли ва кучли фуқаролик позитсиясига эга бўлган инсонлардан ташкил топган жамиятни шакллантириш ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бу эса жамиятдаги ҳуқуқий онг ва маданиятга ё'налади.
Бош Қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқий давлат амалда ҳуқуқий онги юксак инсонлар томонидан барпо этилади. Ўзим чет мамлакатларнинг ҳуқуқий онги қандайлигини жаҳон филмлари орқали, хориж матбуотини кузатиб билганман. Юртимизда-чи, деган табиий савол туғилади. Тўғри, айрим кишилар фикримни тасдиқламайди. Демократик-ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қурилиши барча фуқароларнинг инсоний ҳуқуқлари ва эркинликларига доир билимларини етарли даражада эгаллашларини тақозо этади. Мавзуга қайтадиган бўлсак, аввало, болалар ва ўсмирлар орасида инсон ҳуқуқлари соҳасида билим ва маданиятни сингдиришимиз керак. Ҳазрат бобомиз Юсуф Ҳос Хожиб ёзган бир ташбеҳ фикримизга якун ясайди:
Билим қайда бўлса,
Буюклик бўлар
Саидакмал МАМАСОЛИЕВ,
Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицей ўқувчиси
"ТОНГ ЮЛДУЗИ" Ўзбекистон Республикаси болалар ва ўсмирлар газетаси
- Қўшилди: 24.07.2023
- Кўришлар: 4024
- Чоп этиш