2023 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилди. Тарихимизда биринчи марта умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб эълон қилиниб, инсон қадрини янада улуғлаш ва “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича давлатнинг конституциявий мажбуриятлари алоҳида муҳрлаб қўйилди. Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар 3 баробар кўпайтирилди.
Мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим тизими ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар педагог ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, уларнинг касбий фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга хизмат қилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, шунингдек, хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, тиббиёт ходимларининг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилди.
2023 йил 11 апрелда «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Қонун билан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асослари тубдан такомиллаштирилди. Бундан буён жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазони муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш мумкин эмас.
Янгиланган Конституцияга мувофиқ, 2023 йил 16 июнда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, унда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилди. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кам таъминланганларга, тенг ҳуқуқлилиги бузилган хотин-қизлар ва эркакларга ҳамда психиатрия ёрдами кўрсатилаётган шахсларга кўрсатилиши белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги ПҚ-4056-сонли қарори ва 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” ПФ-6012-сонли фармони талаблари доирасида Миллий марказ ушбу жараёнларда фаол қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини тайёрлаш ва БМТнинг шартномавий қўмиталарида кўриб чиқиш натижаларини депутатлар ва сенаторлар томонидан мунтазам эшитиб бориш, шартномавий қўмиталарнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаларини Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланиши амалиётлари такомиллашмоқда.
- Жорий йил 3 март куни Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича ҳалқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Ахборотда 2022 йилда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномалари бажарилиши ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ижроси тўғрисидаги маълумотлар қамраб олинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича тадбирлар давом этмоқда. Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг жами 78 бандидан 67 банди (85%) бўйича ижро муддати якунланган, шундан 6 банд бўйича ижро муддати узайтирилган, 62 банд (79%) бўйича ишлар бажарилган, 16 бандни (21%) амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.
2023 йил биринчи ярмида Миллий стратегия доирасида 7 та қонун, Президентнинг 8 та фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарори қабул қилинди, 1 та халқаро шартнома ратификация қилинди.
- Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича ҳисоботларнинг таркибий қисми бўлган Ўзбекистон Республикасининг Умумий асосий маърузаси маълумотлари янгиланди ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасига тақдим қилинди.
- БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бешинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунларига оид БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳа давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда тайёрланиб, кенг муҳокама қилинди. Жумладан, 2023 йил 18-20 май кунлари “Ўзбекистон Республикасининг БМТ бола ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларини амалга ошириш бўйича халқаро мажбуриятлари ҳамда миллий ҳаракат режаларини тайёрлаш ва амалдаги миллий механизмларни кўриб чиқиш” мавзусидаги семинар-тренингда мазкур лойиҳа такомиллаштирилди. Ҳозирда Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш бўйича Парламент комиссиясига тақдим этилди.
- Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича қонунчилик таҳлили ҳамда 30 дан ортиқ давлат органлари ва 10та нодавлат нотижорат ташкилотининг маълумотлари асосида Ўзбекистон Республикасининг Дастлабки миллий маърузаси тайёрланди. Миллий маърузани тайёрлаш жараёнида Миллий марказ томонидан халқаро ва миллий ҳамкорлар кўмагида 6 та тадбир ўтказилди. Жумладан, БМТнинг Ногиронлар бўйича кўмитаси аъзоси Д. Герел иштирокида семинар-тренинг ташкил қилинди.
- Миллий марказ БМТнинг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Ф.Ни Аолайн тавсияларини бажариш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқди. Миллий ҳаракатлар режаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил
6 июндаги қўшма қарори билан тасдиқланди. - Ҳисобот даврида Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган 3 та Миллий ҳаракатлар режаси ижросини мониторинг қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борадаги ахборотлар ҳар чоракда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссиясига тақдим этилмоқда. Жумладан:
- Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг тегишли бандларини амалга ошириш бўйича доимий мониторинг олиб борилмоқда. Миллий ҳаракатлар режасида жами 43 та бандда белгиланган вазифалардан 1-ярим йилликда 8 та банд бўйича ишлар бажарилган.
- Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажаришга оид Ўзбекистоннинг Олтинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022 – 2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасини амалга ошириш борасида мониторинг олиб борилмоқда. Мониторинг натижасига кўра, ҳисобот даврида Миллий ҳаракатлар режасининг 69 та бандидан 14 та банди бажарилган.
- Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини бажаришга оид Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракат режасининг бажарилиши ҳам мониторинг қилинмоқда. Ҳисобот даврида ушбу ҳужжатнинг 34 та бандида белгиланган вазифаларнинг 8 та банди бўйича ишлар бажарилган.
Шунингдек, 2023 йил 28 февраль куни БМТ шартномаларининг мамлакатимизда бажарилишини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш юзасидан халқаро жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси, Халқаро юристлар комиссияси ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилди.
Миллий ва халқаро экспертлар томонидан Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция имплементацияси масалалари муҳокама қилинди. БМТ шартномавий қўмиталари тавсияларининг Ўзбекистон томонидан бажарилиши ҳолатини самарали мониторинг қилиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман, ўз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда муҳимдир.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда 2020–2024 йилларда БМТ Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланди.
Дастур лойиҳаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари бўйича қўмитаси вакиллари ҳамда миллий экспертлар иштирокида кенг муҳокама қилинди. Қарор билан 7 та устувор йўналиш ва 30 та банддан иборат Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Қарор ижроси доирасида 2023 йил 20-28 февраль кунлари «Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги» давлат органлари, таълим ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бутун мамлакат миқёсида ўтказилди.
20 февраль куни Миллий марказда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида видеоконференция ташкил этилди. Видеоконференцияда 2 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан мамлакат бўйлаб ёшлар ўртасида #Инсон_ҳуқуқлари_олий_қадрият хештеги ташкил этилди ва ҳудудлардаги расмий каналларда тарғибот сифатида ёритиб борилди, унда 4 мингга яқин ёшлар иштирок этди.
Мамлакатимизнинг туман, шаҳар ва маҳаллаларида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида “Прокурор ва ёшлар”, “Судья ва ёшлар”, “Адлия раҳбари ва ёшлар”, “ИИБ раҳбари ва ёшлар”, “ДХХ раҳбари ва ёшлар” каби турли учрашувлар ташкил этилди. Мамлакат миқёсида ташкил этилган учрашувларда 8 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тест саволларини ўз ичига олган “Инсон ҳуқуқлари билимдони” викторинаси ташкил этилди. Шунингдек, “Тонг юлдузи”, “Класс” газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” танлови ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ижросини таъминлаш мақсадида Миллий марказ томонидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ўтказиш жадвали, ўқув курслари дастури ва модули ишлаб чиқилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Фарғона (22-23 февраль), Бухоро (29-30 март), Тошкент (18-19 апрель), Сурхондарё (17-18 май), Андижон (20-21 июнь), Наманган (22-23 июнь) вилоятларида, миллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курслари онлайн ва офлайн форматда ташкил этилди. Ўқув курсларида ҳар бир ҳудуддан ички ишлар (50 нафар) ва прокуратура (10 нафар) тизимидаги терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 350 нафар ходими иштирок этди.
Шунингдек, 2023 йил 19-21 июнь кунлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 23 июнь куни Бухоро шаҳрида “Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқлар, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш” мавзусидаги тренинглар ўтказилди. Ўқув машғулотларида Тошкент шаҳри ва Тошкент, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасалари вакиллари иштирок этди.
2023 йил 11-12 май кунлари Хива шаҳрида прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари учун “Терроризмга қарши самарали курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусидаги амалий ўқув семинари ўтказилди. Машғулотлар ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси вакиллари билан ҳамкорликда ташкил қилинди.
2023 йил 6-9 июнь кунлари ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда “Аёлларнинг ролини кучайтириш, тинчлик ва хавфсизлик” мавзусида ўқув семинарлари ўтказилди. Ушбу машғулотлар судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари учун ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликни
такомиллаштириш
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилиш доирасида қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертизадан ўтказилмоқда. 2023 йилнинг биринчи ярми ҳолатига кўра, Миллий марказга турли вазирлик ва идоралардан келган 35 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси экспертизадан ўтказилган.
Шулардан 24 таси – қонун лойиҳаси, 3 таси – Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони, 1 таси – Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори, 6 таси – Вазирлар Маҳкамаси Қарори, 1 таси – Вазирлар Маҳкамаси Фармойиши лойиҳаларидир. Ҳуқуқий экспертиза доирасида ушбу лойиҳаларни такомиллаштириш бўйича жами 50 дан ортиқ таклиф билдирилган.
Хусусан, “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”, “Судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашганлик учун жавобгарлик белгиланаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнида шундай таклифлар берилган.
Ҳисобот даврида Миллий марказ ташаббуси ва ҳамижрочилиги доирасида қуйидаги 3 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилди:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сон қарори;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 февралдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-74-сон қарори;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПФ-70-сон Фармони лойиҳалари.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ишлаб чиқилган Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида” ҳамда “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорлари лойиҳалари ўрганиб чиқилди. Ушбу ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар киритилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорлик
2023 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллиги ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури қабул қилинганлигининг
30 йиллиги халқаро ҳамжамият томонидан кенг нишонланади. Бу саналарни нишонлаш доирасида халқаро, минтақавий ва миллий тадбирлар ўтказиш, инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-маърифий ҳамда таълим-тарбиявий ишларни такомиллаштириш, шунингдек, аҳоли, ёшлар ва болалар учун дарслик, қўлланма ва бошқа адабиётларни тайёрлаш муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги фармони билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастур 30 та банддан иборат бўлиб, 1-ярим йилликда 6 та банд бўйича ишлар тўлиқ бажарилган.
2023 йил 13-15 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюркнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи амалга оширилди. БМТ Олий комиссари ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Сенат раиси, Олий суд раиси, Бош прокурор, Ташқи ишлар, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарлари билан учрашди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази раҳбарияти, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), шунингдек, фуқаролик жамияти фаоллари, аҳоли вакиллари, талабалар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан юзма-юз мулоқот қилди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари юзасидан тавсияларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг 2023 йил 10 июндаги Қўшма қарори билан тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини нишонлаш бўйича халқаро тадбирларда Миллий марказ вакиллари иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2023 йил 13-16 июнь кунлари Миллий марказ директори Пекин шаҳрида “Тенглик, ҳамкорлик ва тараққиёт: Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал бошқарув ҳамда Ҳаракатлар дастури ва Вена декларациясининг 30 йиллиги” мавзусида бўлиб ўтган инсон ҳуқуқлари бўйича Глобал бошқарув форумида асосий маъруза билан иштирок этди.
2023 йил 21-25 май кунлари Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиянинг 21-сессиясида Миллий марказ вакили маъруза қилди. Сессияда “Тадбиркорлик ва инсон ҳуқуқлари: ИҲТ мамлакатлари учун норматив-ҳуқуқий база ва йўриқномалар” мавзусида муҳокамалар бўлиб ўтди.
2023 йил 5-6 июнь кунлари Вена шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва Австрия ҳукумати томонидан ташкил этилган “Вена бутунжаҳон конференцияси 30 йиллиги: Бизнинг ҳуқуқлар – бизнинг келажак” мавзусидаги юқори даражадаги Бутунжаҳон конференциясида Ўзбекистон вакили иштирок этди.
2023 йил 17-19 апрель кунлари Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакиллари Т.Хакала ва И.Гилмор бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарияти, Бош прокурор, Ички ишлар ва Адлия вазирлари билан учрашувлар ўтказилди.
Шунингдек, 2023 йил 23-25 апрель кунлари “Ўзбекистон Республикаси – Европа Иттифоқи” Ҳамкорлик кенгаши (Люксембург) ҳамда 19-21 июнь кунлари “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва тегишли масалалар бўйича кичик қўмитасининг (Брюссель) 19-мажлиси ишларида Ўзбекистон делегацияси таркибида Миллий марказ вакили иштирок этди.
Ҳисобот даврида Миллий марказда 20 га яқин халқаро ташкилот ва ҳорижий давлатлар делегациялари билан учрашувлар ўтказилди. Жумладан, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштимрувчиси, АҚШ, Германия, Япония, Қатар, Мўғилистон, Тожикистон, Қозоғистон давлатлари делегациялари билан учрашувлар ўтказилди.
2023 йил 11-13 май кунлари Миллий марказ директори Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган “XI Петербург халқаро юридик форуми”да асосий маърузачи сифатида иштирок этди.
Бундан ташқари, Марказ вакиллари АҚШ, Қозоғистон, Шимолий Македонияда бўлиб ўтган бир қанча халқаро конференция ва давра суҳбатларида иштирок этди. АҚШ Давлат департаментининг “Эътиқод эркинлигига кўмак” мавзусидаги ўқув ташрифи, Қочоқлар тўғрисидаги “Глобал форум-2023” доирасида суб-минтақавий тайёргарлик давра суҳбати (Алмати шаҳри), Марказий Осиёда фуқаросизликка барҳам бериш бўйича давра суҳбати (Алмати шаҳри), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар академиясининг “Инсон ҳуқуқлари соҳасида конун устуровлиги” мавзусида ўқув семинари (Скопье шаҳри), Европа Кенгаши ва Европа Иттифоқининг “Марказий Осиёда қонун устуворлиги” қўшма дастури Минтақавий бошқарув қўмитаси иккинчи йиғилиши (Астана шаҳри) шулар жумласидандир..
Инсон ҳуқуқлари мониторинги
Миллий марказга 2023 йил биринчи ярмида 682 та (2022 й. – 694 та) мурожаат келиб тушган бўлиб, барчаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларига биноан кўриб чиқилган. Шундан 24 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ҳамда 116 таси Миллий марказнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатлардир.
Ҳисобот даврида келиб тушган мурожаатларнинг 96,3 фоизи кўриб чиқилган. Шунингдек, 25 та мурожаат “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларига мос келмаслиги сабабли кўрмасдан қолдирилди.
Шахсий қабул жараёнида 168 та мурожаат қабул қилинди. Бу жараёнда 110 нафар фуқарога оғзаки ҳуқуқий тушунтириш ва юридик маслаҳатлар берилди.
Телефон орқали 1минг 200 нафардан ортиқ жисмоний ва юридик шахсга оғзаки ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши таъминланди.
Миллий марказ томонидан 250 дан ортиқ мурожаат бўйича хулосалар тайёрланиб, қонунчилик ҳужжатлари асосида кўриб чиқиш учун тааллуқли давлат органларига юборилган. Ўтган давр мобайнида киритилган таклиф ва тавсиялар асосида 52 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди, ҳуқуқлари амалга оширилишига кўмак берилди.
Жорий йилда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилиш доирасида қабул қилинган қонунларнинг ҳудудлардаги ижроси мониторинг қилинди.
Миллий марказ томонидан, Соғлиқни сақлаш, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда “Мадад” ННТ вакиллари жалб қилинган ҳолда, жорий йилнинг 10-13 апрель кунлари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва ички ишлар идораларида жойлашган вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарида инсон ҳуқуқларига риоя этилиши аҳволи юзасидан мониторинг тадбирлари ташкил этилди.
Мониторинг ташрифи давомида маҳкумлар учун яратилган шароитлар, жумладан, уларнинг даволаниши, дам олиши, озиқ-овқатининг сифати, меҳнат шароитлари, муассаса ходимларининг уларга нисбатан муомаласи, тазйиқ ва зўравонликлар содир этилиши билан боғлиқ масалалар ўрганилган.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборий-маърифий ва ноширлик фаолияти
2023 йилнинг январь-июль ойлари давомида Миллий марказ томонидан 15 та китоб тайёрланди ва чоп этилди. Шундан 3 таси – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонун ҳужжатлари ва хорижий қонунчилик бўйича, 5 таси – халқаро шартномалар бўйича, 3 таси – ўқув қўлланма, 2 таси – ахборот материаллари, яна 2 таси – қонун ҳужжатлари ва мақолалар тўпламларини ташкил этади.
Жумладан, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари: халқаро ва миллий даражада ҳимоя қилиниши” ўқув қўлланмалари, Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро шартномалар ва миллий қонунчилик тўплами, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ўзбек (кирил ва лотин имлосида), қорақалпоқ (кирил ва лотин) ва рус тилларида чоп этилиб, давлат органлари, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда кенг жамоатчиликка тарқатилди.
Ўзбекистон Мллий кутубхнаси ва унинг ҳудудларда жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида “Инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар” йўналиши ташкил қилинди. Ушбу кутубхоналарнинг ҳар бирига 110 дан ортиқ китоб, жами 2 минг 150 дона инсон ҳуқуқларига оид адабиёт ва 600 дан ортиқ илмий-ҳуқуқий журнал беғараз тақдим этилди.
Миллий марказ фаолияти тўғрисида 2023 йилнинг 6 ойида хорижий ва миллий оммавий ахборот воситаларида 324 та ахборот эълон қилинган. Шунингдек, Миллий марказнинг расмий сайтида 426 та ва ижтимоий тармоқларида (Facebook, Telegramm, Youtube, Twitter ва бошқ.) 1 минг 809 та материал эълон қилинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг биринчи ва иккинчи сонлари нашр этилди. Журналнинг 1-сони – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”га бағишланиб, унда ўзбек тилида 9 та, инглиз тилида 6 та ва рус тилида 4 та мақола эълон қилинди. Журналнинг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бағишланган 2-сонида ўзбек тилида 10 та, инглиз тилида 8 та ва рус тилида 6 та мақола эълон қилинди.
Журнал таҳририяти томонидан “Энг долзарб илмий мақолалар” танлови ўтказилди. Танлов мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини илмий асосда ёритувчи таҳлилий мақолаларни кенг жамоатчиликка етказиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида мавжуд муаммоларни илмий асосда ўрганиш ва уларга назарий ҳамда амалий ечимлар таклиф этилишини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилди.
- Қўшилди: 26.07.2023
- Кўришлар: 4161
- Чоп этиш