27 июль куни пойтахтимизда айни шу долзарб мавзуга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинарда давлат органлари, ногиронлиги бўлган шахслар муаммолари билан шуғулланадиган жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа бир қатор институтлари вакиллари ва экспертлар иштирок этди. Иштирокчилар кун тартибидаги мавзуни Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича 2023–2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасида белгиланган шахсий ёрдамчи институтини миллий қонунчиликка киритиш механизмларини шакллантириш нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама қилдилар.
Тадбирда шахсий ёрдамчи институти бўйича хорижий давлатлар қонунчилиги ва тажрибаси кўриб чиқилди. Кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун шахсий ёрдамчи қандай бўлиши кераклиги ва унга қўйиладиган талаблар, шахсий ёрдамчиларни тайёрлаш масалалари тўғрисида фикрлар билдирилди.
Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлаш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлишларини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, семинарда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаёти барча соҳаларида иштирок этишлари учун зарур шароитлар яратиш бўйича давлат томонидан тизимли ишлар изчил давом эттирилаётгани алоҳида таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.07.2023
- Кўришлар: 3560
- Чоп этиш