Ремко Рейдинг 101 ўзбек маҳбуси нега оч-наҳор қолган бўлса-да, фашистларни қуролсиз, қалбан енгганининг сабабини англаб етди

2020 йил Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида "101 ватандош изидан" экспедицияси Нидерландия – Германия – Польша – Россия бўйлаб ташкил этилган эди.

Экспедиция давомида иккинчи жаҳон урушида олис юртларда бедарак йўқолган ўзбекистонлик аскарлар шахси ва дафн этилган мангу оромгоҳлари, Освенцим концлагеридаги 22 ўзбек маҳбуси тақдири, дунёни ларзага солган Амерсфорт концлагеридаги 101 ўзбек маҳбуси жасоратига оид Амстердамдаги Миллий архив ҳужжатлари ўрганилди. Бу жараёнда ўзбекистонликлар билан боғлиқ Иккинчи жаҳон уруши йилларига оид ҳали ўрганилмаган тарихий маълумотлар қўлга киритилди.

101 ўзбек маҳбусидан бирортасининг шахси аниқланса, хотираси шарафига рамзий қабр ўрнатиш илинжида боболаримиз дафн этилган Нидерландиянинг Амерсфорт шаҳри Русхофф қабристонидан тупроқ олиб келинди.  

101 аскар ғояси нимани англатади?  

Глобаллашув оламида яшаяпмиз, кеча юз берган ҳайратли воқеа бугун қизиқ бўлмай қоляпти. Балки қалблар қотаётгандир. Фашистни кўрган, уни асир олган, ер тишлатган, юртни душмандан сақлаш учун Атлантика океани қирғоғигача пиёда борган ота-боболаримиз жасорати эртакка айланяпти.  

Тан олиш керак, “Сен етим эмассан” фильмидан сўнг бошқа бирор кино қалбларни унинг даражасида ўртамасди. Йиллар ўтиб, "Илҳақ" фильмидаги муштипар ўзбек онаси Зулфия момо "Ҳеч бўлмаса, бешта ўғлимдан бирортаси қайтмади-я!" деб оҳистагина айтган сўзлари матонат мадҳиясига айланди.  

Сўнг эса Ўзбекистон Президентининг қарорига кўра, 9 май  – Хотира ва қадрлаш кунида Амерсфорт концлагерида жасорат ва матонат кўрсатган 101 ўзбек маҳбуси шарафига "101" фильми намойиш этилди. Пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи”да эса Амерсфорт концлагерида қатл этилган 101 ўзбек аскари шарафига ўрнатилган монумент "Сен юрт билан бўл, юрт унутмайди», деяётгандек.  

Ремко Рейдинг Ўзбекистонда  

2021 йилда недерландиялик журналист Ремко Рейдинг жонбозлигида Амерсфортдаги 101 нафар номаълум ўзбек аскарининг бири ҳақида маълумот топилди. Бу аскар 1940 йилда Навоий вилоятининг Хатирчи тумани Боғишамол маҳалласидан урушга кетган оддий ўқитувчи Райим Саломов эканлиги исботланди.  

Маълумот учун:  Ремко Рейдинг – нидерландиялик тадқиқотчи журналист, 1976 йилда туғилган. Нидерландиядаги “Шон-шуҳрат майдони фарзандлари” нодавлат-нотижорат ташкилоти раҳбари. Бундан 25 йил йил олдин Ремко Рейдинг Москвада таҳсил олган пайтлари дўстлари унга Амерсфортдаги ҳовлиси яқинидаги ўрмон ичида бир қабристон борлиги ҳақида хабар беришади. Ёш тадқиқотчи талаба бу тарихий жой ва қабристонни ўрганишни бошлайди. Кейинчалик унинг изланиш ва ўрганишлари натижасида бу қабристонда Амерсфорт концлагери маҳбуслари, айнан 101 та “Номаълум аскар” тоши остида ўша машҳур 101 нафар ўзбек маҳбус аскарлари дафн этилгани аниқланди. Шундай қилиб, бутун дунё 101 ўзбек маҳбуси тарихи ҳақида хабардор бўлади.  

Шу тариқа оддий аскар Райим Саломов учун Хатирчи туманидаги “Даккан ота” қабристонига рамзий қабр тоши қўйилди. Аскар ота рафиқасининг 3 ойлик ҳомиладорлигини ҳам билмасдан урушга йўл олган эди. Унинг қабри муштипар рафиқаси Мушаррам момо ва қизи Хурсанд биби ёнида қад ростлади. Юртимизда 101 ўзбек маҳбус аскарининг бири шарафига рамзий қабр тоши қўйилди.  

Ремко Рейдинг Ўзбекистоннинг Навоий вилоятига етиб келди. Меҳмон “101 ватандош изидан” экспедицияси раҳбари Назиржон Жўраев, халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Жамолиддин Ҳамроев ҳамроҳлигида Хатирчи туманидаги “Даккан ота” қабристонига ошиқди, ўрнатилган қабртошдан ҳайратини яширмади. Бу рамзий қабр тоши айнан Амерсфорт ўрмонидаги 1942 йил 9 апрелда 101 ўзбек аскар отилган жойдаги тош билан бир хил эди.

Қарийб 25 йил олдин 101 ўзбек аскари бўйича изланишни бошлаган, бугун 50 ёшга яқинлашганида тарих сирлари калавасининг бир учини топган олим тадқиқотчи учун бу бахт эканини яширмади. Қарийб 80 йил олдин Райим Саломовнинг фақат урушга кетганидан бошқа ҳеч нарсадан бехабар жигарлари қувончига шерик бўлди.  

Хатирчи тумани "Боғишамол" кўчаси 132-уйнинг ёғоч дарчасидан остона ҳатлаган Ремко Рейдинг 101 ўзбек маҳбуси нега оч-наҳор қолган бўлса-да, фашистларни қуролсиз, қалбан енгганининг сабабини англаб етди.  Балки унинг англаб етишига аскарнинг ҳовлисига кирганида ишкомлардаги кирсиллаган узумлар бошига теккани сабаб бўлгандир...  

Балки ҳовли ўртасидаги боққа кириб, “It is a peach?”, деб шираси оқиб турган шафтолини паққос туширгани сабаб бўлгандир...  

Балки меҳмон учун қўйилган дастурхондаги кулча патир, тандирдан узилган нонни қўлига олгани, “Бу хонадон нонини Райим ризқ билиб тотган”, дея маъюс тортиши сабаб бўлгандир.  

У ҳовлидаги узумзор, шафтоли-ю олмазорга қараб: “Аскарлар оч қолса ҳам, ўртага ташланган нонни фашистлар кутгандек талашиб емагани, тортишишмагани сабабини кўп ўйладим. Уларнинг кўзи тўқ бўлган экан. Бу аниқ”, дея ҳайратини яширмади.  

Бағрикенг ва меҳмондўст хонадон эгалари қўлидан маҳкам тутиб, у яна шундай деди: “Сизларга раҳмат, шундай мард, иродали аскар учун, бир пайтлар менинг ота-бобом асирларга нон берган, бугун мен сизларнинг тузингизни тотдим. Тўкин дастурхон меҳмони бўлдим. Бугун мен ўтирган жойда қарилик гаштини суриб Райим Саломов ўтириши керак эди. Унинг ёнида умрининг охиригача ёри ҳажрида ўтган аёли Мушаррам момо чой узатиши керак эди. Дастурхон атрофида отасига муштоқ бўлган, 2020 йилда қазо қилган қизи Хурсанд момо бўлиши мумкин эди. Аммо, бу – тақдир. Барчамизни ер устида нон, ер остида тупроқ бирлаштиради. Биз нидерланд халқи, 101 ўзбек аскари билан фахрланамиз!” дея кўзига ёш олди.  

Ўша кун у дарвозахонада илинган қизил белбоғни кўриб, бир лаҳза тик турди ва Райим Саломовнинг қариндошларига шундай сўзларни айтди:  “Мен энди Ўзбекистонга, Навоийга ҳар доим келаман. Бу хонадон фарзандиман. Чунки бу дарвозахонада менинг юртимдан тупроқ олиб келинган белбоғ турибди. Юртим Нидерландиянинг бир сиқим тупроғи энди Ўзбекистонда, Навоийдан борган делегация 101 ўзбек аскаридан бири навоийлик бўлса ажабмас, насиб этса, рамзий қабр тоши қўямиз, деган нияти самимий экан. Тақдирни қаранг, бу Навоий вилоятидан урушга кетган аскар бўлиб чиқди. Биз омонат тупроқни топширдик, омонатга хиёнат қилмай, рамзий қабр тоши қўйганларга раҳмат!”  

 

Жонибек ШУҲРАТОВ,  

Навоий вилояти “Жасорат ва матонат”  

тарғибот маркази раҳбари.  

Абдулазиз  РУСТАМОВ,

ЎзА

Маълумот учун: Голландиялик журналист, ёзувчи ва тарихнавис Ремко Рейдинг номи юртдошларимизга яхши таниш ҳамда жуда қадрлидир.  Чунки у Иккинчи жаҳон уруши даврида Смоленскдаги қақшатқич жангларда мардларча курашган ва асирга олиниб, фашистларнинг Голландиядаги “Амерсфорт” концлагерига ташланган 101 нафар ўзбек аскарининг аччиқ қисмати ҳақида биринчилардан бўлиб бонг урган фидойи ижодкор ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 2022 йил январида Брюсселда таниқли журналист ва адиб Ремко Рейдинг билан учрашуви чоғида қаттол урушнинг ўзбекистонлик 101 нафар қаҳрамони ва қурбони тақдирини чуқур ўргангани ҳамда ана шу қайғули ва ибратли воқеа тафсилотлари ҳақида алоҳида китоб ёзгани учун унга чуқур миннатдорчилик изҳор этганди.

Ушбу мулоқот асносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020 йили Тошкент шаҳрида очилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси таркибида 101 нафар ўзбек жангчиси хотирасига бағишлаб “Концлагерь” ёдгорлиги бунёд этилгани таъкидланди. Шунингдек, “Шон-шараф” давлат музейида, Р.Рейдинг тўплаган тарихий далил ва ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, айни мавзуни ёритишга қаратилган махсус павильон ишлаб турибди.

2021 йилда голландиялик маданият арбоби Б.Чарлакнинг “Ўзбекистон – Буюк Ипак йўлининг гавҳари” номли китоби нашр этилди. Ушбу китобда ҳам 101 нафар ўзбек аскарининг аччиқ қисмати ҳақида Р.Рейдинг тақдим этган тарихий маълумотлар қайд этилган.

Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида ўзбек киноижодкорлари томонидан миллатимизнинг гўзал сийратини, азалий одоби ва инсонпарварлик фазилатларини теран очиб берадиган ушбу ҳаётий қисса асосида “101” номли бадиий фильм тасвирга олинган. Бу ҳақда китоблар чоп этилмоқда, оммавий ахборот воситаларида атрофлича маълумотлар эълон қилинмоқда.

Ремко Рейдинг ҳозирги вақтда Голландиянинг “Совет жангчилари шон-шуҳрати майдони” жамғармаси бошқаруви раиси лавозимида ишлайди. Мазкур ёдгорлик мажмуаси Амерсфорт шаҳрининг “Растхоф” қабристонига туташ ҳудудда жойлашган бўлиб, бу ерда 865 нафар совет аскари, жумладан, 101 нафар ўзбек жангчиси дафн этилган.

Р.Рейдинг ана шу қурбонларнинг шахсини аниқлаштириш учун 20 йилдан буён изчил изланишлар олиб бормоқда. Хусусан, Р.Рейдинг 2021 йилда ўзбекистонлик жангчиларга тааллуқли экани тахмин қилинаётган бир қанча тарихий ҳужжатларни топишга муваффақ бўлган. Унинг айтишича, бу ерда хоклари кўмилган 101 нафар ўзбек жангчиси 1941 йилда асирга олинган ва 1942 йил 8 апрелда қатл этилган. Р.Рейдинг раҳбарлик қилаётган Жамғарма ҳар йили шу қайғули санада собиқ “Амерсфорт” концлагерининг юртдошларимиз отиб ташланган майдонида хотира тадбири ўтказиб келади.

Р.Рейдинг уруш қурбонлари хотирасини тиклаш, уларнинг шахсини аниқлаш, қариндошларини топиш борасида амалга ошираётган эзгу фаолият Голландия ва Россия  давлатлари томонидан юқори баҳоланган. Хусусан, у 2014 йилда Оран-Нассау Ордени рицари (Голландия) унвони билан тақдирланган. 2015 йилда Россия Федерацияси Президенти В.Путин унга миннатдорчилик билдирган. 2019 йилда Лёсден шаҳри (Голландия) мэрияси Р.Рейдингни жамият олдидаги хизматлари учун Анни де Бофорспелд кўкрак нишони билан мукофотлаган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech