15 август куни Сайидо Насафий номидаги Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона марказида академик Акмал Саидовнинг “Ҳазрат Занги ота” китоби иккинчи нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фондининг Қашқадарё вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тақдимот аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов ўзи муаллифи бўлган ушбу китобнинг мазмун-моҳияти ҳақида мухтасар сўзлаб берди. Асарнинг янги нашрини тайёрлаш ва чоп этишни тақозо этган муҳим омиллар ҳақида тўхталди.
“Ҳазрат Занги ота” китоби улуғ авлиё, шайх, тасаввуфнинг йирик намояндаларидан бири Ҳазрат Занги ота – Ойхўжа ибн Тошхўжа ҳаёти ва маънавий меросига бағишланган. Мовароуннаҳрнинг буюк валийларидан бири бўлган бу мўътабар зот Хожа Аҳмад Яссавийнинг устози Арслонбобнинг эварасидир. Китобда Занги отанинг таржимаи ҳоли, хусусан, исм ва насаблари, аҳли аёллари, сулолаcи, таваллуд ва вафот вақтлари, Ватани, саёҳат ва изланишлари, устоз ва шогирдлари, Яссавия тариқатидаги даражалари, мақбара ва зиёратгоҳлари тўғрисида маълумотлар баён этилган.
Занги ота мажмуаси – нафақат Ўзбекистон, айни чоғда, Марказий Осиё минтақасидаги ноёб тарихий-меъморий ва маданий-маърифий мажмуа ва табаррук зиёратгоҳлардан ҳисобланади. Шу маънода, китобда мажмуанинг Соҳибқирон Амир Темур томонидан бунёд этилиши, Темурийзода – олим ва шоҳ Мирзо Улуғбек томонидан таъмирланиши, кейинги даврларда, айниқса, мустақиллик йилларида бу мўътабар масканда амалга оширилган ободлик ва бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам муҳим маълумотлар берилган.
Асарда Ҳазрат Занги отанинг маънавияти ва фаолияти мисолида тасаввуфга доир қизиқарли маълумотлар келтирилган. Занги отанинг каромат ва фазилатлари, ул зот ҳақидаги шеър ва ривоятлар, шунингдек, улуғ авлиё меросининг Шарқда ва Ғарбда ўрганилиши масалалари талқин этилган.
Ушбу китоб 2015 йилда нашр этилган бўлиб, ўтган даврда муаллиф мавзу доирасида кўплаб илмий изланишлар олиб борди, ўз фикр-мулоҳазаларини рисола, журнал ва газеталарда эълон қилди. Шу нуқтаи назардан, тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашрда Ҳазрат Занги ота ҳаёти ва фаолиятига доир янги маълумотлар, китобнинг биринчи нашри хусусида юртимиз зиёлилари, олиму адиблари томонидан билдирилган фикрлар ҳам ўз аксини топган.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Муқаддимасида ушбу Асосий қонунни қабул қилишда “давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига” таянилгани алоҳида таъкидлангани бежиз эмас. Бунда, жумладан, Ҳазрат Занги отанинг маънавий мероси ҳам ўзига хос ўрин тутади.
Мозий шоҳидки, IХ-ХII асрларда минтақамизда юз берган ва австриялик атоқли шарқшунос олим Адам Мец томонидан илк бор “Мусулмон Ренессанси” деб таърифланган Биринчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам, бутун дунёда машҳур француз олими Венсан Фурниё ибораси билан “Темурийлар даври Ренессанси” дея эътироф этилган ХIV-ХVI асрлардаги Иккинчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам жамиятда эътиқод мустаҳкам, маънавият кучли, инсонлар дунёқарашида маънавият устувор, давлатчилик тузумида маънавият ва маърифат етакчи бўлган.
Шарқнинг бутун инсоният тарихидаги нодир ижтимоий ҳодиса бўлган ҳар икки Ренессанси буюк аждодларимизнинг илм-маърифат ва кучли эътиқод, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар бизнинг давримизда, Янги Ўзбекистонда алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда.
Тақдимот иштирокчилари шу кунларда жамоатчилик муҳокамаси якунига етаётган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси лойиҳасида буюк аждодларимизга бағишланган юқори сифатли фильмларни суратга олиши ташаббуси ҳам илгари сурилганига эътибор қаратдилар. Келгусида Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби улуғ аждодларимиз қатори Занги отадек азиз-авлиёларимиз ҳақида ҳам дунё кино бозорларида рақобат қила оладиган янги бадиий фильмлар яратилиши ўзбек маданиятини бутун дунёга янада кенг тарғиб этиш имконини бериши қайд этилди.
Тақдимотда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шарофиддин Назаров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Қосимов, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилоят муассасаси бошқаруви раиси, ёзувчи Шарофат Ашурова, Қарши Муҳандислик-иқтисодиёт университети профессори Искандар Бўриев, Сайидо Насафий номидаги Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Гулнора Турсунова ва бошқалар “Ҳазрат Занги ота” китобининг маънавий-маърифий аҳамияти, хусусан, ёшларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашда тутадиган ўрни муҳимлигини эътироф этдилар. Китоб Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги байрамларига туҳфа эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида ёзувчи Шарофат Ашурова, марҳум тарихчи олим Поён Равшановнинг оиласи вакили ва вилоят кутубхонасига муаллиф томонидан “Ҳазрат Занги ота” китоби совға қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона марказининг телеграм канали
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими расмий канали
- Қўшилди: 16.08.2023
- Кўришлар: 3771
- Чоп этиш