Маърифат – тинчлик ва тараққиёт гарови

“Қашқадарё заминида буюк аллома, мотуридия таълимотининг йирик вакили Абу Муин Насафий бобомиз яшаб ўтганлар. У киши узоқ муддат Бухоро ва Самарқандда таҳсил олиб, калом илми, яъни исломий эътиқод поклиги масаласида 15 га яқин китоб ёзганлар. Ана шу китобларида, бундан минг йил олдин дин масаласида адашганларга тўғри йўл кўрсатганлар”.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг ушбу фикрлари 15 август куни Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Абу Муин Насафий мажмуасида академик Акмал Саидовнинг “Ҳазрат Занги ота” китоби иккинчи нашрининг тақдимотига бағишлаб ўтказилган тақдимот маросимида яна бир бор таъкидланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фондининг Қашқадарё вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тақдимот аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов ўзи муаллифи бўлган ушбу китобнинг мазмун-моҳияти ҳақида мухтасар сўзлаб берди. Асарнинг янги нашрини тайёрлаш ва чоп этишни тақозо этган муҳим омиллар ҳақида тўхталди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби»  мавзусидаги  анжуманда билдирган  таклифларига кўра, 2017 йил 8 ноябрда Самарқанд вилоятида  Калом  илми  мактаби, 10 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида Ақида  илми  мактаби ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илми мактаби ҳамда 13 ноябрь куни Ислом ҳуқуқи мактаби иш бошлади. Ушбу маърифат марказлари эндиликда бой илмий-тарихий меросимизни тизимли ўрганиш  ва тарғиб этишга хизмат қилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг маърифатли ислом ғояларини тарғиб қилиш борасидаги ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан қизғин кутиб олинмоқда. Хусусан, 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул  қилинди.

Ушбу резолюция Ўзбекистон  Республикаси Президенти 2017 йил 19 сентябрда БМТнинг 72-сессияси минбаридан илгари сурган халқаро ташаббуслардан биридир. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.

Ҳозирги вақтда бутун башарият глобаллашув замонида, турли ғоялар кураши ўта фаоллашган, баъзи экстремистик кучлар ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олиб, ғаразли мақсадларда фойдаланаётган даврда яшамоқда. Бу қалтис ва мураккаб вазиятда биринчи навбатдаги вазифа шуки, мусулмонларнинг ўзи ақидапарастликдан халос бўлмоқликлари шарт. Акс ҳолда, дунё миқёсида тинчлик ва барқарорликка эришиш ниҳоятда мушкулдир .

Шу нуқтаи назардан, инсон онги ва қалби учун кураш кескин тус олаётган бир пайтда, диндан ғаразли мақсадларда фойдаланаётган турли оқимлар фаолиятига муносиб баҳо бериш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир. Бир сўз билан айтганда, мустақиллик йилларида биз фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда, Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандия таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ва Занги ота ҳикматлари, Имом Мотуридий ва Имом Абу Муин Насафий ақоидлари асосида тарбия қилаётганимиз бежиз эмас. Бинобарин,  маънавий  ҳаётимизни,  шу  жумладан,  маърифий  ислом, таъбир жоиз бўлса, маърифий тасаввуфни мана шу улуғ алломаларимиз, пири комил аждодларимизнинг номлари билан боғлаймиз.

«Ҳазрат  Занги  ота» китоби муаллифи ўз асарининг тўлдирилган ва қайта ишланган янги нашрини китобхонлар эътиборига тақдим этар экан, бир қатор омилларни инобатга олгани жуда муҳим. Бу омиллар, жумладан, қуйидагилардан иборат:

биринчидан, китоб нашр этилганидан кейинги йилларда маънавий-маърифий йўналишда улкан ўзгаришлар амалга оширилди;

иккинчидан, «Ҳазрат Занги ота» китобининг дастлабки нашрини китобхон халқимиз қизғин кутиб олди. Ҳатто, 2017 йили «Ҳазрат Занги  ота» китоби таржимон Шеригул Пайзуллаева томонидан қорақалпоқ тилига таржима қилинди;

учинчидан, айни мавзудаги тадқиқот якунлари салмоқли китоб шаклида эълон қилинганига қарамай, муаллифнинг бу йўналишдаги изланишлари тўхтаб қолмади, аксинча. ушбу илмий-ижодий жараён кейин ҳам давом этди;

тўртинчидан, «Ҳазрат Занги ота» китобига бир қатор олимларимиз ўз тақризлари орқали ижобий муносабатларини билдирдилар. Занги отамиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тўртта ҳужжатли фильм ишланди. Қолаверса, 2016 йили Занги ота зиёратгоҳи ёдгорлик мажмуаси расмий веб-сайти – zangi-ota.uz сайтига асос солинди;

бешинчидан,  «Ҳазрат  Занги  ота» китобининг илк нашрини тайёрлашда жуда кўплаб манбалардан фойдаланилган.  Бу жараёнда китобхонни қизиқарли ва қимматли ёзма маълумотлар билан батафсилроқ таништириш мақсадидан келиб чиқиб, китобни кўркам суратлар билан безатишда бир қадар чекланилган. Хусусан, Занги ота меъморий ёдгорлигининг тарихий қиёфаси ва зиёратгоҳнинг таъмирдан кейинги гўзал манзаралари атиги 16 бетлик зарварақларда акс эттирилганди, холос.

Шу маънода, китобнинг тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашрида китобхонда тўлиқ тасаввур бўлиши учун расм ва безаклардан кенг фойдаланилди. Занги ота меъморий мажмуаси обидаларининг араб имлосидаги битикларининг ўзбекча таржималари, ушбу тарихий ёзувлар таржималари тақдим этилди.

Тақдимотда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, имом-хатиб Раҳматилло қори Усмонов, Қарши тумани ҳокими Бекзод Суюнов, Абу Муин Насафий мажмуаси директори Музаффар Бозоров,  Ҳожи Хизр жоме масжиди имом-хатиби Садриддин Абраев, фермер ва ижодкор Иброҳим Холёров ва бошқалар эътироф этганларидек, ушбу китоб Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги байрамларига мўъжаз туҳфадир.

Тақдимот якунида тадбир иштирокчилари Абу Муин Насафий мажмуаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакилига академик Акмал Саидов томонидан “Ҳазрат Занги ота” китоби совға қилинди.

Маълумот учун: Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида жойлашган Абул Муин ан-Насафий зиёратгоҳининг тарихи минг йиллар билан бўйлашади. Бу ердаги бинолардан тортиб, ўрамлари асрлардан дарак берувчи тут дарахтлари, қадим битиклар билан безатилган қабр тошлари бунга яққол мисол. Қадамжода улуғ аллома, ҳазрат Абул Муин ан-Насафийнинг мақбараси ҳамда шу ном билан аталувчи масжид сақланиб қолган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2021 йили зиёратгоҳ негизида Абу Муин Насафий мажмуаси ташкил этилди. Мажмуа зиёрат хизматларини кўрсатиш билан бир қаторда  Абун Муин Насафий ва Имом Мотурудий каби улуғ алломаларимиз маърифати ва таълимотини тарғиб қилиш, асраб авайлаш ҳамда келажак авлодга етказиш билан шуғулланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech