Конституция, инсон ҳуқуқлари ва улуғ аждодларимиз маърифати: Ҳазрат Занги отага бағишланган китоб тақдимоти тафсилотлари

 «Яратганнинг меҳри, назари тушган бу заминдан Шайх Умар Боғистоний, Хўжа Аҳрор Валий, Абу Бакр Шоший, Абу Сулаймон Банокатий каби азиз авлиё ва алломалар етишиб чиққанини  тарихдан яхши биламиз. Айниқса, буюк аллома Ойхўжа ибн Тошхўжа – Занги отанинг номи, бу муборак зотнинг Тошкент  вилоятидаги  зиёратгоҳи мусулмон оламида маълуму машҳурдир».

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу эътирофи академик Акмал Саидов қаламига мансуб “Ҳазрат Занги ота” китоби иккинчи нашрининг дастлабки варағига муҳрланган.

Жорий йилнинг 15-16 август кунлари яқинда нашрдан чиққан ушбу китобнинг тақдимотлари Қашқадарё заминида ўтказилди. Тақдимот доирасидаги барча маърифий тадбирлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллигига бағишланади.

Вилоят кутубхонасида Конституция ва инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар йўналиши очилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 15 август куни Сайидо Насафий номидаги Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона марказида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар” йўналиши очилишида иштирок этди.

Шу муносабат билан Сайидо Насафий номидаги Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Гулнора Турсуновага Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг махсус дипломи топширилди.

Вилоят кутубхонаси 1943 йилда ташкил этилган. Унинг жамғармасида 221 минг 651 та китоб, 6 минг 30 та газета ва 5 минг 360 та журнал мавжуд. Бу ерда, шунингдек, 153 та нодир ва ноёб нашрлар сақланмоқда.

Эндиликда мазкур кутубхона Миллий марказ томонидан беғараз тақдим этилган 150 дан ортиқ инсон ҳуқуқларига оид китоб ва илмий-ҳуқуқий журналлар ҳисобига янада бойиди.

Маълумки, жорий йилнинг биринчи ярмида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва бошқа бир қатор вилоятлардаги ахборот-кутубхона марказларида ҳам “Конституция ва инсон ҳуқуқлари бўйича адабиётлар” йўналиши ташкил қилинди. Ушбу кутубхоналарга жами 2 минг 150 дона китоб ва 600 дан ортиқ илмий-ҳуқуқий журнал етказиб берилди. Бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

 Учинчи Ренессанс ва улуғ аждодларимизнинг маънавий мероси

15 август куни Сайидо Насафий номидаги Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона марказида академик Акмал Саидовнинг “Ҳазрат Занги ота” китоби иккинчи нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фондининг Қашқадарё вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тақдимот аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов ўзи муаллифи бўлган ушбу китобнинг мазмун-моҳияти ҳақида мухтасар сўзлаб берди. Асарнинг янги нашрини тайёрлаш ва чоп этишни тақозо этган муҳим омиллар ҳақида тўхталди.

 “Ҳазрат Занги ота” китоби улуғ авлиё, шайх, тасаввуфнинг йирик намояндаларидан бири  Ҳазрат Занги ота – Ойхўжа ибн Тошхўжа ҳаёти ва маънавий меросига бағишланган. Мовароуннаҳрнинг буюк валийларидан бири бўлган бу мўътабар зот Хожа Аҳмад Яссавийнинг устози Арслонбобнинг эварасидир. Китобда Занги отанинг таржимаи  ҳоли, хусусан, исм ва насаблари, аҳли аёллари, сулолаcи, таваллуд ва вафот вақтлари, Ватани, саёҳат ва изланишлари, устоз ва шогирдлари, Яссавия тариқатидаги даражалари, мақбара ва зиёратгоҳлари тўғрисида маълумотлар баён этилган.

Занги ота мажмуаси – нафақат Ўзбекистон, айни чоғда, Марказий Осиё минтақасидаги ноёб тарихий-меъморий ва маданий-маърифий мажмуа ва табаррук зиёратгоҳлардан ҳисобланади. Шу маънода, китобда мажмуанинг Соҳибқирон Амир Темур томонидан бунёд этилиши, Темурийзода – олим ва шоҳ Мирзо Улуғбек томонидан таъмирланиши, кейинги даврларда, айниқса, мустақиллик йилларида бу мўътабар масканда амалга оширилган ободлик ва бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам муҳим маълумотлар берилган.

Асарда Ҳазрат Занги отанинг маънавияти ва фаолияти мисолида тасаввуфга доир қизиқарли маълумотлар келтирилган. Занги отанинг каромат ва фазилатлари, ул зот ҳақидаги шеър ва ривоятлар, шунингдек,  улуғ авлиё меросининг Шарқда ва Ғарбда ўрганилиши масалалари талқин этилган.

Ушбу китоб 2015 йилда нашр этилган бўлиб, ўтган даврда муаллиф мавзу доирасида кўплаб илмий изланишлар олиб борди, ўз фикр-мулоҳазаларини рисола, журнал ва газеталарда эълон қилди. Шу нуқтаи назардан, тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашрда Ҳазрат Занги ота ҳаёти ва фаолиятига доир янги маълумотлар, китобнинг биринчи нашри хусусида юртимиз зиёлилари, олиму адиблари томонидан билдирилган фикрлар ҳам ўз аксини топган.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Муқаддимасида ушбу Асосий қонунни қабул қилишда “давлатчилигимиз  ривожининг  уч  минг  йилдан  зиёд  тарихий тажрибасига, шунингдек  жаҳон  цивилизациясига  беқиёс  ҳисса  қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига” таянилгани алоҳида таъкидлангани бежиз эмас. Бунда, жумладан, Ҳазрат Занги отанинг маънавий мероси ҳам ўзига хос ўрин тутади.

Мозий шоҳидки, IХ-ХII асрларда минтақамизда юз берган ва австриялик атоқли шарқшунос олим Адам Мец томонидан илк бор “Мусулмон Ренессанси” деб таърифланган Биринчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам, бутун дунёда машҳур француз олими Венсан Фурниё ибораси билан “Темурийлар даври Ренессанси” дея эътироф этилган ХIV-ХVI асрлардаги Иккинчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам жамиятда эътиқод  мустаҳкам, маънавият  кучли, инсонлар дунёқарашида маънавият  устувор, давлатчилик тузумида маънавият ва маърифат  етакчи бўлган.

Шарқнинг бутун инсоният тарихидаги нодир ижтимоий ҳодиса бўлган ҳар икки Ренессанси буюк аждодларимизнинг илм-маърифат ва кучли эътиқод, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар бизнинг давримизда, Янги Ўзбекистонда алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда. 

Тақдимот иштирокчилари шу кунларда жамоатчилик муҳокамаси якунига етаётган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси лойиҳасида буюк аждодларимизга бағишланган юқори сифатли фильмларни суратга олиши ташаббуси ҳам илгари сурилганига эътибор қаратдилар. Келгусида Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн  Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий,  Бобур Мирзо каби улуғ аждодларимиз қатори Занги отадек азиз-авлиёларимиз ҳақида ҳам дунё  кино  бозорларида  рақобат қила оладиган янги бадиий фильмлар яратилиши ўзбек маданиятини бутун дунёга янада кенг тарғиб этиш имконини бериши қайд этилди.

Тақдимотда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шарофиддин Назаров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Қосимов, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилоят муассасаси бошқаруви раиси, ёзувчи Шарофат Ашурова, Қарши Муҳандислик-иқтисодиёт университети профессори Искандар Бўриев, Сайидо Насафий номидаги Қашқадарё вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Гулнора Турсунова ва бошқалар “Ҳазрат Занги ота” китобининг маънавий-маърифий аҳамияти, хусусан, ёшларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашда тутадиган ўрни муҳимлигини эътироф этдилар. Китоб Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги байрамларига туҳфа эканлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида ёзувчи ва тарихшунос Шарофат Ашурова, марҳум тарихчи олим Поён Равшановнинг оиласи вакили ва вилоят кутубхонасига муаллиф томонидан “Ҳазрат Занги ота” китоби совға қилинди.

Маърифат – тинчлик ва тараққиёт гарови

“Қашқадарё заминида буюк аллома, мотуридия таълимотининг йирик вакили Абу Муин Насафий бобомиз яшаб ўтганлар. У киши узоқ муддат Бухоро ва Самарқандда таҳсил олиб, калом илми, яъни исломий эътиқод поклиги масаласида 15 га яқин китоб ёзганлар. Ана шу китобларида, бундан минг йил олдин дин масаласида адашганларга тўғри йўл кўрсатганлар”.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг ушбу фикрлари 15 август куни Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Абу Муин Насафий мажмуасида академик Акмал Саидовнинг “Ҳазрат Занги ота” китоби иккинчи нашрининг тақдимотига бағишлаб ўтказилган тақдимот маросимида яна бир бор таъкидланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фондининг Қашқадарё вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тақдимот аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов ўзи муаллифи бўлган ушбу китобнинг мазмун-моҳияти ҳақида мухтасар сўзлаб берди. Асарнинг янги нашрини тайёрлаш ва чоп этишни тақозо этган муҳим омиллар ҳақида тўхталди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби»  мавзусидаги  анжуманда билдирган  таклифларига кўра, 2017 йил 8 ноябрда Самарқанд вилоятида  Калом  илми  мактаби, 10 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида Ақида  илми  мактаби ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илми мактаби ҳамда 13 ноябрь куни Ислом ҳуқуқи мактаби иш бошлади. Ушбу маърифат марказлари эндиликда бой илмий-тарихий меросимизни тизимли ўрганиш  ва тарғиб этишга хизмат қилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг маърифатли ислом ғояларини тарғиб қилиш борасидаги ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан қизғин кутиб олинмоқда. Хусусан, 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси қабул  қилинди.

Ушбу резолюция Ўзбекистон  Республикаси Президенти 2017 йил 19 сентябрда БМТнинг 72-сессияси минбаридан илгари сурган халқаро ташаббуслардан биридир. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.

Ҳозирги вақтда бутун башарият глобаллашув замонида, турли ғоялар кураши ўта фаоллашган, баъзи экстремистик кучлар ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олиб, ғаразли мақсадларда фойдаланаётган даврда яшамоқда. Бу қалтис ва мураккаб вазиятда биринчи навбатдаги вазифа шуки, мусулмонларнинг ўзи ақидапарастликдан халос бўлмоқликлари шарт. Акс ҳолда, дунё миқёсида тинчлик ва барқарорликка эришиш ниҳоятда мушкулдир .

Шу нуқтаи назардан, инсон онги ва қалби учун кураш кескин тус олаётган бир пайтда, диндан ғаразли мақсадларда фойдаланаётган турли оқимлар фаолиятига муносиб баҳо бериш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир. Бир сўз билан айтганда, мустақиллик йилларида биз фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда, Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандия таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ва Занги ота ҳикматлари, Имом Мотуридий ва Имом Абу Муин Насафий ақоидлари асосида тарбия қилаётганимиз бежиз эмас. Бинобарин,  маънавий  ҳаётимизни,  шу  жумладан,  маърифий  ислом, таъбир жоиз бўлса, маърифий тасаввуфни мана шу улуғ алломаларимиз, пири комил аждодларимизнинг номлари билан боғлаймиз.

«Ҳазрат  Занги  ота» китоби муаллифи ўз асарининг тўлдирилган ва қайта ишланган янги нашрини китобхонлар эътиборига тақдим этар экан, бир қатор омилларни инобатга олгани жуда муҳим. Бу омиллар, жумладан, қуйидагилардан иборат:

биринчидан, китоб нашр этилганидан кейинги йилларда маънавий-маърифий йўналишда улкан ўзгаришлар амалга оширилди;

иккинчидан, «Ҳазрат Занги ота» китобининг дастлабки нашрини китобхон халқимиз қизғин кутиб олди. Ҳатто, 2017 йили «Ҳазрат Занги  ота» китоби таржимон Шеригул Пайзуллаева томонидан қорақалпоқ тилига таржима қилинди;

учинчидан, айни мавзудаги тадқиқот якунлари салмоқли китоб шаклида эълон қилинганига қарамай, муаллифнинг бу йўналишдаги изланишлари тўхтаб қолмади, аксинча. ушбу илмий-ижодий жараён кейин ҳам давом этди;

тўртинчидан, «Ҳазрат Занги ота» китобига бир қатор олимларимиз ўз тақризлари орқали ижобий муносабатларини билдирдилар. Занги отамиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тўртта ҳужжатли фильм ишланди. Қолаверса, 2016 йили Занги ота зиёратгоҳи ёдгорлик мажмуаси расмий веб-сайти – zangi-ota.uz сайтига асос солинди;

бешинчидан,  «Ҳазрат  Занги  ота» китобининг илк нашрини тайёрлашда жуда кўплаб манбалардан фойдаланилган.  Бу жараёнда китобхонни қизиқарли ва қимматли ёзма маълумотлар билан батафсилроқ таништириш мақсадидан келиб чиқиб, китобни кўркам суратлар билан безатишда бир қадар чекланилган. Хусусан, Занги ота меъморий ёдгорлигининг тарихий қиёфаси ва зиёратгоҳнинг таъмирдан кейинги гўзал манзаралари атиги 16 бетлик зарварақларда акс эттирилганди, холос.

Шу маънода, китобнинг тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашрида китобхонда тўлиқ тасаввур бўлиши учун расм ва безаклардан кенг фойдаланилди. Занги ота меъморий мажмуаси обидаларининг араб имлосидаги битикларининг ўзбекча таржималари, ушбу тарихий ёзувлар таржималари тақдим этилди.

Тақдимотда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, имом-хатиб Раҳматилло қори Усмонов, Қарши тумани ҳокими Бекзод Суюнов, Абу Муин Насафий мажмуаси директори Музаффар Бозоров,  Ҳожи Хизр жоме масжиди имом-хатиби Садриддин Абраев, фермер ва ижодкор Иброҳим Холёров ва бошқалар эътироф этганларидек, ушбу китоб Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги байрамларига мўъжаз туҳфадир.

Тадбир иштирокчилари Абу Муин Насафий мажмуаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Маълумки, ушбу зиёратгоҳ тарихи минг йиллар билан бўйлашади. Бу ердаги бинолардан тортиб, ўрамлари асрлардан дарак берувчи тут дарахтлари, қадим битиклар билан безатилган қабр тошлари бунга яққол мисол. Қадамжода улуғ аллома, ҳазрат Абул Муин ан-Насафийнинг мақбараси ҳамда шу ном билан аталувчи масжид сақланиб қолган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2021 йили зиёратгоҳ негизида Абу Муин Насафий мажмуаси ташкил этилди. Мажмуа зиёрат хизматларини кўрсатиш билан бир қаторда  Абун Муин Насафий ва Имом Мотурудий каби улуғ алломаларимиз маърифати ва таълимотини тарғиб қилиш, асраб авайлаш ҳамда келажак авлодга етказиш билан шуғулланади.

Тақдимот якунида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакилига академик Акмал Саидов томонидан “Ҳазрат Занги ота” китоби совға қилинди.

 

Қашқадарёлик ёш ижодкорлар билан учрашув

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 15 август куни Қарши шаҳрида жойлашган Абдулла Орипов номидаги ижод мактабига ташриф буюрди. Бу ерда ижод мактаби раҳбарияти, ўқитувчилари ва бир гуруҳ ижодкор ёшлар билан жонли мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашувда иштирок этган Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши котибияти мудири Нилуфар Ўтаганова, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Улуғбек Султонов, "Миллий тикланиш" демократик партиясининг вилоят Кенгаши раиси Сайфулла Маҳматмўминов, ижод мактаби директори в.в.б. Ёқутой Жамолова ва бошқалар томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистон Президентининг мамлакатимизда таълим, маърифат ва ижод соҳаларига қаратаётган юксак эътибори ҳамда доимий ғамхўрликлари алоҳида эътироф этилди.

Ёш ижодкорлар Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов шеърларидан ва ўз ижодларидан намуналар ўқиб бердилар. Устоз шоиримизнинг машҳур шеърлари инглиз ва рус тилларида ҳам янгради.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Акмал Саидов шундан сўнг Абдулла Орипов музейидаги янги экспонатлар билан танишди. Музей кўргазмаларини янада бойитиш, халқимизнинг атоқли шоири ижодини бугунги янги давр талаблари негизида кенг ва фаол тарғиб этиш юзасидан бир қатор амалий таклифлар билдирди. Бу борадаги миллий амалиёт ва хорижий тажриба ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Ташриф якунида академик А.Саидов музейнинг фахрий меҳмонлари китобига дастхат битди. Ижод мактаби кутубхонасига ўз муаллифлигидаги “Ҳазрат Занги ота” китобини тақдим этди.

Шу кунларда Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа — Мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллик санасини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Жойларда ўтказилаётган «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Жумладан, “Ҳазрат Занги ота” китоби тақдимоти доирасида ҳам мустақил тараққиёт йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттириш, барча соҳа ва тармоқлар ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этилаётгани кўп бора эътироф этилди.

Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 27-моддасида қайд этилганидек, “Ҳар бир инсон жамиятнинг маданий ҳаётида эркин иштирок этишга, санъатдан баҳраманд бўлишга, илмий тараққиётда иштирок этиш ва унинг самараларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга”. Шу маънода, “Ҳазрат Занги ота” китобининг тайёрланиши, нашр этилиши ва тақдимотлари ўтказилиши жараёнлари айни шу ҳуқуқ юртимизда нечоғлик кенг амал қилишининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech