МАМЛАКАТНИНГ ДЕМОКРАТИК ТАРАҚҚИЁТ ДАРАЖАСИНИ КЎРСАТУВЧИ ИНДИКАТОР

МАМЛАКАТНИНГ ДЕМОКРАТИК ТАРАҚҚИЁТ ДАРАЖАСИНИ КЎРСАТУВЧИ ИНДИКАТОР

Гендер тенглик стратегияси қандай самара бермоқда?

Хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласи инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми, цивилизациянинг энг муҳим ютуқларидан биридир. Мамлакатимизда инсон ҳақҳуқуқлари учун дастлабки ҳаракатлар бошланган ва илк тарихий ҳужжатлар қабул қилинган даврларданоқ аёлларнинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларимуҳофазасини таъминлаш йўлида тегишли ҳужжатлар қабул қилиниб, кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳам бу борада устувор вазифалар белгиланган. Хусусан, гендер тенгликни таъминлаш билан боғлиқ қатор масалалар қамраб олинган.

Гендер тенглик инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу омил энг юқори даражадаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётнинг асосий негизидир. Зеро, мутахассисларнинг фикрича, гендер тенглик таъминланган меҳнат жамоаларида, айниқса, агар улар ақлий меҳнат билан банд бўлса, бир неча баробар юқори натижага эришилар экан. Қолаверса, гендер тенглик, бу — мамлакатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи индикатор. Демак, ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилиш, юртимизга тобора кўпроқ инвестициялар жалб қилиш учун ҳам шу индикаторга етарлича аҳамият беришимиз керак.

Ўзбекистонда гендер сиёсатини амалга ошириш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатимиз ўтган йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги 80 та асосий халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг “Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенциясига қўшилди. Шу тариқа давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро андозаларга амал қилиш, хусусан, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашга тайёрлиги жаҳон ҳамжамиятига маълум қилинди.

Аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги тамойили мамлакатимизнинг асосий қонуни — Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда изчил давлат сиёсати амалга оширилмоқда. Айни пайтда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этадиган опа-сингилларимизнинг ҳамма соҳаларда, жумладан, сиёсий бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда самарали фаолият юритиши учун барча шарт-шароит яратилган.

Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлашга эътибор сўнгги йилларда янада кучайди. Бу йўналишда 24 та ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш, хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги фаоллигини оширишда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Айнан шу кўрсаткич бўйича юртимиз Топ-50 таликдан ўрин олган. Сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши 44 фоиз, олий таълим соҳасида 40 фоиз, тадбиркорликда 35 фоизга етди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизни ташкил этмоқда. Аёлларимиз ахборот-коммуникация, инновация, энергетика, муҳандислик соҳаларига ҳам жалб этилмоқда.

Бугунги кунда турли даражадаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1500 дан ортиқ, жумладан, вазирлик ва идораларда, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда. Давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди. Ҳозирги кунда уларни турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича тизимли ўқувлар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қарорлар қабул қилиш, ижро этишнинг барча соҳа ва даражаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади. Шунингдек, Стратегия эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз бугунги кунда ҳаётимизнинг барча жабҳаларидаги муҳим ўзгаришлар қаторида жамиятда гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ислоҳотларни ҳам изчиллик билан давом эттиришда собитқадам эканини халқаро ҳамжамият олдида кенг намойиш этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон — 2030 стратегияси лойиҳасида гендер тараққиётга эришиш борасида қатор вазифалар белгиланган. Табиийки, бу саъй-ҳаракатлар юртимизнинг халқаро миқёсда нуфузини янада ошириш, давлатимизнинг инсонпарвар сиёсатини дунё бўйлаб кенг намойиш этиш, энг муҳими, ижтимоий-иқтисодий фаолиятнинг барча жабҳаларида ривожланиш сари кенг истиқбол йўлларини очади.

 

Севара ЭШМУРОДОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлими бошлиғи

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 29 август кунги 175-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech