Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!
Мустақил Ўзбекистон давлатининг дунё харитасидан ўрин эгаллаганига 32 йил бўлди. Юртимизда тарихан қисқа давр ичида кучли демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида дадил қадамлар қўйилди.
Мустақиллик миллатимизнинг миллат, халқимизнинг халқ бўлиб жаҳонда танилиши, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида тан олинишига йўл очди. Мустақиллик, Истиқлол тушунчалари ҳар биримизнинг онгу шууримизга сингиб, бугунги тинч, хотиржам, обод ва фаровон ҳаётимизнинг пойдеворини кўз қорачиғидек асраш, уни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишга доим кучли рағбат ҳамда шижоат бағишлаб келмоқда.
Мустақиллик – ҳуқуқ, дейдилар ва бу бежиз эмас. Чунки башарият тарихи шундан далолат берадики, ҳар бир халқ фақат ҳур, эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мустақиллик ва Конституция – бир-бири билан чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Истиқлол арафасида, 1990 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Олий Кенгаши қарори билан Биринчи Президентимиз раислигида давлат арбоблари, депутатлар, мутахассислардан иборат Конституциявий комиссия тузилгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди. Кейинчалик, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг лойиҳаси ана шу Комиссия томонидан икки йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллик йилларида ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида босқичма-босқич ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда асосий ҳуқуқий кафолатидир. Академик Акмал Саидов таъбири билан айтганда, аслида ҳам, Ўзбекистон Конституциясининг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва ривожлантирилиши жараёнлари мамлакат мустақиллик тарихининг бевосита бир узвий қисмидир.
Машҳур ҳуқуқшунос олимнинг “Ўзбекистон Конституцияси тарихи” китобида қайд этилганидек, Ўзбекистон халқининг истиқлолга эришганлиги унинг мустақиллик Қомуси бўлмиш Конституциясида мустаҳкамланган. Конституция дунё сиёсий харитасида янги демократик давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлганлигини акс эттиради. Конституция халқнинг ўзини ўзи бошқариш, эркинлик ва ижтимоий адолат, инсонпарвар давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш тўғрисидаги азалий орзусини ифодалаган. Конституцияда мустақил ўзбек давлатининг моҳияти, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий тизимининг демократик табиати, унинг умуминсоний қадриятларга содиқлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари юридик жиҳатдан қатъий белгилаб қўйилган. Шу маънода, Конституция – истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзидир.
Сўнгги йилларда халқимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида янги улуғвор марралар сари собит қадамлар ташлаганча барча тўсиқ ва қийинчиликларни енгиб ўтиб, моҳиятан бир-бирини тақозо этувчи сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий соҳалардаги изчил ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бугун Янги Ўзбекистон демократик принциплар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган принцип ва нормаларга асосланган, бош мақсади халқ учун эркин, обод ҳамда фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатга айланди.
Шундай эзгу мақсадлардан бири кейинги икки йил давомида аҳолининг кенг қатлами ва сайловчилар хоҳиш-иродаси бўлмиш конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат бўлди. Негаки, давлат ва жамиятда туб ўзгаришлар рўй бераётган бир пайтда Конституцияга жиддий ўзгартиришлар киритиш тақозо этилиши табиийдир. Зеро, ҳар қандай демократик ислоҳотлар чин маънода халқчил конституциявий асосга эга бўлсагина, янада бардавом бўлади, кўзланган эзгу мақсадларга эришади.
Шу нуқтаи назардан, 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, жумладан, мамлакатимиз суверенитети ва халқимиз мустақиллигининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини янада қатъий таъкидлашга қаратилган янги нормалар билан бойитилиб, мавжуд конституциявий қоидалари кенгайтирилди.
Эндиликда Конституциямизнинг 1-моддаси мана бундай янгича мазмунда жаранглайди:
“Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.
Давлатнинг “Ўзбекистон Республикаси” ва “Ўзбекистон” деган номлари бир маънони англатади».
Янгиланган Асосий қонунимизнинг 17-моддаси қуйидаги нормалардан иборат:
“Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади”.
Конституциямизнинг 18-моддасида ўз аксини топган мана бу нормалар эски матнда мавжуд эмасди:
“Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларидан, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ҳамда улардан чиқиши мумкин”.
Бош Қомусимизнинг 19-моддаси қуйидаги биринчи банд билан тўлдирилди:
“Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади”.
Конституциямизнинг 23-моддаси ҳам янги нормалар ҳисобига бойитилди:
“Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас.
Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади”.
Мухтасар айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямизда, бир томондан, Ўзбекистон давлати ва халқининг мустақиллиги, суверенитети, эгаменлигига асосли равишда урғу берилган бўлса, иккинчи томондан, инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада мустаҳкам кафолатлаш назарда тутилган.
Атабек Фазилов
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ахборо-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 31.08.2023
- Кўришлар: 5242
- Чоп этиш