ИСТИҚЛОЛ ВА ШОИР ДАҲОСИ

Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!

 

Пойтахтимиздаги Киночилар уйида Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб суратга олинган “Абдулла Орипов” бадиий фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси асосида ишланган ушбу картина Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг ёрқин ва айни пайтда заҳматга тўла ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади.  

Мазкур фильмда халқимизнинг ардоқли шоири Абдулла Ориповнинг ҳаёт йўли акс эттирилиши билан бирга, ўтган асрнинг иккинчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий, адабий муҳит яққол гавдалантирилган. Шоирнинг Ватан ҳурлиги йўлидаги изтиробли кечмишлари, оловли сатрлари, турли тазйиқларга рўбарў келиши ғоят таъсирчан тарзда очиб берилган.

Шу билан бирга шўролар давридаги миллий қадриятларимиз, жумладан Наврўз байрами, она тилимизга бўлган зуғумлар, жонажон Ватанимизнинг мустақилликка эришиши, Ўзбекистон Давлат мадҳиясининг яратилишидек тарихий жараёнлар томошабинни бефарқ қолдирмайди. Юртимиздаги янгиланишлар, миллий адабиётимизга, ижодкор зиёлиларга эътибор ва ғамхўрлик ҳам катта маҳорат билан картина воқеликларига сингдирилган. 

Фильмда Абдулла Орипов билан бирга Абдулла Қаҳҳор, Шароф Рашидов, Озод Шарафиддинов, Шукур Холмирзаев, Эркин Воҳидов, Бахтиёр Назаров каби миллий адабиётимиз дарғаларининг сиймоси гавдалантирилган. Ушбу улуғ зотларнинг адабиётимиз ривожи йўлидаги эзгу ишлари муносиб акс эттирилган.  

Картинада Абдулла Орипов шон-шуҳрат, заҳмату меҳнат, машаққат ичра ижод қилган инсон экани яққол намоён бўлади. Томошабин унинг Яратган томонидан ато этилган истеъдод соҳиби бўлганига яна бир карра ишонч ҳосил қилади.

Абдулла Ориповнинг болалик даври Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида тасвирга олинган. Шунингдек, талабалик даври, машҳурликка эришиши, халқ манфаати йўлидаги жонбозлиги Тошкентда,  умрининг сўнгги кунлари ўтган давр эса АҚШда суратга олинган.  

Абдулла аканинг болалигини Жасурбек Абдуманнопов, йигитлик ва ўрта ёш сиймосини унинг шогирди, “Дўстлик” ордени соҳиби, атоқли шоир Шодмонқул Саломов, кексалик даврини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Қудратилла Бурхонов гавдалантирган. Картинада, шунингдек, Гулчеҳра Жамилова, Муҳаммадали Абдуқундузов, Теша Мўминов, Олимжон Салимов, Алишер Шарафиддинов, Фарҳод Абдуллаев, Райҳон Асадова, Ҳамза Ҳасанов ва бошқа ижрочилар иштирок этган.  

Сценарий муаллифлари – Абдуқаюм Йўлдошев, Муқаддас Усмонова, Минҳожиддин Мирзо, Фурқат Усмонов. Фильмга Музаффархон Эркинов бош режиссёрлик қилган. Бош оператор – Равшан Мирзакамолов. Бош муҳаррир – Эркин Аъзам. Картина бадиий раҳбари – Шуҳрат Ризаев. Бош продюсер – Фирдавс Абдухолиқов. Бадиий фильмга Ҳанифа Мустафоева, Абдураҳим Эркаев маслаҳатчилик қилган.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган бадиий фильм тақдимоти айнан Мустақиллик байрами арафасида бўлиб ўтгани бежиз эмас. Чунки том маънода Истиқлол куйчиси бўлган атоқли шоиримизнинг бетакрор ижодий мероси мамлакатимизда ниҳоятда қадрланади.

Ардоқли шоиримизнинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги ўрни беқиёсдир.

Халқимизнинг суюкли шоири Абдулла Орипов ҳақидаги янги бадиий фильм тақдимотига юртимиз адабиёти ва шеърияти пешқадам мухлислари қаторида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари ҳам таклиф этилди ва иштирок этди. Зеро, улуғ шоир ҳаётлиги даврида Миллий марказнинг доимий ижодий ҳамкори ва мўътабар меҳмони бўлган.

Миллий марказ вакиллари томонидан Абдулла Орипов ҳаёти, шеърияти ва таржимонлик фаолияти ҳақида китоб ва мақолалар мунтазам эълон қилинган. Устоз шоиримизнинг вафотидан сўнг 2019 йилда Миллий марказ директори академик Акмал Саидов ва шоир Ғулом Мирзо муаллифлигида “Сен баҳорни соғинмадингми?..” хотира китоби чоп этилган.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида юртимизда ушбу қутлуғ санани муносиб нишонлаш ва ҳассос шоир хотирасини абадийлаштириш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. Қутлуғ тўйга «Академнашр» нашриёти томонидан ҳам муносиб тўёна ҳозирланди, яъни Устоз Абдулла Орипов ҳақидаги хотираларни ўзида жамлаган «Ўзбекистон – дилбар Ватаним» деб номланган китоб нашр этилди.

Мазкур китоб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, таниқли олим, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, бадиий адабиёт ва шеърият мухлиси Қаландар Абдураҳмонов ҳамда таниқли ижодкор – шоир, таржимон ва журналист Ғулом Мирзо муаллифлигида чоп этилган.

Маълумки, 2021 йили италиялик даҳо ижодкор Данте Алигьери қаламига мансуб “Илоҳий комедия” битилганига 700 йил, бу буюк асарни ўзбек тилига ўгирган ардоқли шоиримиз Абдулла Орипов туғилганига эса 80 йил тўлди. Академик Акмал Саидов қаламига мансуб “Данте: Ренессанслар чорраҳасида” номли китоб ана шу қутлуғ саналарга бағишланган.

Асарда Биринчи Шарқ Уйғониш даври билан Европа Ренессанси даври оралиғида яшаб ўтган улуғ ижодкор Данте Алигьери (1265-1321) ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз боради. Бинобарин, муаллиф эътироф этганидек, Ғарбнинг ушбу даҳо шоири Шарқ Ренессанси қайнар булоқларидан сув ичиб, Ғарб Уйғониш даври боғларини яшнатган.

Дантенинг ижоди Иккинчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам жаҳон афкор оммаси, айниқса, маданият, адабиёт ва санъат мухлислари эътиборидан четда қолмаган. Шу маънода, бугун биз пойдеворини барпо этаётган Учинчи Ренессанс учун ҳам Ғарб даҳо шоири ва унинг ўзбек тили бўйича буюк таржимони Абдулла Орипов ижодининг ўз ўрни ва аҳамияти бор.

Мухтасар айтганда, Устоз Абдулла Орипов нафақат атоқли шоир ва таржимон, айни чоғда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи, таниқли давлат ва жамоат арбоби, дилкаш ва оқибатли инсон сифатида ҳам халқимиз хотирасида абадий сақланиб қолажак. Зотан, атоқли шоримиз бутун умр Ватанимиз табиати ва инсонларини, эл-юртимиз тарихи, бугунги куни ҳамда келажагини, буюк Истиқлолимизни ҳассос руҳ ҳамда юксак даҳолик билан тараннум этган.

 

Мадина НУРУЛЛАЕВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази етакчи мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech