Маърифат – тараққиётнинг тамал тоши

8 сентябрь – Халқаро саводхонлик куни

Жорий 2023/2024 ўқув йилида 732 мингдан ортиқ мактаб ёшидаги бола 1-синфга ўқишга борди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, ота-оналарга қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида 43 туман ва шаҳарда 1-синфга қабул жараёнлари онлайн шаклда амалга оширилди.  

Бу йил Президент мактабларига 336 нафар, ижод мактабларига 460 нафар, ихтисослаштирилган мактабларга 11 минг 444 нафар, шундан янги ташкил этилган 13 та мактабга 1 минг 344 нафар ўқувчи, “Янги Ўзбекистон” университетига 475 нафар талаба қабул қилинди.  Натижада Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги жами 205 та таълим ташкилотида таълим-тарбия оладиган ўқувчилар сони 70 минг 438 нафарга етди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 август куни мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу ғоя асосида бу соҳада катта ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди.

Ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 баравар ошди.

Мактаблар юкламасини камайтириш мақсадида 700 минг ўқувчи ўрни яратилди. Бу – аввалги йилларга нисбатан 15 баравар кўп. Олий таълимда ҳам қамров 4 баробар оширилиб, ёшлар учун имкониятлар кенгайтирилди.

Мамлакатимизда ана шундай қизғин нишонланган 1 сентябрь – Билимлар куни изчиллик билан 8 сентябрь – Халқаро саводхонлик кунига уланиб кетди. Бинобарин, саводхонлик – тинч-осойишта ва баркамол, барқарор ва тараққийпарвар ҳаёт гаровидир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида нишонланадиган ушбу муҳим халқаро сана ЮНЕСКО томонидан 1966 йили жорий этилган. Бу санани дунё миқёсида байрам қилишдан кўзланган асосий мақсад – инсониятнинг саводхонлик даражасини ошириш ва айни соҳада жаҳон ҳамжамиятининг фаоллигини мунтазам кучайтириб боришдир.

Буюк цивилизацияларга асос солган илғор халқлар, шу жумладан, иккита Ренессанснинг бошида турган халқимиз учун саводхонлик мезони неча минг йиллик тарихга эга. Улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий асарларида “савод” сўзи ўндан ортиқ маънода қўллангани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Навоий ҳазратларининг “Садди Искандарий” достонида шундай мисра бор:

Узуб ҳикмат авроқини тундбод,

Кутуб учтию элга қолди савод.

Бу ўринда “савод” сўзи қоралама, яъни ёзувнинг биринчи нусхаси, деган маънони англатади. Ўз навбатида, “Фарҳод ва Ширин” достонидаги:

Учунчи ой равон бўлди саводи,

Бурунғи йилда Қуръон бўлди ёди,

мисраларида “савод” сўзи – ёзув-чизувни ўрганиб олганлик ҳолатидан дарак бериб келмоқда.

 Бугунги кунда ҳам луғатимиздаги савод, саводхонлик, саводлилик сўзлари шундай маъноларга жуда яқин тушунчаларни ифодалайди. Хусусан, саводхонлик:

биринчидан, аҳоли маданий савияси кўрсаткичларидан бўлиб, оддий матнларни ўқий олиш ёки уларни ўқиш ва ёза олиш кўникмаси – хат-саводлиликни билдиради;

иккинчидан, одамнинг адабий тил меъёрларига мувофиқ келадиган оғзаки ва ёзма нутқ малакалари борлигини англатади;

учинчидан, муайян соҳа бўйича етарли билимга эгаликни ифодалайди.

Халқимиз нафақат билимли ва маълумотли, балки кўп ўқиган, мустақил фикрловчи инсонларга ҳам саводли дея баҳо беради. Зеро, савод – билим, тушунча ва тажрибадир.

Шу билан бирга, саводхонликнинг зидди бўлган “саводсизлик” сўзи саводнинг йўқлигини англатиш учун қўлланади. Саводсиз, одатда, ўқиш-ёзишни билмайди. Саводсизлик – етарли билим ва маълумотнинг мавжуд эмаслигидир.

Халқаро саводхонлик куни дунё миқёсида нишонланиши бежиз эмас. Чунки саводхонлик – инсон учун том маънода байрам. Бугунги инсонлар замонавий ҳаётнинг ҳар бир соҳаси бўйича муайян даражада саводи борлиги учун бахтиёр, тўкис ва фаровон яшайдилар.

Афсуски, сайёрамизда саводсизлиги туфали бундай бахтдан мосуво инсонлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Нега деганда, ер юзида ҳали оддий ўқиш-ёзишни билмайдиган миллионлаб одамлар бор.

Айрим мамлакатларда биргина болакайнинг бошланғич таълим олиши учун бутун бошли оила маблағ жамғаришига тўғри келади. Баъзи мамлакатларда хотин-қизларнинг хат-саводли бўлиши шарт эмас, деган алимсоқдан қолган тушунча ҳали ҳам кучда.

Қаердадир мактаблар етишмайди. Яна қаердадир урушларнинг тинмаётгани мактаблардаги ўқиш-ўқитиш имкониятларини чиппакка чиқармоқда.

Халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги узоқ йиллик изчил саъй-ҳаракатларига қарамай, ҳозирги вақтда дунё миқёсида 773 миллион нафардан зиёд инсон ҳатто бошланғич хат-саводга эга эмас. Бу рақам саводсизлик муаммосининг ҳалигача долзарблигидан далолатдир.

БМТ маълумотларига қараганда, коронавирус пандемияси туфайли мактабларнинг ёпилиши муносабати билан сайёрамиздаги жами ўқувчиларнинг 62,3 фоизи, яъни 1 миллиард нафардан кўпроғи дарсларга қатнашида узилишлар юз берган. Энг ёмони, пандемия инқирози таълим олиш ва саводхонликни ошириш соҳасида шусиз ҳам мавжуд бўлган тенгсизликни янада кучайтирган.

Сайёрамизнинг аксарият таълим тизимларида пандемиягача ҳам ўқувчиларнинг зарур шароитлар билан таъминланмагани оқибатида неча юз миллионлаб болалар мактабга борган бўлса-да, ўқиш ҳамда математика фанлари бўйича бўйича энг оддий билимларни ўрганиш имконига эга бўлмаган. Сўнгги таҳлилларга кўра, ҳозирги вақтда дунёдаги 10 ёшли барча болаларнинг учдан икки қисми мутлақо ўқишни билмайди.

Шунинг учун ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, хусусий сектор, фуқаролик жамияти ҳамда таълим-маърифат муассасалари вакиллари ҳар йили Халқаро саводхонлик кунини нишонлашда фаол иштирок этади. Инсоният саводхонлигини юксалтириш ишига улуғвор ҳисса қўшган шахслар халқаро мукофотлар билан тақдирланади.

Шу маънода, мамлакатимизда таълим ва тарбияга устувор вазифа сифатида ёндашилаётгани таҳсинга сазовор. Зеро, кейинги етти йил ичида миллий таълим тизимининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлашга қаратилган мустаҳкам занжир яратилди.

Президентимиз  таъбири билан айтганда, “Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.

 

Ғулом Мирзо,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech