“Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги: ўзбек юридик фанининг ривожланиши” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Барқарор ривожланиш маркази томонидан ташкил этилган ушбу анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Жамоат хавфсизлиги университети, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, юридик ихтисослик бўйича кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқот олиб бораётган ёш олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияни Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси, академик Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, сиёсий фанлар доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимов кириш сўзи билан очиб бердилар.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти бош илмий ходими, профессор Омонбой Оқюлов “Ўзбекистонда илм-фан соҳаси ривожининг иқтисодий, ҳуқуқий асослари”, Термиз давлат университети юридик факультети декани, профессор Жуманазар Холмўминов “Янги Ўзбекистонда инсоннинг экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг илмий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш”, Тошкент давлат юридик университети профессори, профессор Фируза Муҳитдинова “Янги Ўзбекистонда юридик фанни ривожлантиришда хотин-қизларнинг тутган ўрни”, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи, профессор Миродилжон Баратов “Ўзбекистонда давлат мустақиллигининг иқтисодий-ҳуқуқий асосларига доир” мавзуларда маъруза қилдилар.
Анжуманда сўз олганлар мустақиллик йилларида эришилган барча ютуқ ва натижалар замирида илм-фан соҳасида амалга оширилган тадқиқотлар муҳим ўрин тутганлигини айтиб, истиқлолнинг илмий асосларини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли фундаментал тадқиқотлар ўтказиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидладилар.
Миллий ўзлигимиз, қадим тарихимиз, бой маданиятимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримизни янада чуқур таҳлил қилиш, улар ҳақида кенг жамоатчилик, айниқса, ёш авлодга зарур илмий тушунтиришлар бериш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга урғу берилди.
- Қўшилди: 08.09.2023
- Кўришлар: 3557
- Чоп этиш