“Журналистларнинг энг муҳим функцияларидан бири –жамият манфаатлари, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида давлат ва жамият ўртасида ижтимоий кўприк ролини бажариш.
Инсон ҳуқуқлари мавзусида ёзиш журналистдан катта жасорат ва маҳоратни талаб этади.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳурмат қилиш учун кураш ҳеч қачон осон кечмайди. Қолаверса, бу мавзуни ёритадиган журналист учун ҳеч қачон осон бўлмайди.
Инсон ҳуқуқларини тўлиқ тушунишнинг энг самарали усули – соҳага оид билимларни доимий ошириб бориш ва ўз устида доимий ишлашдир”.
27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида ўз ишини бошлаган “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва мазкур соҳада халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши масалалари” мавзусидаги ўқув курсида айни фикрларга алоҳида эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ўтказилаётган ушбу машғулотлар давлат ташкилотларида жамоатчилик билан алоқалар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик учун масъул ходимлар ҳамда матбуот котиблари учун ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қўмита раислари Шуҳрат Бафоев, Дилором Файзиева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ масъул ходимлари ва экспертлари, профессор-ўқитувчилар ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
Хусусан, А.Саидов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида сўзлаган нутқида: “Биз Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқатимизни яна бир бор тасдиқладик. Мана шундай ҳуқуқий асосда “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегиясини қабул қилдик. Бу стратегия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун бўлиб, биз ўз зиммамизга олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажармоқдамиз” деб алоҳида таъкидлаганига иштирокчилар эътиборини қаратди.
Бинобарин, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси истиқболимиз тақдирини ҳал этувчи муҳим ва янги давр босқичини ўзида ифодаланган миллий ғоямиздир. Ушбу Стратегия халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича ҳоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва унга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугун мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўзбек модели шаклланди.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан БМТнинг 7 та асосий шартномаси ва 4 та Факультатив протоколига қўшилган ва уларнинг бажарилиши юзасидан миллий маърузалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий қўмиталарига доимий равишда тақдим этиб борилмоқда. БМТ Бош Ассамблеясининг 2020 йил 13 октябрдаги мажлисида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга кўпчилик овоз билан сайланди.
Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида илгари сурган ташаббусларини амалга ошириш мақсадида 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми ташкил этилди. Форум якунида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режаси қабул қилинди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда 2020–2024 йилларда БМТ Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланди. Дастурни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” 7 та устувор йўналиш ва 30 та банддан иборат бўлиб, унда белгиланган чора-тадбирлар изчил бажарилмоқда.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар доирасида тайёрланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида зиммасига олган халқаро мажбуриятларини самарали бажаришга қаратилган. Бу ҳужжат – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Жорий йил 13-15 март кунлари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюркнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи бўлиб ўтди. Олий комиссарнинг юртимизга ташрифи якунлари юзасидан тавсияларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг қўшма қарори ҳамда «Йўл харитаси” тасдиқланди.
Шу йил 15-16 февраль кунлари БМТ Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг 81-сессияда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Олтинчи даврий маърузаси ҳамда 22-24 февраль кунлари БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси 71-сессиясида Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт талабларининг Ўзбекистон Республикасида бажарилиши бўйича Учинчи даврий маъруза эшитилди.
Ўзбекистоннинг даврий ҳисоботлари бўйича БМТ Қўмиталарнинг якуний хулосалари ва тавсиялари қабул қилинди. Мазкур тавсиялар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг Қўшма қарори, унга илова Миллий ҳаракатлар режалари тасдиқланди ва амалга оширилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, БМТнинг Тараққиёт дастури томонидан 1995 йилдан буён ҳар йили “Гендер тенгсизлик индекси” (Gender Inequality Index) тадқиқоти ўтказилади. Ўзбекистон 2022 йил якунига кўра “Гендер тенгсизлик индекси” бўйича 170 та давлат орсида 56-ўринни эгаллади. Мамлакатимиз ушбу халқаро мезон бўйича 2021 йили 64-ўринни олганди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатига бағишланган икки кунлик ўқув курси Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури доирасида бўлиб ўтмоқда. Тадбир Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигига бағишланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.09.2023
- Кўришлар: 3328
- Чоп этиш