27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида БМТнинг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ва терроризмга қарши курашиш бўйича электрон ўқув курсига бағишланган миллий брифинг бўлиб ўтди. Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академиялари ходимлари ва курсантлари учун мўлжалланган ўқув курсига оид ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигига бағишланди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази томонидан ташкил этилди.
Брифингда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича Минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе (ведеомурожаат орқали), БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармасининг Терроризмга қарши курашиш департаменти бошлиғи Улрик Ахнфельдт-Моллеруп, БМТ Ўқув ва илмий тадқиқот институти (ЮНИТАР) намояндаси, Тинчлик бўйича офис раҳбари Франк Борхер, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғи Рустам Ҳотамов сўзга чиқди.
Миллий брифингда Ўзбекистон ҳукумати томонидан терроризмга қарши кураш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар миллий қонунчиликка ҳам, давлатнинг халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларига ҳам мос келиши алоҳида қайд этилди. Ўзбекистоннинг терроризмга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ушбу соҳалар бир-бирига зид бўлмаган шароитларни яратишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ўзбекистонда терроризмга қарши курашишнинг фундаментал асоси, бу – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлашдир. Ишончимиз комилки, терроризмга қарши кураш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бир-бирини инкор этувчи эмас, балки тўлдирувчи ва мустаҳкамловчи мақсадлардир”.
Хусусан, А.Саидов бугунги кунда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик олиб борилаётгани ҳақида сўз юритар экан, БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси муваффақиятли амалга оширилаётганини эътироф этди. БМТнинг 2006 йил 8 сентябрда қабул қилинган Глобал аксилтеррор стратегиясининг тўртта асосий қисмидан биттаси инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишланганига эътиборни қаратди.
Тадбирда Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ва терроризмга қарши кураш мавзусидаги электрон ўқув курсининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. Бунда, аввало, 2022 йил 9 май куни Испаниянинг Малага шаҳрида Инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти ва терроризмга қарши кураш бўйича бўлиб ўтган юқори даражадаги конференция олдидан БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда махсус онлайн ўқув курсини ишга туширгани қайд этилди.
Ўқув курсининг асосий мақсади Марказий Осиёдаги аксилтеррор фаолият асносида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги, шунингдек, айни соҳада мавжуд халқаро, минтақавий ва миллий қонунчилик ҳамда норматив-ҳуқуқий асослардан хабардорликни оширишдир.
БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясининг тўртинчи йўналиши доирасида ишлаб чиқилган ушбу ўқув дастурида, бир томондан, терроризмга қарши кураш соҳасидаги энг мақбул халқаро амалиёт мужассам этилган бўлса, иккинчи томондан, Марказий Осиёнинг ўзига хос хусусиятлари ва минтақамиз мамлакатларининг бу борадаги алоҳида ёндашувлари ҳисобга олинган.
Ушбу электрон курс Марказий Осиёда хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш масалалари билан шуғулланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, терроризмга қарши кураш, разведка хизматлари ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар вакиллари ва экспертлари учун мўлжалланган.
Миллий ва халқаро экспертларнинг эътироф этишларича, ушбу электрон ўқув курсининг татбиқ этилиши, биринчи навбатда, Марказий Осиё минтақасида, шу жумладан, Ўзбекистонда давлатнинг терроризмга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятида инсон ҳуқуқларининг ҳисобга олинишини таъминлайди. Бундай амалий қадам давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва хусусий секторнинг БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясининг барча асосий йўналишлари бўйича фаолиятини уйғунлаштириш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириш имконини ҳам беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.09.2023
- Кўришлар: 3785
- Чоп этиш