1 октябрь — Халқаро кексалар куни
Ҳар йили 1 октябрда дунё бўйлаб кексалар куни нишонланади. Бу муҳим сана ўзининг алоҳида расмий тимсоли – логотипига эга бўлиб, унда меҳрибонлик ва ёрдам рамзи, яъни очиқ кафтлар ифодаланган.
Халқаро кексалар куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 45-сессияси томонидан 1990 йил 14 декабрда қабул қилинган A/RES/45/106-сонли резолюцияга асосан таъсис этилган. Ўшанда куз фасли иккинчи ойининг биринчи кунини “Халқаро кексалар куни” сифатида нишонлашга қарор қилинган.
Орадан бир йил ўтиб, БМТнинг кексаларга нисбатан тамойиллари белгиланган бўлса (46/91-резолюция), яна бир йилдан сўнг Қариш муаммолари бўйича декларация тасдиқланди (47/5-резолюция). Ушбу халқаро ҳужжатларда кексаларнинг иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлиги масалаларига эътибор қаратилган.
Ббугунги кунда БМТнинг қариш муаммолари бўйича мақсадли жамғармаси ҳам фаолият кўрсатмоқда. Мазкур тузилма дунё миқёсида кексалар ҳаётини яхшилаш ишига изчил ҳисса қўшиб келмоқда.
Кексалар – дунёдаги энг тез ортиб бораётган ёш гуруҳидир. БМТ маълумотларига кўра, 2015–2030 йиллар оралиғида 60 ёшдан ошганлар сони 901 миллион нафардан – 1,4 миллиард кишига ошиши мумкин.
Ҳисоб-китобларга қараганда, 2050 йилга келиб 60 ёшдан ошганлар сони икки миллиард нафарга етиши эҳтимоли мавжуд. Бу – 27 йилдан кейин дунё аҳолисининг 22 фоизини нуроний инсонлар ташкил этади, деганидир.
Ўртача умр кўриш давомийлигини ошириш кексалар ва уларнинг оилалари учун ҳам, жамият учун ҳам муҳим ҳисобланади. Жаҳон банки маълумотига қараганда, 2020 йилда дунёда ҳаёт давомийлиги ўртача 73 ёш бўлган. Бу борада энг юқори кўрсаткич – 85 ёш Гонконг давлатига, энг паст кўрсаткич – 54 ёш Марказий Африка Республикасига тегишли.
Ушбу кўрсаткич Ўзбекистонда, 2022 йил 1 январь ҳолатига, ўртача 73,8 ёш бўлган. 2021 йил бошида эса 73,4 ёшни ташкил этган.
Кексаларни эъзозлаш, уларга эътиборли бўлиш халқимизга хос азалий фазилатдир. Бугунги фаровон ва осойишта ҳаётимизда кекса авлод вакилларининг ўрни катта. Шу маънода, халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қари билганни пари билмас” каби ҳикматли иборалар бежиз айтилмаган.
Аслида ҳам, бутун умр ҳалол меҳнат қилиб, фарзандларини тарбиялаб, ватаним деб яшаган ҳар бир инсон кексайганида ҳурмат-эҳтиром ва эъзозга муносибдир. Шунинг учун кейинги йилларда айни йўналишда ўндан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, кексаларнинг ҳаётдан рози ва миннатдор бўлиб яшаши учун кенг кўламли ишлар амалга оширилгани таҳсинга лойиқ.
Бу ҳақда фикр юритганда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартда қабул қилинган “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрда қабул қилинган “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мазкур ҳужжатлар асосида юртимизда кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга эътибор қаратиш ва ғамхўрликни кучайтириш, нуроний отахон ва онахонларимизнинг турмуш шароитларини яхшилаш, фаол ва мазмунли ҳаёт кечиришларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Мухтасар айтганда, Халқаро кексалар куни мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади. Хусусан, 2019 йилдан бошлаб ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасида юртимизнинг барча ҳудудларида «Кексалар ҳафталиги»ни ўтказиш йўлга қўйилгани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Дилдора Аҳмедова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 28.09.2023
- Кўришлар: 3642
- Чоп этиш