Янги Ўзбекистон: юридик фан, таълим ва амалиётнинг долзарб вазифалари

28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида фан, таълим ва амалиётнинг инновацион ҳамкорлиги: замонавий тенденциялар” мавзуидаги халқаро илмий-амалий форум ўз ишини бошлади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигига бағишланган ушбу анжуман уч кун давом этади.

Халқаро форумни ҳамкор ташкилотлар намояндалари – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғи, полковник Рустам Ҳотамов, Россия Федерацияси  Ички ишлар вазирлиги Бошқарув академияси бошлиғи, полиция генерал-майори Сергей Синенко, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олмаота академияси бошлиғи, полиция генерал-майори Айдар Саитбеков, Туркия Республикаси Жандармерия ва соҳилбўйи хавфсизлиги академияси бошлиғи, генерал-майор Шакир Услу ҳамда Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қарағанда академияси бошлиғи, полиция генерал-майори Акинкалий Дарменов кириш сўзи билан очди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов “Янги Ўзбекистон: юридик фан, таълим ва амалиётнинг долзарб вазифалари” мавзуида маъруза қилар экан, аввало, бугунги кунда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига шарҳлар таёрланаётганига эътиборни қаратди. Бинобарин, Конституция нормаларини чуқур тушуниш ва тўғри қўллаш амалиёти, биринчи навбатда, юридик соҳа вакилларига катта масъулият юклайди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 сентябрда тасдиқлаган “Ўзбекистон–2030” стратегиясида келгуси етти йилда таълимни янада ривожлантириш юзасидан янги вазифаларни белгилаб берди. Бу ўринда, хусусан, олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш; ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50 фоизга етказиш; умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлаш; 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш; “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида “икки дипломли тизим”ни жорий этиш; 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “Топ-1000” олий таълим ташкилотлари рейтингига киритишга эришиш; олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятини 70 фоизга етказиш билан боғлиқ ислоҳотлар ҳақида сўз бормоқда.

ЮНЕСКО тавсиялари асосида Ўзбекистон ҳукумати кейинги йилларда олий таълим муассасалари сонини жадал ошириш чораларини кўрди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида сўзлаган нутқида кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизими тубдан ўзгараётгани, хусусан, ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етганлиги таъкидланди.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги 19 та олий ўқув юртида бакалавр босқичи бўйича ҳуқуқшунос мутахассислар тайёрланмоқда. Президентимизнинг сиёсий иродаси билан қабул қилинган 2020 йил 29 апрелдаги Фармон ва ўша йил 30 октябрдаги Қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилгани алоҳида аҳамият касб этди.

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганидан сўнг халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олди ҳамда уларга риоя этилишини халқаро инсон ҳуқуқлари нормалари ва механизмлари орқали тарғиб қилишга киришди. Ушбу ҳуқуқлардан бири – таълим олиш ҳуқуқи – инсоннинг барча ҳуқуқларидан фойдаланиш учун бошланғич нуқтадир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим нормалари кўплаб халқаро ҳужжатларга киритилган. Хусусан, 2011 йил декабрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тўғрисидаги декларацияси қабул қилинган бўлиб, жорий йилда мазкур Декларациянинг 10 йиллиги кенг нишонланади.

Ушбу Декларация қабул қилингунига қадар, яъни 2004 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури эълон қилинган. Бундан мақсад – барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бизнес секторида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурларини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат. Айни вақтда Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия томонидан бу борада изчил ишлар олиб борилмоқда.

Шу йил 11 сентябрь куни бошланган ва 6 октябргача давом этадиган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 54-сессиясида кўриб чиқиладиган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг маърузасида ўз таклифларини берган респондентлар орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази алоҳида таъкидланган. Маърузанинг 43-бандида қайд этилганидек, Миллий марказ Жаҳон таълим дастури бешинчи босқичи бўйича инсон ҳуқуқларининг қуйидаги мақсадли секторларига оид таклифларни тақдим этган:

  • болалар ва ёшларга оид – улар ўзгаришларнинг шижоатли давомчиларига айланишлари мумкин;
  • аёллар ва қизларга оид – уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш имкониятларини кенгайтириш лозим;
  • жамиятнинг заиф қатламлари, жумладан, қочоқлар, мигрантлар, ногиронлиги бўлган инсонларга оид – улар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимдан том маънода баҳраманд бўлишлари учун тегишли шароитларни яратиш керак;
  • фуқаролик жамияти ва жамоат ташкилотларига оид – уларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги салоҳиятини ошириш зарур;
  • корхона ва корпорацияларга оид – уларнинг ишчи-ходимлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга қаратилган ахлоқий ва ижтимоий масъулиятини изчил рағбатлантириб бориш тақозо этилади.

Шундай қилиб, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга оширишнинг янги босқичи доирасида:

биринчидан, инклюзив, тинч жамиятни яратишга имкон берадиган тенг ҳуқуқлилик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва камситмаслик руҳида ёшларни ўқитиш ва тарбиялаш;

иккинчидан, хотин-қизлар ва болаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибидаги “ҳеч кимни ёддан чиқармаслик” мақсадига мувофиқ аҳолининг заиф қатламлари билан ўзаро алоқалар ўрнатиш;

учинчидан, педагог кадрлар, шу жумладан, болалар ва ёшлар билан ишловчи тарбиячилар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этиш;

тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида тегишли тадқиқотлар ўтказиш, баҳолаш, илғор тажриба ва олинган сабоқлар билан ўртоқлашиш кўзда тутилган.

Халқаро илмий-амалий форум ўз ишини ялпи мажлис, давра суҳбати, очиқ мулоқот ва муҳокамалар, илмий-амалий ва илмий-методик семинарлар тарзида давом эттирмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг

матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech