ВАТАНИМИЗНИНГ ЁРУҒ ИСТИҚБОЛИ ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯГА БОҒЛИҚ

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

 

Бу йил бутун жаҳон жамоатчилиги қатори Ўзбекистон халқи ҳам Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини кенг нишонлайди. Декларациянинг 26-моддасига кўра, “Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга”.

Ушбу ҳужжатнинг давомида таъкидланганидек, таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозим. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушуниш, хайрихоҳлик ва дўстликка хизмат қилиши ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятига ёрдам бериши керак.

Мамлакатимизда  ёшларнинг  пухта  билим  олиши,  касб-ҳунар эгаллаши,  миллий  анъана  ва  қадриятларимизга  ҳурмат  руҳида  камол  топиши йўлида  эътибор  ва  ғамхўрлик  кўрсатиш  давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Буни юртимизда 2023 йилга – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилгани яққол тасдиқлаб турибди.

Жорий йилда давлатимиз ва жамиятимизнинг таълим соҳасига эътиборини тубдан янги босқичга юксалтиришга қаратилган иккита жуда муҳим ҳужжат қабул қилинди. Булардан бири – 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз овоз берган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўлса, иккинчиси – Президентимизнинг 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидир.

Аввало, янгиланган Конституциямизда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди. Хусусан, ижтимоий давлатга хос ёндашувлар таълим соҳасига оид кўплаб модда ва нормаларда ҳам ўз ифодасини топди.

Бу ҳақда сўз борганда, Асосий қонунимизда таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб икки баробар ошганини таъкидлаш лозим. Жумладан, фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи кафолатланди.

Маълумки, 2017 йилгача олий ўқув юртларида таҳсил олиш учун давлат грантлари сони фақат қисқариб келган. Кейинги етти йилда, аксинча, бу борадаги аҳвол тубдан ўзгарди ва грантлар сони 2 баравардан зиёд кўпайди.

Бош қомусимизда фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам белгиланди. Ногиронлиги бўлган болалар ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олишлари учун бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилди.

Конституциямизда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр- қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилди. Айни вақтда ушбу нормалар мамлакатимиз ўқитувчиларининг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи тақдим этилди. Конституциямизга ушбу норманинг киритилиши профессор- ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга қаратилгани билан жуда муҳим.

Ўз навбатида, мамлакатимизнинг янгиланган конституциявий-ҳуқуқий заминида миллий тараққиётнинг асосий йўналишларини такомиллаштириш, шиддатли ва кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш давр талабига айланди. Шу муносабат билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинди.

Ушбу дастуриламал ҳужжат таълим тизимида амалга оширилиши кўзда тутилган бир қанча муҳим вазифаларни ўзида қамраган. Бу ўринда, жумладан, 2030 йилгача:

  • боғчаларнинг 100 фоизини тоза ичимлик сув ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминлаш;
  • олис ва чекка ҳудудларда жойлашган 715 та мактаб ўқувчилари учун бепул автобуслар ташкил этиш;
  • янги авлод дарсликлари асосида планшетлар учун 1 мингта мультимедиа дастури яратиш;
  • таълим ташкилотларига ҳар йили “тил эгалари” бўлган 500 нафар хорижий мутахассисни жалб этиш;
  • мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг ўртача иш ҳақини 2 баробар ошириш;
  • нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сонини 1 мингтага етказиш ва уларда таҳсил олаётган ўқувчилар улушини 3 баробар ошириш;
  • 2024 йилдан бошлаб ҳар йили давлат-хусусий шериклик асосида камида 100 тадан умумий ўрта таълим муассасаси қурилиши бўйича шартномалар тузиш;
  • ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш;
  • 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “топ-1000” олийгоҳлари рейтингига киритишга эришиш;
  • қўшимча 120 минг ўринли ўқув бинолари ҳамда 150 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш;
  • фундаментал тадқиқотларни амалга ошириш учун 3 триллион сўм маблағ ажратиш каби амалий тадбирлар ҳақида сўз бормоқда.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари бунга қадар ҳам Янги Ўзбекистонни барпо этиш билан боғлиқ юксак марраларга эришиш учун Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган асосий вазифаларга тўхталиб, биринчи навбатда, мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотлар мавзусида сўз юритганди. Жумладан, “таълим соҳасида фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратишни изчил давом эттирамиз”, дейди Ўзбекистон Президенти.

Тараққиёт стратегиясининг 100 та асосий мақсадидан бир қанчаси айнан таълим соҳасини тараққий эттириш билан боғлиқ. Янада аниқ қилиб айтганда, ушбу ҳужжатнинг 38-39-40-мақсадларида мактабгача таълим тараққиётига оид муҳим вазифалар белгилаб берилган бўлса, 41-42-43-44 ва 45-мақсадлари мактаб таълимини ҳар томонлама ривожлантиришга ҳамда 46-47-48, 49 ва 50-мақсадлари олий таълим тизимдаги янгиланишларга тааллуқли.

Шу негизда мактабгача таълим муассасаларида мактаб ёшигача бўлган болаларнинг умумий саводини чиқариш, болаларда Ватанни севиш, у билан ғурурланиш ҳиссини уйғотиш, дунёқарашини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 21 фоиздан 70 фоизга етиши натижасида бугунги кунда 2 миллионга яқин бола боғчага бормоқда.

Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бирига айланди. Янада муҳими, жорий йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланди.

Ёшларимизнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Айни чоғда, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш қамрови кенгайтирилаяпти. Нега деганда, Янги Ўзбекистон — инсоннинг ривожланиши ва истеъдоди қадрланадиган мамлакат.

Олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари сони 2,5 баробар кўпайди ва 198 тага етди. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди. Асосийси, албатта, рақамлар изидан қувиш эмас, балки таълим сифатини оширишдир.

Ҳозирги даврда илм­фан, таълим, инновация, технология ва кадрлар замонавий демократик жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Мамлакатимиз тараққиётини замон талабларига мос равишда илм­фансиз тасаввур этиш қийин. Бинобарин, 2022 йилда илм-фан ва инновацияларга 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп маблағ йўналтирилди. Олимларнинг иш ҳақи ҳам 4,5 баробар оширилди. Жорий йилда илм-фан ва инновацияларга бундан-да кўп маблағ ажратилмоқда.

Энди қиёс учун мана бу рақамлар билан танишинг: Бугун дунёда 770 миллиондан ортиқ катта ёшли аҳоли ўқиш ва ёзишни ҳам билмайди. Ана шу саводсиз кишиларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Ер юзидаги жами давлатларнинг ҳар бештасидан биттасигина ўз аҳолисига 12 йиллик мажбурий бепул таълимни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлай олади.

Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямиз, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Тараққиёт стратегияси доирасида юртимиз ҳаётининг таълим-тарбия ҳамда илм-фан соҳаларида салмоқли ва кўламдор ишлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, жаҳоннинг етакчи давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам таълимни ривожлантириш, таълим сифатини ошириш масалаларига биринчи галдаги вазифа сифатида қаралаётганидан далолат беради.

Айни чоғда, масаланинг ғоятда муҳим бир жиҳати ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Яъни, давлат:

бир томондан, таълим соҳасини ривожлантириш учун зарур маблағларни ажратса;

иккинчи томондан, замонавий жиҳозланган янги таълим масканлари очилса;

учинчи томондан, таълим муассасалари илғор дарслик, қўлланма ва ўқув жиҳозлари билан таъминланса;

тўртинчи томондан, ўқитувчиларнинг малака ошириши ва ойлик маошлари кўпайтирилиши тизимли йўлга қўйилса – ушбу омилларнинг барчаси Янги Ўзбекистоннинг янгича таълим тизимига асос солиш учун етарлими? Йўқ, албатта.

Бу ўринда инсон омили – ўқитувчи ва мураббийларнинг том маънодаги фидойилиги ҳам талаб этилади. Айнан улар:

- мамлакатимизда таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш;

- соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш;

- ўқув-тарбия жараёнига миллий ва илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

- ўқувчи ва талабаларга илм-фан асослари ҳамда замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш;

- ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш;

- соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш;

- фарзандларимизни она Ватанга меҳр ва садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;

- Янги Ўзбекистонни бунёд этиш;

- Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ишларига муносиб ҳисса қўшишлари ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами арафасида, Президентимиз Фармонига мувофиқ, ана шундай юксак талабларга жавоб берадиган устозларнинг катта бир гуруҳи таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатгани учун фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Фурсатдан фойдаланиб, юксак мукофотлар соҳибларини, юртимиздаги барча ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан чин қалбдан табриклаймиз!

Шундай қилиб, бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам таълим-тарбия соҳаси ривожига биринчи галдаги вазифа сифатида қаралмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, “тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.

 

Ғулом МИРЗО,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

«Куч – адолатда» газетасининг 2023 йил 29 сентябрь кунги 42 (972)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech