Ижтимоий ҳаётда хотин-қизларнинг манфаати давлат ҳимоясида

2 октябрьХалқаро зўравонликдан воз кечиш куни

 

Ҳар йили 2 октябрь санаси дунёнинг кўплаб давлатларида зўравонликдан воз кечиш куни сифатида нишонланади. Зўравонликнинг олдини олиш – хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга, жамиятда хотин-қизларнинг зўравонликдан холи бўлиш ҳуқуқларидан хабардорлигини оширишга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизимидир.

Оилаларимиз чироғи ва чароғбони бўлган аёл зотига эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Мамлакатимиз тараққиёти янги босқичида эришилган натижаларнинг асосий омили инсон ва унинг манфаатлари билан бевосита боғлиқ Шу боис инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароити яратиш, адолатли ҳуқуқий давлат барпо этиш демократик ислоҳотларнинг бош мақсадига айланган.

Кейинги йилларда барча соҳада хотин-қизлар ва эркаклар тенглигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Буни 40 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, иккита муҳим қонун — “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар бу борада катта аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон аёлларни ҳар қандай камситиш ва таъқиблардан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя қилишни назарда тутувчи барча асосий халқаро шартномаларга қўшилган.

Инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган салмоқли қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, бунда хотин-қизлар ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аёллар ва эркаклар тенглигини таъминлашга қаратилган конституциявий тамойилни амалга ошириш учун институционал муҳит яратилди.

Ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Эркак ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланди.

Халқимиз хоҳиш-иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз бу йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда муҳим ҳуқуқий асосдир. Зеро, Конституция янги таҳририни ишлаб чиқишда халқимиз фикрига таянилди. Конституциявий қонун лойиҳасига таклифларнинг 40 фоиздан ортиғи аёллардан келиб тушди. Бу — янги нормаларда халқимиз дунёқараши, фикр ва тафаккури акс этганининг ёрқин ифодасидир.

Аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай ишлар рўйхати бекор қилинди. Ички ишлар тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор лавозими жорий этилди.

Нафақат юртимизда, балки бутун дунёда ҳақиқий ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам — болалар, аёллар, қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслардир. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам эътибордан четда қолмади. Ҳар бир қатламнинг ижтимоий муҳофазаси атрофлича қамраб олинди.

Асосий қонунда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли экани алоҳида белгилангани бежиз эмас. Бу йиллар давомида мустаҳкамланган номақбул қолипларни синдириш, хусусан, “аёл киши уйда ўтириши керак”, “аёлларга сиёсатга аралашишни ким қўйибди” каби қарашларни бартараф этишда муҳим қадам бўлди.

Гендер тенглик тамойилларини Конституцияда белгилаш давлатнинг аёлларга бўлган алоҳида эътиборини кўрсатиши билан бирга, хотин-қизларнинг давлат ишлари ва ижтимоий ҳаётдаги ролини ошириб, имкониятларини амалда намоён этишига кўмаклашади. Жамиятда гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ана шундай изчил ислоҳотлар самарасида хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки изчил ортмоқда.

 

Дилноза Раҳимова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech