29-30 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ бешинчи ялпи мажлисида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 7 та қонун муҳокама қилинди.
Сенаторлар, жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Ушбу Қонун мутасадди идоралар томонидан Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий анъаналарини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, қонун билан икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати маълумотида таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада конституциявий-ҳуқуқий, қонунчилик, институционал ва амалий кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, оилалар мустаҳкамлигини, уларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жамият фаровонлигини юксалтиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бироқ сўнгги пайтларда мамлакатимизда фақатгина диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳлар сони ва бунинг ортидан кўп хотинлик ҳолатлари ортиб бормоқда. Шунингдек, реклама, кўнгилочар ва таҳлилий материаллар орқали кўп хотинлик ва унинг “афзалликлари”ни тарғиб қилиш авж олмоқда. Бунинг оқибатида қонуний никоҳсиз туғилган болалар сони ҳам ошган.
Республика бўйича 2020 йилда 16 564 та ҳолатда туғилган чақалоқлар ёлғиз она аризаси асосида рўйхатдан ўтказилган бўлса, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 18 955 тани ташкил этган.
Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлисида қайд этилганидек, Конституциямизга асосан унда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлар фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкинлиги назарда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.10.2023
- Кўришлар: 3436
- Чоп этиш