УСТОЗЛАРГА ЭЪТИБОР – КЕЛАЖАК АВЛОДГА ҒАМХЎРЛИК АСОСИ

5 октябрь – Бутунжаҳон ўқитувчилар куни

 

Ўқитувчилар келажагимиз меъморлари ҳисобланиб, мамлакатимиз истиқболини – баркамол ва илғор келажак авлодни шакллантириш учун меҳнат қилишади. Устоз ва мураббийлар фидокорона хизматлари билан ёрқин ва адолатли дунёни барпо этишга ҳисса қўшади. Уларнинг сабоқлари, бераётган таълим ва тарбиялари юрт ривожи учун беқиёс аҳамиятга эга.

Муаллимларнинг шарафли меҳнати БМТ минбарида жуда кўп бор эътироф этилган. Жумладан, БМТнинг Таълим, фан ва маданият ташкилоти – ЮНЕСКОнинг 1966 йил 5 октябрда Парижда бўлиб ўтган 14-сессиясида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўқитувчиларнинг мақоми тўғрисидаги тавсиянома қабул қилинган. Унда ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, улар самарали фаолият олиб бориши учун яратилиши зарур бўлган энг муҳим шарт-шароитлар бўйича халқаро меъёрлар белгиланган.

Шунингдек, 5 октябрь санаси 1994 йилдан бери “Бутунжаҳон ўқитувчилар куни” сифатида нишонлаб келинади. Ҳар йили ушбу санада муайян шиор остида кўплаб тадбирлар ташкил этилади. 2023 йилда танланган бош мавзу – жаҳон миқёсида ўқитувчилар танқислигини бартараф этиш ҳамда глобал янгиланишлар асоси устоз ва мураббийлар эканини англаб етишдир.

Дарҳақиқат, инсон ҳаётининг яхши томонга ўзгариши устозларга чамбарчас боғлиқ ва улар ҳаётимизнинг кўп жабҳаларида муҳим ўрин эгаллайдилар. Ўқитувчиларнинг фидойиликлари, шогирдлари ҳақида қайғуришлари ва таълимга бўлган ёндашувлари юксак ҳурматга сазовор. Улар нафақат билим, балки тарбия ҳам беради. Устозлар бор экан, келажакка бефарқ бўлмаган, оқил ва масъулиятли авлод шаклланади.

Жорий йилда 75 йиллиги нишонланаётган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 26-моддасида таълим олиш ҳуқуқи инсоннинг асосий ҳуқуқи сифатида қайд этилган. Декларацияда белгиланган ушбу нормани амалга оширишда ўқитувчиларнинг фаровонлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Ҳар ким ижтимоий келиб чиқиши ёки яшаш шароитларидан қатъи назар сифатли таълим олиш ҳуқуқига эгадир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон таълим тизимида ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақлари оширилмоқда, чет тили, ахборот технологиялари, математика, кимё, биология бўйича миллий ва халқаро сертификати бор ўқитувчиларга устама, чекка ҳудудга бориб ишлаган муаллимларга алоҳида тўлов жорий этилди.

Мактаб ва таълим муассасалари масалалари юзасидан жорий йил август ойида бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари ушбу сўзларни таъкидлади: “Энг муҳими, мактабларимизда янгича руҳ, мазмун ва муҳит пайдо бўлди. Бунда, ҳеч шубҳасиз, болалар қалбининг меъмори, муҳандиси бўлган ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар учун эркин ишлаш имкониятини яратиб берганимиз муҳим аҳамиятга эга бўлди. Чунки ўқитувчига эътибор бу – аввало фарзандларимизга, уларнинг таълим-тарбиясига эътибор, дегани. Ўқитувчининг обрўси ошса, мактабнинг обрўси ошади, илмнинг, таълим-тарбиянинг қадри кўтарилади. Шу сабабли, муаллим ва ўқувчилар учун шароитларни яхшилаш, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратяпмиз”.

Барқарор келажак учун ўқитувчининг фаровонлиги ўта муҳим аҳамият касб этади. Келажак инновациялар ва ўзгаришларга мослашишни талаб қилади. Буни амалга ошириш учун эса муаллимларга керакли барча имкониятлар яратиб берилиши шарт. Иш ва ҳаёт мувозанатини йўлга қўйиш зарур.

Мослашувчан жадваллар, тез ўрганиш ва етказиш учун шароитлар, ҳар хил бюрократик ишларнинг камайиши ўқитувчиларга ўз оилалари билан вақт ўтказиш ва шахсий ҳаётига эътибор қаратиш имконини беради. Бу, албатта, сифатли таълимга қўйилган катта қадамдир. Сифатли таълим эса БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларидан бири ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш таълим тизимини сифат жиҳатидан янги юқори даражага кўтаришга бевосита боғлиқ. Бунинг учун жамиятда ўқитувчиларнинг қадрини, ўқитувчилик касбининг нуфузини янада юксалтириш талаб этилади. Зеро, устозларга эътибор – келажак авлодга эътибор демакдир.

 


Назира ЮНУСОВА,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”

журнали таҳририятининг мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech